Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:38

Рус миллатчилари Москвада Каримовга ҳайкал ўрнатилишига қарши имзо тўпламоқда (ВИДЕО)


Ислом Каримов ҳайкали танловига қўйилган ишлардан бири.
Ислом Каримов ҳайкали танловига қўйилган ишлардан бири.

Москвада Ислом Каримовга бағишлаб ҳайкал ўрнатилишига қарши петицияга имзо йиғиш бошланди. Тадбир ташаббусчиси, ЛДПР партияси намояндаси Георгий Городецкий Озодлик мухбири билан суҳбатда Россия пойтахтида “русофоб ва диктатор” Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатилмаслиги, “маданиятсиз ва ўқиш-ёзишни билмайдиган ўзбеклар”га нисбатан эса, виза режимини жорий қилиш кераклигини гапирди.

Москва русофиллари И.Каримов ёдгорлиги ўрнатилишига қарши

Турли номалар, петиция ва ташаббуслар онлайн-платформаси ҳисобланган Change.org сайтида “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга Москвада ёдгорлик ўрнатилишига қарши” сарлавҳаси остида петиция пайдо бўлди.

Биз, қуйида имзо чеккан Россия Федерацияси гражданлари, Москва мэри Сергей Собяниннинг рус пойтахтида Москва шаҳар бюджети ҳисобига Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатилишига кескин норозилик билдирамиз. ... Эслатиб ўтмоқчимизки, Ислом Каримов Ўрта Осиёдаги русофобия, қонунсизлик ва ҳокимият узурпацияси рамзи (1990 йилнинг 24 мартидан 2016 йилнинг 2 сентябригача бошқарган) бўлиб қолган”, дейилади бу петицияда.

Москвада Каримов ҳайкалига қарши имзо тўпланмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:32 0:00

Мазкур чақириқ матнида Каримовнинг асосий камчиликлари сифатида унинг "русларга қарши сиёсат олиб боргани", лотин графикасини киритгани, десоветизация ва Улуғ Ватан урушига бағишлаб қурилган мемориалларни вайрон қилишдан иборат экани таъкидланган.

29 октябрь куни сайтга қўйилган бу петицияга 7 ноябрга келиб қарийб 6 минг киши имзолади.

"Каримов Москва учун ҳеч нарса қилгани йўқ!"

Ўзини “ЛДПР партиясининг сўл-марказчи сиёсатчиси, Ўрта Осиё давлатлари билан виза жорий этилиши тарафдори” дея таништирган петиция ташаббусчиси Георгий Городецкий Озодлик мухбирига имзоланган ҳужжат шахсан Россия президенти Владимир Путин номига юборилишини айтади.

- Каримов Москва учун ҳеч нарса қилгани йўқ! Собяниннинг рус халқини хуш кўрмаслиги эса, анчадан буён маълум. Аммо, ўрта осиёлик золим ва русофобга сайлов олдидан ёдгорлик қўйишдан нима маъно?! Каримов шахсига келсак, у ҳокимиятни узоқ вақт қўлида тутиб келган оддий ярамас одам. У ҳокимиятни ўзига қарашли клан вакилларига топшириб, русларни ҳукуматдан, маданият, саноат ва савдодан сиқиб чиқарган. Бундай сиёсат Ўзбекистонда иқтисодни ва ижтимоий-маданий ҳаётни таназзулга учратди. Натижада, чорасиз қолган халқ республикадан қочган. Ҳозирга келиб Ўзбекистон гражданлари ертўлаларда яшашга, ҳар нарса билан озиқланишга тайёр, мақсадлари - қарийб Каримов 30 йил яккаҳукмронлик қилиб келган давлатга қайтмаслик¸ дейди Георгий Городецкий.​

Георгий Городецкий - И.Каримов ҳайкали ўрнатилишига қарши
Георгий Городецкий - И.Каримов ҳайкали ўрнатилишига қарши

Мигрантлар - рус миллатчиларининг асосий нишони

Ўзини ЛДПРнинг миллатчи сўллар қаноти вакили деб атаётган Григорий Городецкий келтираётган иддаолар охирги йилларда Россиядаги барча миллатчи ва тақирбошлар митинг-юришларида янграб келади.

