Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 15:32

ФҚБ Кремлнинг мухолифи заҳарланиши билан боғлиқ лабoратория текшируви хақида сукут сақлаяпти


Россия мухолифати фаоли Владимир Кара-Мурза (ўнгда) ва "ЮКОС" компанияси собиқ эгаси диссидент Михаил Ходорковский (чапда)
Россия мухолифати фаоли Владимир Кара-Мурза (ўнгда) ва "ЮКОС" компанияси собиқ эгаси диссидент Михаил Ходорковский (чапда)

ФҚБ Кремль мухолифи Владимир Кара-Мурзанинг ўтган йили заҳарлангани билан боғлиқ лаборатория натижаларини эълон қилишни рад этди. Бу, бир тарафдан, фаолнинг Конгрессдаги тарафдорлари ҳафсаласини пир қилган бўлса, бошқа тарафдан касаллиги билан боғлиқ миш-мишларни кўпайтирди.

ФҚБ Кремль мухолифи Владимир Кара-Мурзанинг ўтган йили заҳарлангани билан боғлиқ лаборатория натижаларини эълон қилишни рад этди. Бу, бир тарафдан, фаолнинг Конгрессдаги тарафдорлари ҳафсаласини пир қилган бўлса, бошқа тарафдан касаллиги билан боғлиқ миш-мишларни кўпайтирди.

ФҚБ расман ҳеч қандай маълумот бермагандан кейин Россия расмийларига қарши АҚШ санкциялари қўлланишини ёқлаб келаётган Кара-Мурза таҳлил натижаларини қўлга киритиш учун ахборот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонунчиликдан фойдаланишга ҳаракат қилаётганини билдирди.

Кара-Мурза 2017 йил февралида Москвадаги касалхонага ётқизилганда АҚШнинг иккита лабораторияси – биттаси ФҚБ билан боғлиқ – текшириб кўриш учун унинг қони, сочи ва тўқималаридан намуналар олган эди. Ўшанда у заҳарланиш аломатлари билан иккинчи марта Россия пойтахтидаги касалхонанинг жонлантириш бўлимига тушди. Исроил ва Франциядаги яна иккита лаборатория ҳам текширувлар ўтказди, лекин натижалар ишончли чиқмади.

Россия либерал мухолифати ветерани, 37 яшар Кара-Мурза иккала заҳарлаш ҳам ўзининг сиёсий фаолияти учун қасддан ва ўч олиш мақсадида қилинганини айтади. Бунга унинг расмий Вашингтоннинг россиялик инсон ҳуқларини поймол қилувчиларга қарши 2012 йили “Магнитский қонуни” билан жорий этган санкцияларни қўллаб-қувватлагани сабаб бўлган эмиш.

Россиялик врачлар ўтган йили унинг касаллигига “номаълум моддадан заҳарланиш” ташхисини қўйган эди.

Ҳам Россия ватандоши, ҳам АҚШда қонуний яшовчи мақомига эга бўлган Кара-Мурзанинг Конгресс аъзолари билан муносабатлари қалин. Бир қанча АҚШ сенаторлари ва Вакиллар палатасининг бир аъзоси ФҚБ директори Кристофер Рэйга шу масала юзасидан илтимоснома юборди. Ўтган йили Кара-Мурза касалхонага ётқизилгандан сўнг унинг қон, соч ва тўқима намуналари таҳлил учун ФҚБ лабораториясига юборилди, дея хабар қилди вазиятдан хабардор кишилар.

ФҚБ расмийлари жорий йил аввалроғида АҚШ қонун чиқарувчилари ва Конгресс ходимлари билан муҳокамалар чоғида текширувнинг айрим натижаларини ошкор этиш масаласини кўриб чиқаётганини айтган эди. Улар вазиятни ошкора муҳокама қилиш ваколатига эга бўлмагани учун бу ҳақда исмини айтмаслик шарти билан гапирди.

Кейинчалик ФҚБ номаълум сабабларга кўра Конгресс аъзоларига бундай қила олмаслигини билдирди. Конгресс аъзолари шошилинч кўриб чиқилиши керак бўлган ишга бундай муносабат қилинишидан ҳафсаласи пир бўлганини айтди. Бир сенатор эса ФҚБга юборган хатида Кара-Мурзанинг касаллигига сабаб бўлган моддани бошқарма “аниқлаб бериши” кераклигини ёзди.

“Оз ва носоз ҳимоя”

​Кара-Мурза RFE/RL мухбирига АҚШнинг Ахборот олиш эркинлиги тўғрисидаги қонунига (FOIA) асосан ФҚБга июль ойида сўровнома юборганини хабар қилди. Унда бошқарма ўзиунинг тушунарсиз касаллигини қай тарзда ўрганиб чиққани ҳақида маълумот бериш сўралади.

