Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 17:32

Россия гуманитар йўлак очишга, АҚШ эса Украинага ёрдамни кўпайтиришга ваъда берди


24 апрель куни Киевда Украина президенти Владимир Зеленский АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашди.

АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен ва АҚШ мудофаа вазири Ллойд Остин Киевга қилган биринчи ташрифида Украинага 700 миллион доллардан ортиқ тўғридан-тўғри ва билвосита ҳарбий ёрдам кўрсатилишини эълон қилди.

Пулнинг ярмига яқини Украинага, қолгани эса НАТО аъзолари ва бошқа минтақавий иттифоқчилар ўртасида тақсимланади.

24 апрель куни оқшомда Украина пойтахтига етиб келганидан сўнг дарҳол Украина президенти Владимир Зеленский билан учрашган америкалик расмийлар Вашингтон Киевга 165 миллион долларлик ўқ-дорилар сотишини ҳам маълум қилди.

Расмийлар Украина ҳудудини тарк этганидан кейингина тасдиқланган сафардан сўнг, Блинкен Россиянинг уруш мақсадлари муваффақиятсизликка учраганини ва "Украина муваффақият қозонаётганини" айтди.

Президент Жо Байден мандати бошланган ўтган йилдан буён Қўшма Штатлар Украинага қарийб 4 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам юборди. Ўтган ҳафтада яна 800 миллион долларлик янги ёрдам пакетини эълон қилди.

Блинкен Полша-Украина чегараси яқинида журналистлар билан суҳбатда, Польшадан Украинага поездда саёҳат қилганини айтди.

Блинкен Киевга ташриф “Украина ҳукуматини доимий қўллаб-қувватлашимизни” тўғридан-тўғри намойиш этиш имкониятидир, дея таъкидлади.

Ллойд Остин ҳам ўз навбатида, Қўшма Штатлар агар Украина Россия билан урушда “муносиб қуролларга” эга бўлса, ғалаба қозониши мумкинлигига ишонишини айтди.

"Ғалаба қозониш учун биринчи қадам – ғалаба қозонишингизга ишонишдир. Улар бизнинг ғалаба қозонишимизга ишонишади", деди Остин журналистларга.

“Биз ғалаба қозонишимиз мумкинлигига ишонамиз, Украина муносиб қурол-аслаҳага, муносиб дастаклашга эга бўлса, ғалаба қозониши мумкин”, деди у.

25 апрель куни Оқ уй Байден АҚШнинг Словакиядаги элчиси Бриджит Бринк номзодини Киевдаги янги элчи сифатида илгари сураётганини айтди.

Россия Мудофаа вазирлиги 25 апрель куни Азовстал пўлат заводидан тинч аҳолининг эвакуация қилиниши учун гуманитар йўлак очишини маълум қилди.

Россия қўшинлари “2022 йил 25 апрель куни Москва вақти билан соат 14:00 дан бошлаб бир томонлама тартибда ҳар қандай ҳарбий ҳаракатларни тўхтатади, бўлинмаларни хавфсиз масофага олиб чиқади ва тинч аҳоли олиб чиқиб кетилишини таъминлайди”, дейилади вазирлик баёнотида.

Аммо Украина расмийларининг айтишича, Россия кучлари Азовстал ҳудудидаги Украина позицияларига ракета ва бомба зарбалари берган.

Украина расмийларининг айтишича, у ерда 1000 га яқин тинч аҳоли ертўладан бошпана топган. Эвакуация ташкил қилиш бўйича аввалги уринишлар бир неча бор муваффақиятсизликка учраган.

Украина темир йўл хизмати раҳбари 25 апрель куни мамлакатнинг марказий ва ғарбий қисмларидаги бешта бекат ракета зарбаларига учраганини хабар қилди.

"Россия қўшинлари темир йўл инфратузилмасини тизимли равишда йўқ қилишда давом этмоқда. Бугун эрталаб, бир соат ичида Украинанинг марказий ва ғарбий қисмидаги бешта темир йўл вокзаллари ўққа тутилди”, деди темир йўл раҳбари Александр Камишин.

Россия 25 апрель куни Украинанинг марказий Винница вилоятидаги иккита шаҳарчага ракета учирди, бунинг оқибатида ҳалок бўлганлар ва жароҳатланганлар сони номаълум дея хабар берди вилоят губернатори Сергей Борзов.

Украина шимолида, Россия чегарасида 25 апрель куни эрта тонгда нефть иншоотида ёнғин чиққан, бироқ нефть омборларидаги ёнғин сабаблари ҳақида ҳозирча маълумот берилмади.

“Россия Федерацияси қуролли кучлари Украинада махсус ҳарбий операцияни давом эттирмоқда”, дейилади Россия мудофаа вазирлиги хабарида.

“Юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи қуроллар Кременчук шаҳри шимолидаги нефтни қайта ишлаш заводида ёқилғи ишлаб чиқариш қувватларини, шунингдек, Украина ҳарбий техникалари учун нефть маҳсулотлари сақлаш омборларини йўқ қилди”, дейилади вазирлик хабарида.

Бироқ, Россия баёнотини мустақил равишда тасдиқлаш имконсиз. Украинанинг Полтава вилояти губернатори Кременчук нефтни қайта ишлаш заводи шу ой бошида вайрон қилинганини айтган эди.

24 апрель куни Донецкда беш нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлди, яна беш нафари яраланди, деди қамалдаги шарқий вилоят губернатори Павло Кириленко. Расмийлар Харков шимоли-шарқида ҳам ўлганлар ҳақида хабар берди.

Кремл Россия кучлари қаттиқ қаршиликка учрагач, урушнинг биринчи босқичи якунланганини ва энди ҳарбий кампания шарқдаги Донбассни эгаллашга қаратилганини айтиб, ортга чекинди.

Британия Мудофаа вазирлиги 25 апрель кунги навбатдаги баёнотида, стратегия ўзгаргандан кейин Москва фақат “кичик ютуқларга” эришганини айтди.

“Моддий-техник ва жанговар ёрдамнинг етарли даражада эмаслиги сабабли Россия айтарли муваффақиятга эриша олмади”, дейилади баёнотда.

БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш 25 апрель куни Туркияга, кейин эса Москва ва Киевга бориши режалаштирилган.

Зеленский Гутерришнинг Украинадан олдин Россияга ташриф буюриши хато эканлигини айтди.

XS
SM
MD
LG