“Рус миллатига мансубларнинг Ўзбекистонда таъқибга учраётгани”, “ўзбеклар ёппасига маданиятсиз, саводсиз ва қолоқ экани”, “Россияда жиноятларнинг фалон фоизини мигрантлар содир этаётир”, “рус тилида сўзлаша олмайдиганларнинг Россияни эгаллаб олаётгани”, “муҳожирлар маҳаллийларни иш ўринларисиз қолдираётгани” ва бошқа шу каби айбловлар Владимир Жириновский партиясининг асосий “шиорларидан” экани ҳеч ким учун сир эмас.

Мутахассислар эса Россия Ички ишлар вазирлиги расмийси Михаил Трубниковнинг “Москвада зўрлаш ҳоллари бўйича содир этилган жиноятларнинг 75 фоизи келгиндилар томонидан амалга оширилади” деган гапларини жиддий шубҳа остига олиб келади. Атиги 3 йил олдин биргина Москва Ички ишлар бошқармаси 2014 йилда Россия пойтахтида қарийб 183 минг жиноят содир этилгани қайдга олингани, жумладан атиги 4,6 фоизига хорижликлар алоқадор эканини очиқлаган эди.

Полиция ҳисоботидан 2014 йилдаги Россиядаги барча жиноятларнинг 2 фоизигина муҳожирлар томонидан содир этилгани кўриш мумкин.

Москва Ички ишлар вазирлиги бошқа расмийси - полковник Олеся Алёшина хорижликлар томонидан содир этилаётган жиноятлар йилдан-йилга камайиб бораётганини хабар қилган эди. Бу расмий келтирган статистик рақамларга кўра¸ Москвада ўтган 2016 йилнинг 9 ойида содир этилган 130 минг жиноятдан 6434 таси чет элликлар томонидан, хусусан 1234 таси ўзбекистонликлар томонидан содир этилган.

Ислом Каримов ҳайкали Москванинг Якиманка туманига ўрнатилади

Бундан роппа-роса бир йил олдин, 2016 йилнинг 1 ноябрида, Москва ҳокими Сергей Собянин пойтахтнинг Якиманка туманида жойлашган Ўзбекистон Меҳмонлар уйи яқинидаги хиëбонга Ислом Каримов номини бериш тўғрисида махсус қарор қабул қилган эди.

Тошкентда ўрнатилган И.Каримов ҳайкали
Тошкентда ўрнатилган И.Каримов ҳайкали

Номсиз ётган ва маҳаллий бомжлар тўпланадиган жой бўлган бу майдончага марҳум Ўзбекистон президенти номини бериш ташаббуси билан “Россия ва Ўзбекистон фан, сиёсат ва санъати бир гуруҳ намояндалари” мурожаат қилгани айтилган эди.

Оммавий ахборот воситаларига сиздирилган маълумотга биноан, лойиҳани ҳам Ўзбекистон, ҳам Россия томонлари молиялаштиради: ҳайкал ясаш ва келтиришга кетган харажатлар Ўзбекистон ҳукумати ва “Ислом Каримов жамғармаси” ҳисобига, уни ўрнатиш ва майдончани ободонлаштириш ишлари - Москванинг Марказий маъмурий округ префектураси зиммасига юклатилди.

Сергей Собянин қарорига биноан, Ислом Каримов ёдгорлиги Россия пойтахтида 2019 йилнинг 31 декабригача ўрнатилиши лозим.

2017 йилнинг 7 март куни Туркманистоннинг Туркманобод шаҳрида Ислом Каримовнинг хориждаги илк бюсти очилган эди.

XS
SM
MD
LG