Айтишича, унинг 2015 йили заҳарлангани гумон қилингандан сўнг ФҚБ текширув учун ўзидан намуналар олган, шу сабабли бошқармадан “2015 йилдан бери менга тегишли барча ҳужжатларни, текширув натижаларини ва алмашилган ички маълумотларни беришни сўраб мурожаат қилган”.

‒ Сўнгги 2-3 йил ичида кимдир мени Россияда икки марта ўлдирмоқчи бўлди, ‒ деди у RFE/RL мухбирига. ‒ Мен яқинда Россияга қайтиб келдим. Бу ерда ҳаётим учун хавф борлигини ам, қилаётган ишимиз нақадар муҳимлигини ҳам биламан. Мени фақат 2015 ва 2017 йиллардаги заҳарланишларим сабабларини аниқ ва оммага ошкор этиш ҳимоя қилиши мумкин. Бу қизиқувчанликни қондириш эмас, аксинча оз бўлса-да, носоз бўлса-да, хавфсизлигимни ҳимоя қилиш учун керак.

Кара-Мурза RFE/RL мухбирига FOIA бўйича юборган сўровномаси ҳаракатини кузатиш рақамини ҳам берди. Бошқарма вебсайтида ушбу иш “тезкор жавоб бериш” учун қабул қилингани ва “ишни давом эттириш учун” мутахассис тайинланиши кутилаётгани ёзилган.

Оиласи билан Вашингтон ташқарисида яшаётган Кара-Мурза 2017 йил февралида заҳарланиш аломатлари билан касалхонага тушиб қолгандан сўнг яқинда илк марта Россия сафаридан қайтиб келди. У олдинлари вақтини дам Россияда, дам Қўшма Штатларда ўтказаётган эди.

Кара-Мурза лаборатория текшируви натижалари ёки ФҚБнинг унинг иши билан қандай шуғулланаётгани ҳақида изоҳ беришдан бош тортди. Агентлик вакили ҳам бу ҳақда гапиришни истамади.

‒ ФҚБ одатий сиёсатига кўра бирор тергов ўтказаётганимиз ёки ўтказмаётганимизга изоҳ бера олмайди, ‒ деди бошқарма матбуот котиби.

Мураккаб токсинлар

Кара-Мурзанинг касаллиги билан боғлиқ ФҚБ текширув натижаларини олиш борасидаги саъй-ҳаракатларнинг бошқа сабаби ҳам бор. Сўнгги пайтларда россиялик фаоллар, иш одамлари ва икки ёқлама рус жосуси Сергей Скрипалнинг ўлиши ва заҳарланиши билан боғлиқ хавотирлар ортиб кетди.

Скрипаль ва қизи Юлия 2018 йил марти бошида Англиянинг Солсбери шаҳрида қўққисдан йиқилиб тушгандан сўнг касалхонага тушиб қолган эди. Кейинчалик Британия ҳокимият идоралари улар Совет даврида ишлаб чиқарилган асабни фалажловчи жанговор “Новичок” гази билан заҳарланганини аниқлади.

Орадан бир оз вақт ўтиб, Британия ҳокимият идоралари ушбу кимёвий ҳужум учун Россиянинг икки нафар ҳарбий разведка зобитини айблади. Ўша ҳужумдан Скрипаллар омон қолди. Аммо британиялик аёл Дон Стёржесс “Новичок” солинган атир идишини тасодифан топиб олгач, заҳарланиб, дунёдан кўз юмди.

Сентябрь ойида Россия мухолифати фаоли ва ношир Пётр Верзилов Москвада дабдурустдан касал бўлиб ётиб қолди. Уни даволаган германиялик докторлар беморнинг заҳарланганлик “эҳтимоли юқори” эканини айтди.

Верзилов ҳам, Кара-Мурза ҳам ўзлари фақат Россия махсус хизматлари тасарруфида бўлган мураккаб токсинлар билан заҳарланганини айтмоқда.

Россия такрор-такрор Кремль мухолифларини заҳарлаганини инкор қилиб келади. Бундай мухолифлар сирасига 2016 йили Лондонда нурлантирувчи изотоп полоний-210 билан заҳарлаб ўлдирилган собиқ рус махсус хизматлари зобити Александр Литвиненко ҳам киради.

Кара-Мурзанинг адвокати Вадим Прохоров АҚШ лаборатория текширувлари ҳақидаги саволларга жавоб беришни рад этди.

Унинг RFE/RL мухбирига айтишича, россиялик терговчилар Кара-Мурза билан хотини Евгенияни унинг заҳарланиши билан боғлиқ дастлабки тергов чоғида сўроқ қилди. Ўша пайти эр-хотин Қўшша Штатларда бўлгани учун сўроқ Скайп орқали ўтказилди, деди Прохоров.

