Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2018, Тошкент вақти: 00:41

Путин командаси Россияни Интернетдан узишга тайëрланмоқда


Интернетни ривожлантириш масалалари бўйича Владимир Путин маслаҳатчиси Герман Клименко президент билан.

Россия жаҳон Интернет тармоғидан узилишга техник жиҳатдан тайёр. Бу ҳақда баёнот берган Россия президентининг Интернетни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Герман Клименкога кўра, Владимир Путин буйруғи асосида мамлакат амалдорлари учун аллақачон маҳаллий Интернет тармоғи ишга туширилган.

Россия президентининг Интернетни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчиси Герман Клименко Россия киберҳужумлардан сақланиш учун кескин чоралар қўллаши мумкинлигини билдирди.

Бу баëнот Россия ҳукуматининг ташвиқоти марказларидан бири бўлган НТВ телеканалидаги “Поздняков” дастурида қилинди.

Клименко¸ жаҳон Интернет тармоғидан узилиш Россия иқтисодиёти учун оғир кечса-да, мамлакатда техник жиҳатдан бунга тайёргарлик кўриб бўлинган, деди жумладан:

- Агарда эртага бизни касбдошларимиз тармоқдан узиб қўйишса, билмадим, биз учун бу катта қийнчилик туғдирса керак. Ишонаманки, оғир кечади. Қаердадир¸ кимнингдир¸ нимасидир ўчиб кетиши аниқ. Чунки, кимдир маълумотларни хорижда сақлаган бўлиб чиқади, ваҳоланки бу маълумотларни ўзимизда сақлаш ҳақида қарор бор, деди Россиянинг Интернет бўйича бош маъмури.

Президент маслаҳатчиси Владимир Путин махсус буйруғи асосида россиялик мансабдорлар учун Интернетнинг Россия сегменти ишлаб чиқилгани ва аллақачон ишга туширилганини билдирди.

Герман Клименко фикрича, Ғарб давлатлари “Россияга Қрим изоляцияси каби ахборот уруши эълон қилса”, бу каби ҳаракатлар Россиянинг “яхши ва нормал яшашига” халақит бермайди:

- Интернетни бошқариш - бутун дунё танлаган йўл ва Россия шулар қаторида. Шу билан бирга, Шимолий Корея ёки Кубада бўлгани каби экстремал вариантларни қўлламаймиз, дея таъкидлади Клименко.

Клименкодан фарқли¸ Россиядаги интернет мутахассислари Рунетнинг халқаро тизимдан узилиши Россия ичкарисидаги давлат ва хусусий тизимларнинг бошқа давлатлар билан алоқа қилишида жиддий қийинчилик туғдиради¸ деган фикрда.

Мутахассислар таъкидича¸ бундай муаммолар¸ биринчи навбатда¸ банк тизимида юзага келади.

Ҳозирга қадар жаҳонда иккита давлат жаҳон интернет тармоғидан узилган ва булар Шимолий Корея ва Суриядир.

Рунет инфратузилмаси устидан давлат назорати ўрнатилишига имкон берувчи “Алоқа тўғрисида”ги Қонунга ўзгартишлар киритиш президент Путин буйруғи асосида амалга оширилди.

Ўтган йил октябрида Россия Молия вазирлиги мазкур қонун лойиҳасига салбий баҳо бериб, унинг иқтисодий зарари етарли даражада ўрганилмагани ва унга давлат бюджетидан қанча маблағ сарфланиши аниқ эмаслиги билдирган эди.

Россияда ишлаб чиқилаётган “Рақамли иқтисодиёт” дастури лойиҳасида 2024 йилгача интернет трафигининг 95 фоизини маҳаллий тармоқ орқали ўтишини таъминлаш назарда тутилмоқда.

Шу тариқа Кремль давлат идораларидаги хориж тармоқ мосламалари ҳажмини 50 фоизга, дастурий таъминотни эса 10 фоизга камайтиришни режалаштирган.

Бундан ташқари, 2018 йилда Россияда “Рунет устуворлиги ва хавфсизлигини таъминловчи” махсус тизимнинг ишга туширилиши режалаштирилган.

Мутахассислар¸ Россия ҳукумати Интернет тармоғини тўлиқ ўз назоратига олишга қаратилган чора-тадбирларни жорий қилишни давом эттираётганидан хавотир билдирмоқда.

“Агора” халқаро ташкилотининг билдиришича, 2017 йилда Россияда Интернет эркинлигини чеклашга қаратилган 100 мингдан ортиқ ҳаракат қайд этилган; ўрта ҳисобда ҳар куни Рунетда 244 саҳифага тўсиқ қўйилган.

Айни пайтда, Интернетнинг телевидение ва бошқа ахборот воситаларидан фарқли¸ россияликлар учун аҳамияти ошиб бораётгани кузатилмоқда.

The Boston Consulting Group (BCG) халқаро консалтинг компанияси ўтказган сўров натижасига кўра¸россияликларнинг 65 фоизи Интернетнинг йўқолиши ўзлари учун “фалокат” бўлишига ишонади.

BCGга кўра¸ 5 йил олдин бундай ишончдаги россияликлар сўралганларнинг 40 фоизини ташкил этган.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG