Тожикистондаги Роғун ГЭСи учун халқаро молиявий кўмак ортиб бормоқда. Шу ойдаги ўзгаришлар совет давридаёқ кўзда тутилган дунёдаги энг баланд тўғонни барпо этиш режасини амалга оширишга яна бир қадамга яқинлаштирди.
Октябрь бошида Душанбе Роғун қурилиши учун Жаҳон банкининг 300 миллион долларлик гранти бўйича келишувни ратификация қилди. Кейинроқ Осиё тараққиёт банки ҳам қўшимча 500 миллион доллар ажратиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалди.
Италиядаги Бергамо университети география доценти Филиппо Менга Озодликка айтишича, янги маблағлар ҳақидаги хабарлар қурилиш охирига етказилишини ҳали кафолатламайди. Аммо йирик халқаро банкларнинг лойиҳага қўшилиши уларнинг обрўси ҳам Роғуннинг муваффақиятига боғлиқ бўлиб қолаётганини англатади. Шу боис, унинг сўзларига кўра, “энди лойиҳани молиявий ва сиёсий жиҳатдан тўхтатиш жуда қийин”.
Душанбедан 100 километр шарқда, Вахш дарёсининг тор дарасида қурилаётган Роғун тўғонининг баландлиги 335 метрга етиши режалаштирилган. Бу — Эйфель минорасидан ҳам баланд. ГЭС Тожикистоннинг электр ишлаб чиқариш қувватини икки баравар оширади. Натижада мамлакатда йиллардан бери давом этаётган қишки электр тақчиллиги барҳам топиши, ортиқча электр энергиясини эса экспорт қилиш имкони пайдо бўлиши мумкин.
Бироқ сув омбори тўлдирилганда, тўғондан юқоридаги бир нечта қишлоқ сув остида қолади. Шу сабабли 50 мингдан ортиқ аҳоли ўз уй-жойидан кўчишга мажбур бўлади.
Роғун яқинидаги қишлоқлардан бирида яшовчи Муқим Ҳасанов ҳам кўчирилишини кутаётган ўн минглаб одамлардан бири. Июнь ойида Озодликнинг тожик хизмати билан суҳбатда 75 ёшли деҳқон оиласига тўғондан узоқроқда ер ажратилганини айтган. Бироқ унинг сўзларига кўра, уйи учун бир неча йил аввал ваъда қилинган товон пулининг катта қисми инфляция туфайли қадрсизланган.
“Уй-жойимиз ва мол-мулкимизни баҳолашганида нархлар, жумладан, қурилиш материаллари нархи бутунлай бошқача эди”, деди у. “Ҳозир ҳамма нарса жуда қиммат. Масалан, ўшанда ёғоч панель 50 сомоний (тахминан 5,40 доллар) турган бўлса, ҳозир 150 сомоний (тахминан 16,30 доллар) бўлган”.
Душанбе чеккасидаги Роғуниён манзилига сув омбори ҳудудидан кўчирилган кўплаб оилалар жойлашган. Манзил номи ҳам уларнинг қаердан келганига ишора қилади. Бу ерда айрим аҳоли ваъда қилинган экин ери ҳалигача берилмаганидан шикоят қилмоқда.
Бошқалар эса янги жойдан “юз фоиз рози” эканини айтади. “Ҳеч қандай муаммо йўқ”, деди Таваккал Шамсуллоев. “Йўлларимизни таъмирлаб, электр ўтказиб беришди”.
Лойиҳага қаршиларнинг таъкидлашича, тўғон атиги 35 метр пастроқ қурилса, қарийб 32 минг кишини кўчиришга ҳожат қолмайди.
“Чегарасиз дарёлар” табиатни муҳофаза қилиш коалицияси мувофиқлаштирувчиси Евгений Симонов Озодликка айтишича, Душанбе учун дунёдаги энг баланд тўғонни қуриш мақоми “муқаддас пирамидага ўхшаш миллий ғурур лойиҳасининг муҳим белгиси”га айланган кўринади.