Прохоровнинг қўшимча қилишича, давлат ҳокимият идоралари ҳали ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши очилгани ёки очилмагани хусусида ахборот бериши керак.

‒ Биз бу ишни ўрганишни давом эттирамиз, ‒ деди Прохоров.

Прохоров олдинроқ Скрипалларнинг заҳарланишига кескин халқаро муносабат билдирилгандан сўнг терговчилар терговни қайта бошлаганига ишонишини айтган эди.

Кара-Мурза 2017 йил 2 февраль куни Москвада касал бўлиб қолди ва касалхонанинг жадал даволаш бўлимига ётқизилди. Хотинининг кейинчалик билдиришича, у буйраклари яхши ишламаслигидан азоб чекиб юрган ва сунъий равишда комага солингандан сўнг унга жонлантириш муолажалари қилинган.

Оиласига кўра, унинг кейинги касаллик аломатлари 2015 йили ўлим билан тугашига бир баҳя қолган касаллиги аломатларига ўхшаб кетади. Франция лабораториясида ўтказилган токсикологик текширув чоғида бемор айнан нимадан заҳарланганига ойдинлик киритиб бўлмади.

Кара-Мурза собиқ олигарх Михаил Ходорковскийга қарашли “Очиқ Россия” нодавлат ташкилотида ишлаётган эди. Бундан ташқари, Россия бош вазирининг собиқ ўринбосари, кейинчалк Россия президенти Владимир Путиннинг ошкора мухолифи Борис Немцовга ёрдамчилик ҳам қилган.

Немцов 2015 йил февралида Кремль деворидан унча узоқ бўлмаган жойда отиб ўлдирилган эди. Шундан сўнг орадан уч ой ўтиб, Кара-Мурза бир ўлимдан қолган касалликка чалинган эди.

У 2017 йил февралида касал бўлиб қолгандан сўнг Евгения Кара-Мурза эрининг қон, соч ва тирноқ намуналари зудлик билан Франция ва Исроилда хусусий лаборатоиряларга юборилганини айтди.

“У муносиб адолат”

Кара-Мурзанинг Конгрессдаги энг яхши тарафдорларидан бири республикачи сенатор Жон Маккейн эди. У ўтган йили Кара-Мурза касал бўлиб қолгандан сўнг Сенатда маъруза қилди. Кара-Мурза 2018 йил 25 августида қазо қилган МакКейннинг дафн маросимида тобутини кўтарганлардан бири бўлди.

МакКейн 2017 йил 22 сентябрида ФҚБ директори Рэйга ёзган хатида Кара-Мурзанинг иши бўйича терговнинг ҳолати ҳақида сўровнома юборди. У иш пайсалга солинаётганидан шикоят қилди ва Рэйни ишга устувор аҳамият бериш зарурлигини эслатиб, қистовга олди.

МакКейн ўша хатида касалликка қасддан заҳарлаш сабаб бўлганини ва бу Кара-Мурзанинг сиёсий фаолияти билан боғлиқ эканини ҳам ёзди.

“Владимир... Путиннинг мухолифатни йўқ қилиш борасидаги шафқатсиз кампанияси қурбони бўлди. Бу ишни ким қандай амалга оширганини аниқлаш Владимирга ўзи муносиб адолатни топишида ёрдам беради, у билан бошқа диссидентлар ҳаётига қайта-қайта ҳужум қилинишидан ҳимояланишнинг кичик бир воситаси бўлади”, деб ёзди МакКейн.

Зудлик билан изоҳ олиш учун МакКейннинг матбуот котибини топиб бўлмади.

Республикачи сенатор Рожер Виккер 2018 йил мартида Рэй номига йўллаган хатида Кара-Мурзанинг хотини “2017 йил 19 февралида текшириб кўриш учун сизнинг лабораториянгизга эрининг соч, қон ва тирноқларини топширган эди”, деб ёзди.

“Мен ушбу расмий хат билан сиздан иш юзасидан айни текширув хулосасини ва жаноб Кара-Мурзанинг келгуси сафари учун бошқармангиз тавсиясини беришингизни сўрайман, − деб ёзди Виккер. Ўша хатнинг нусхаси “Озодлик” радиосида мавжуд. – Заҳарлаш учун айнан қанақа модда ишлатилганини аниқлаш билан бир қаторда заҳарланиш табиати ва унинг келиб чиқишини аниқ тавсифлаб бера оласиз, деб умид қиламан”.

Виккернинг офисига ҳали жавоб келмади.

XS
SM
MD
LG