Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:21

Демографик чуқур: "Россия аҳолиси аллақачон кўпаймай қўйган" - эксперт


Россияда янги қурилган турар-жой биноларида сотилмаган квартиралар улуши 66 фоизга етди. Бунақаси ҳеч қачон бўлмаган. РБК маълумотига кўра, бу Россия замонавий уй-жой бозори тарихидаги энг юқори кўрсаткичдир. Хўш, россияликлар 2022 йилда нега квартира сотиб олмай қўйишди? Сабаблар кўп. Биринчиси ва энг муҳими – демография.

“Бугунги кунда демографик вазият ўта оғир. Афсуски, шундай. Буни тан олишимиз, ёдимизда тутишимиз ва мазкур вазиятдан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилишимиз лозим. Россия халқини асраш – бизнинг энг юксак миллий устивор вазифамиздир” – бу сўзларни Путин 2021 йил апрелда айтган. Орадан тўққиз ой ўтиб у Украинада уруш бошлаб юборди. Минглаб россияликлар фронтда ўлди, юз минглаб одам босқин бошланганидан сўнг ва сафарбарликдан қочиб мамлакатни тарк этди. Бироқ урушнинг демографик оқибатлари ҳали олдинда. Биз ҳозир ўтган йиллар таъсирини кузатяпмиз.

“2022 йил биз учун бу маънода анчагина қайғули келди. 1 млн 300 минг бола, яъни ҳар бир аёлга 1,44 та. Оналик капитали жорий этилган 2007 йилдан бери бунақа паст кўрсаткич қайд қилинмаганди. Аммо вазият ҳали бундан бадтар бўлиши мумкин. Россия Қримни аннексия қилган 2014 йилда туғилиш юқори бўлганди, салкам 2 млн нафар чақалоқ дунёга келганди. Орадан саккиз йил ўтиб, 1 млн 300 мингга тушиб кетяпти. Гайдар институти демографи Игорь Ефремов келаси йили, 1990-йиллардаги каби “туғилиш туби” қайд этилишини, 2024 йилда эса Иккинчи жаҳон урушидан бери мутлақ минимум бўлишини башорат қилмоқда”, дея изоҳ беради демограф Алексей Ракша.

Энг муҳим омил – демографик жарлик. Бу 1990-йиллардан қолган мерос. Мамлакатда бола туғадиган ёшдаги аёллар тобора камаймоқда, замонавий оилалар эса фарзанд кўришни борган сари кечиктиришяпти. Юқоридаги рақамлардан аёнки, Россия аҳолиси аллақачон кўпаймай қўйган. 1996 йилда мамлакат нуфуси 148 миллион эди. 2007 йилгача нуқул камайди. Сўнгра давлат оналик капиталини жорий этгач, аҳоли сони секин-аста ўса бошлади. Бироқ кейин ковид пандемияси бошланди, унинг ортидан – уруш.

Демограф Алексей Ракша “психологик шок” ҳолатини, март ойида инфляция 10 фоизга етиши билан боғлиқ иқтисодий шокни тилга олади. “Бу дегани, декабрь ойида иккинчи ва учинчи болалар туғилиши камайганини кўрамиз”, дейди эксперт.

OzodNazar: Россиядаги оз сонли миллатлар: Путин бизни геноцид қилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:40:23 0:00

У кўплаб ёш эркаклар Россияни тарк этганини ҳам ҳисобга олади. Сафарбарлик эълон қилиниши аҳолининг безовталигини ошириб юборди, дейди. Мутахассисга кўра, бу фарзанд кўриш учун жуда ноқулай шарт-шароит яратади. Барча омиллар биргаликда катта “минус” яратади. Йил якунларига кўра туғилиш 10 фоиздан ортиқ камайиши мумкин.

Демография муаммолари бартараф бўлиши учун россиялик ҳар бир оила уч-тўрттадан фарзанд кўриши керак. Россия ССВнинг аёллар репродуктив саломатлиги бўйича бош мутахассиси Наталья Долгушина шундай деган эди. Бироқ демографлар бунақа ўсиш бўлиши учун шарт-шароит йўқлигини айтишмоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG