Линклар

16 декабр 2017, Тошкент вақти: 08:22

Калашниковга ўрнатилган ҳайкал пойидан Гитлер армияси қуроли топилди (ВИДЕО)


Калашников ҳайкали 19 сентябр куни ўрнатилган эди

Москва марказида машҳур рус қуролсози Михаил Калашников хотирасига ўрнатилиб, бир неча кун олдин тантанали очилган ёдгорлик мажмуаси таркибига кирувчи бронза тахта олиб ташланадиган бўлди. Бронза лавҳнинг “АК-47” автоматига бағишланган қисмида маҳаллий блогер-тарихчилар гитлерчиларнинг StG-44 ҳужум винтовкаси чизмаси тасвирланганини аниқлади. Монумент муаллифи, ҳайкалтарош Салават Шчербаков немис қуроли чизмаси Интернетдан кўчириб олинганини тан олди.

АК-47 - бу StG-44 ми ?!

Таниқли ўқотар қурол ихтирочиси Михаил Калашников хотирасига 2017 йилнинг 19 сентябрида Москванинг қоқ марказида ўрнатилган бронза монументнинг бир қисми олиб ташланиши тўғрисида журналистларга хабар қилган ҳайкал буюртмачиси - Россия ҳарбий-тарихий жамияти ижрочи директори Владислав Кононов Михаил Калашников ҳайкали ортида ўрнатилган барельефда тасвирланган чизма ҳақиқатан Учинчи рейхнинг StG-44 ҳужум винтовкасига тегишли эканини тасдиқлади. У Калашников ҳайкали қўлига автомат тутказиш уларнинг ғояси экани, қолгани эса “ҳайкалтарош ва унинг ёрдамчилари ижодий фантазияси” эканини урғулади.

Монументдаги ноаниқликка эса Rolling Wheels журнали муҳаррири, ҳарбий техника тарихчиси Юрий Пашолок эътибор қаратди.

“Фақат бу тасодиф, деб ўтирманглар. Бунинг учун одамлар олдига чиқариб, қаттиқ савалаш керак”, деб ёзди Юрий Пашолок.

Sturmgewehr-44 деб ном олган қурол 1944 йилда афсонавий немис конструктори Ҳуго Шмайссер томонидан яратилган ва ўша йилиёқ Вермахт солдатларига тарқатилган. Ҳуго Шмайссернинг ўзи урушдан кейин ҳарбий асир сифатида СССРга олиб чиқилган ва “Ижмаш” заводида қурол-яроқ конструкторлиги лабораториясини бошқарган. Урушдан кейинги йилларда яратилган АК-47 автомати Sturmgewehr 44нинг ўзгинаси эканига анча йиллардан буён эътибор қаратиб келинади.

Шу боис, айрим мутахассислар дарҳақиқат ажойиб “Калашников” автоматидан бошқа бирорта жиддий ихтиро қила олмаган Михаил Тимофеевич Калашниковни плагиатда айблаб келади.

Бу ғоя рус қуролсозлари пойтахти бўлган Ижевск шаҳрига урушдан кейинги йилларда StG-44 яримавтоматик винтовканинг 50 дан зиёд намунаси келтирилгани тарихий ҳужжатларда ўз аксини топгани билан тасдиқланади. Шунга қарамасдан, россиялик қуролсозлар “АК-47” ва StG 44 ўртасида техник жиҳатдан жиддий тафовутлар борлигини таъкидлаб келмоқда.

Эслатиш жойизки, Салават Шчербаков бундай хатоликка биринчи маротаба йўл қўяётгани йўқ: 2014 йилда у совет солдатларига ўрнатилган яна бир ҳайкалда немисларнинг “Маузер” карабинини тасвирлаган эди. Ўшанда ҳайкалтарош ёрдамчилари билан милтиқни арралаб ташлаган.

Владимир Путин даврида деярли “сарой ҳайкалтароши”га айланган Салават Шчербаков Москванинг тарихий Боровицкий майдонига ўрнатилган князь Буюк Владимир ҳайкали муаллифи ҳамдир.

Россия жамоатчилиги Россия пойтахтининг тарихий жойларида охирги пайтларда кўплаб ҳайкалларнинг ўрнатилаётганига қарши чиқиб келмоқда.

Калашниковга ҳам ҳайкал ўрнатиш фикри кўплаб рус зиёлилари қаршилигига учраган эди. Масалан, мусиқачи Андрей Макаревич Калашников композициясини “нўноқ ва бадбашара” деб атади.

Плакатбозлик қурбонлари...

Бундай хато ва ноаниқликлар Иккинчи Жаҳон урушидаги ғалабасини кенг нишонлаш урф бўлган Россия учун биринчиси эмас.

Бундан икки йил олдин Ивантеевка шаҳри ҳукумати “Люфтваффе” учувчилари тасвирланган “Улар Ватан учун курашишган!” баннерини осиб қўйганди:

Благовешченскда 2016 йилги Ғалаба Кунига осилган плакатда пилотка кийиб олган чақалоқ орқасида фашистлар Германияси солдатлари тасвирланган эди: плакатда “Мен ҳам катта бобом каби қахрамон бўламан!”, деб ёзилган;

Худди шу шаҳарда 23 февраль кунига чиқарилган баннерда тасвирланган байроқ нафақат тескари чизилган, балки ундаги самолёт ва танклар – яна ўша фашистлар Германиясиники эканини кўриш мумкин:

2013 йилда Златоуст шаҳрида “Армата Аутдор” компанияси Ғалаба кунига бағишлаб ўрнатган баннерда америкалик солдатларнинг 1945 йилда японларнинг Иводзима оролига ўз байроғини тикаётгани тасвири келтирилди:

Усталар шаҳри саналган Златоустда жойлаштирилган мана бу билбордда эса Гуам ороли палмалари ва тропик ўрмони фонида суратга тушган америкалик жангчи тавсирланган. Плакатда “9 май Ғалаба Куни билан табриклаймиз!”, деб ёзилган:

Мана бу баннерда эса икки уруш фахрийси ортида граната отаётган яна бир немис фашисти тасвирланган:

“Билимдонлар” Калининградда осиб қўйган мана бу табрик билбордидаги “Тан сиҳатлик, тинчлик ва бахт тилайман!” ёзуви остида эса немисларнинг Panzer VI "Тигр" фотосурати жойлаштирилган:

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG