Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:33

“Чегара билмас шифокорлар”: Мьянмада камида 6700 нафар роҳинжа ўлдирилди


Бангладешга қочиб ўтаётган Роҳинжа мусулмонлари.
Бангладешга қочиб ўтаётган Роҳинжа мусулмонлари.

“Чегара билмас шифокорлар” ташкилоти ўз ходимлари воқеа жойига бориб сўров ўтказганини ҳамда Мьянма хавфсизлик қўшинларининг август ва сентябрь ойларидаги таъқиби оқибатида камида 6700 нафар роҳинжа мусулмони ўлдирилганини аниқлаганини маълум қилди.

Ташкилот пайшанба куни тарқатган баёнотига кўра, Бангладешдаги қочқинлар жамлоғида сўров ўтказилган. “Чегара билмас шифокорлар” ҳисоб-китобига кўра, 25 августдан 24 сентябрга қадар Мьянманинг Ракҳин штатида камида 9 минг киши турли сабаблар билан ҳалок бўлди. 70 фоиз ҳолатда одамлар зўровонлик оқибатида дунёдан кўз юмди.

Ташкилот маълумотида 730 нафар 5 ёшдан кичик бола нобуд бўлгани айтилади.

630 мингдан зиёд одам буддавийлик динига эътиқод қилувчилар кўпчиликни ташкил қилувчи Мьянмадан Бангладешга қочиб ўтди. Буни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти “этник тозалаш” деб атади.

– Энг кўп ўлим ҳолати Мьянма хавфсизлик қўшинлари “тозалаш амалиёти”ни бошлаган пайт – август ойининг сўнгги ҳафтасига тўғри келяпти, – дейди “Чегара билмас шифокорлар”нинг тиббиёт масалалари бўйича директори Сидней Вонг ўз баёнотида.

Ташкилотга кўра, 5 ёшгача бўлган болаларнинг 59 фоизи ўша даврда отиб ўлдирилган, 15 фоизи яшаб турган уйларида тириклай ёқиб юборилган, 7 фоизи калтаклаб ўлдирилган, 2 фоизи эса ерга кўмилган миналар портлаши оқибатида ҳалок бўлган.

Мьянма ахборот вазирлиги тарқатган маълумотда айтилишича, 400 киши жангари роҳинжалар гуруҳининг полиция маҳкамаларига ҳужуми вақтида ҳалок бўлди. Уларнинг кўпчилиги “экстремист террорчи”лар бўлган ва “тозалаш амалиёт” вақтида ўлдирилган.

Халқаро ёрдам ва ҳуқуқ ташкилотлари ҳарбий хизматчиларни роҳинжа мусулмонлари яшайдиган қишлоқларга ўт қўйганлик, одам ўлдирганлик ва номусга тажовуз қилганликда айбламоқда. Мьянма ҳокимият идоралари роҳинжа жангариларини бузғунчилик қилгани учун қораламоқда.

Мьянмада 1 миллиондан зиёд роҳинжа мусулмонларининг қанчадан-қанча авлоди яшаб келади. Улар ватандошликдан, барча ҳуқуқлардан маҳрум қилинган давлатсиз кишилар ҳисобланади.

Мьянма ҳарбийлари роҳинжа мусулмонларига қарши Ракҳин вилоятида амалиётлар ўтказгандан сўнг мамлакат ҳукумати аксарият журналистлар, халқаро кузатувчилар ва гуманитар ёрдам кўрсатувчи ташкилотлар вакилларининг ўша жойга мустақил бориб келишини тақиқлаб қўйди.

“Чегара билмас шифокорлар” вакили ўлганлар сони тўлиқ аниқланмаган бўлиши мумкинлигини айтмоқда.

“Чунки биз Бангладешдаги барча қочқинлар жамлоғида сўров ўтказа олмадик, яна Мьянмадан ташқарига чиқмаган оилалар ҳисобга олинмади”, деди у.

XS
SM
MD
LG