Душанбе эса тўғоннинг рекорд баландлиги пастроқ вариантларга қараганда “иқтисодий ва экологик жиҳатдан яхшироқ натижа” беришини билдирган. Жаҳон банки ҳисоботлари ҳам бу баҳони қўллаб-қувватлаган.
Роғун тўғони лойиҳаси совет даврида ишлаб чиқилган, қурилиш эса 1976 йилда бошланган. Бироқ СССР парчаланиб, Тожикистонда фуқаролар уруши бошлангач, ишлар тўхтаб қолган. Мустақилликка эришган Тожикистоннинг қурилишни қайта бошлаш уринишларига дастлаб дарёнинг қуйи оқимида жойлашган Ўзбекистон қарши чиққан.
Ўзбекистоннинг ўша пайтдаги президенти Ислом Каримов Роғун лойиҳасини “аҳмоқона” деб атаган. У тўғон хавфсизлиги юзасидан хавотир билдирган, шунингдек, Тожикистон Ўзбекистонга оқиб келадиган сувни назорат қилиш орқали сиёсий босим ўтказиши мумкинлигидан огоҳлантирган.
Каримов 2016 йилда вафот этгач, Ўзбекистоннинг тўғон қурилишига қаршилиги барҳам топди. Кейинги йили Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Тожикистонга очиқчасига “марҳамат, қураверинглар”, деди. Айни пайтда у сувдан фойдаланиш бўйича кафолатлар зарурлигини таъкидлади.
Қурилиш ўша йилнинг охирида қайта бошланди, аммо ҳудуднинг геологик шароити ўта мураккаб экани маълум бўлди. Тўғондан сал юқорида, дарё ўзани бўйлаб жойлашган, қалинлиги бир неча метр келадиган тош туз қатлами сув омбори тўлиб, босим ортган сари эриб кетиши мумкин эди. Бир қатор техник ҳисоботларга кўра, тўғоннинг сейсмик фаол ҳудудда жойлашгани сув омборининг ўзи ҳам зилзилаларни қўзғатиши хавфини туғдирган. Бундан ташқари, совет даврида қурилган иншоотларни замонавий хавфсизлик талабларига мослаш учун катта ҳажмда қайта қуриш зарурлиги аниқланган.
Лойиҳада иштирок этаётган Италиянинг йирик қурилиш компанияси Webuild қурилишнинг техник жиҳатларига изоҳ беришдан бош тортди. Бироқ 2014 йилги ҳисоботда совет даврида бажарилган ишлар “жиддий таъмирлаш ва тузатиш”ни талаб қилиши қайд этилган.
Роғун тош-тупроқ тўғони шаклида қурилмоқда: унинг ўртасида сув ўтказмайдиган гил ўзак бўлиб, икки томони тош уюмлари билан мустаҳкамланади. Бундай тўғон нисбатан эгилувчан бўлади. Унинг танланишига сабаблардан бири — дарз кетиши мумкин бўлган бетон қопламали тўғонларга қараганда зилзила силкинишларига яхшироқ бардош бериши.
ГЭСнинг иккита турбинаси ҳозирнинг ўзида ишлаяпти. Жами олтита бўлиши режалаштирилган гидроагрегатнинг учинчисини 2027 йилда ишга тушириш кўзда тутилган.
Марказий Осиёдаги сув сиёсати ҳақида китоб ёзган Менганинг айтишича, тўғонни яна қарийб 145 метр баландлатиш керак. Қурилишни якунлаш учун Тожикистоннинг минтақадаги қўшнилари ҳам лойиҳани сиёсий жиҳатдан қўллаб-қувватлашда давом этиши зарур. “Роғуннинг битказилиш эҳтимоли ҳар қачонгидан юқори, аммо буни деярли кафолатланган деб айтиш муболаға бўлади”, дейди у.
Ҳисоб-китобларга кўра, Роғун ГЭСи қурилишини якунлаш учун Тожикистон ҳукуматига яна қарийб 5,8 миллиард доллар керак. Бу маблағнинг асосий қисми давлат бюджетидан ажратилиши кўзда тутилган. Лойиҳани 2035 йилда якунлаш режалаштирилмоқда.
Муаллиф: Амос Чаппл