Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 16:50

Россияда Ходорковскийга алоқадор ташкилотлар тақиқланди


Россия бош прокурори собиқ олигарх Михаил Ходорковскийга алоқадор хорижда рўйхатдан ўтган учта ташкилот фаолиятини тўхтатиб қўйди. Бу чора бўлажак сайловда мухолифат қўлини боғлаб қўйиши мумкин.

26 апрель куни Британияда рўйхатдан ўтган “Очиқ Россия” ҳамда “Очиқ Россия ижитимоий ҳаракати” ташкилоти ҳамда АҚШда рўйхатдан ўтган “Замонавий Россия” институти “номақбул” ташкилотлар сафига киритилиб, уларнинг Россиядаги фаолият кўрсатишига чек қўйилди.

Мазкур қарор Россияда рўйхатдан ўтган “Очиқ Россия” ташкилотларига тўғридан-тўғри таъсир қилмайди.

Шундай бўлса-да, 27 апрель куни “Очиқ Россия” гуруҳининг Москвадаги бўлими директори Мария Баронова ҳуқуқ-тартибот расмийлари гуруҳ офисларини тинтув қилаётганини билдирди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, Ходорковский тузган ташкилотларга қўйилган тўсиқлар уларнинг сайлов билан боғлиқ фаолиятига ҳалал бериши мумкин.

Москвадаги “Иқтисодий ва сиёсий ислоҳотлар маркази” директори Николай Миронов “Мазкур қарорга навбатдаги сайлов кампанияси арафасида ҳамда ундан кейинги сайловларни кўзда тутиб келингани аён”, деди.

Россия президенти Владимир Путин 2018 йилнинг мартига белгиланган президент сайловида тўртинчи марта ўз номзодини қўйиши кутилмоқда.

“Мазкур кампания келаётган федерал сайловлар – президент сайлови ҳамда навбатдаги Дума сайловига тайёрланиш учун қўйилган қадам десак бўлади”, деди Миронов.

Ходорковский ташкилотларининг ман этилгани улар ҳар қандай номзодга ёки сайловни кузатувчи ташкилотга тренинг ёки маслаҳат бера олмаслигини ҳамда уларга моддий ёки ташкилий ёрдам кўрсата олмаслигини англатади.

Айни дамда, маҳаллий “Очиқ Россия” ташкилотлари 29 апрель куни Россиб бўйлаб коррупцияга қарши намойиш ўтказишни режалаштирган.

Намойиш уюштирувчилари 29 апрелга режалаштирилган тадбирлар бекор қилинмаслигини билдиришди. Намойишларга 11 шаҳарда рухсат олинган. Москва ва Санкт-Петербургда эса, уларга рухсат берилмади. Намойишчиларнинг асосий талабларидан бири 2000 йилдан бери ҳукумат тепасида қолаётган Путин яна ўз номзодини кўрсатмаслигига эришишдир.

Россиядаги “Очиқ Россия” гуруҳи директори Александр Соловьёв ўз ташкилотларининг ман этилган ташкилотларга юридик жиҳатдан ҳеч қандай алоқаси бўлмаса-да, бош прокурор қарори уларнинг фаолиятини чеклаши мумкинлигини айтди.

Озодлик радиосининг “Настоящее Время” лойиҳаси билан суҳбатда у “Афсуски, Россияда қонун устуворлиги умуман йўқ. Аслида “Очиқ Россия” ҳаракати айнан ҳар қандай ташкилотга нисбатан ноқонуний чора кўрилишига қарши курашади”, деди.

XS
SM
MD
LG