Линклар

Малобродский зиёлиларни ҳукумат “одамхўрлиги”га қарши туришга даъват қилмоқда

  • Озодлик

Алексей Малобродский 21 июнь кунги суд мажлисида.

Таниқли рус театр ва кино режиссёри Кирилл Серебренников устидан олиб борилаётган жиноят суриштирувида гумондор сифатида ҳибсга олинган Малобродский ҳокимият идораларининг таҳдиди ортаётганидан огоҳлантирди ва бундай товламачиликка “муросасиз қаршилик кўрсатиш”га чақирди.

Москвадаги “Гоголь-центр” театри директори Алексей Малобродский жорий ҳафтада қамоқдан ўзига давлат маблағини талон-тарож қилиш айби қўйилаётгани ҳақида қамоқхонадан хат чиқарди.

Хатда Иван Грозний замонларидаги давлат қатағонига сабаб бўлган опричнина сиёсати эсга олинади. Маълумки, Россия тарихида шафқатсизлиги билан ном қозонган ушбу подшоҳ ерларни якка ўзи идора қилиш учун боярлардан куч ишлатиб тортиб олиш билан шуғулланган.

– Агар биз биринчилардан бўлиб кескин қаршилик кўрсатмасак ва ғолиб чиқмасак, опричнинага ўхшаш ялпи одамхўрлик бошланиб кетиши мумкин, – деди у 28 август куни АҚШнинг Москвада истиқомат қилувчи театршуноси Жон Фридмен ва ёзувчининг умр йўлдоши Оксана Мисинага ёзган хатида.

59 яшар Малобродский айни пайтда Москвадаги “Матросская тишина” тергов изоляторида ушлаб турилибди. У Серебренниковнинг “Еттинчи студия” театрида давлат маблағини талон-тарож қилиш сингари сохта айблов билан июнь ойида қамоққа ташланган эди.

Россия ҳукуматини тез-тез ва шафқатсиз танқид қилиб турадиган Серебренников эса яқинда ҳукумат 2011-2014 йилларда бир лойиҳа учун ажратган 68 миллион рубллик (1,1 миллион АҚШ долларига тенг) маблағни талон-тарож қилганликда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Ундан ташқари, “Еттинчи студия” театрининг яна икки ходими ҳам ушланди.

Ушбу тергов иши Россия маданият арбоблари, ҳатто Кремлга содиқ бўлган кишиларнинг ҳам танқидига сабаб бўлди. Серебренников тарафдорларининг айтишича, унинг қамоққа олиниши маданият арбобларини 2018 йил март ойида бўлиб ўтадиган президент сайлови олдидан қўрқитиб қўйишдир.

Жорий ойнинг бошида бир гуруҳ рус ёзувчилари, журналистлари, актёрлари ва режиссёрлари Малобродскийни тергов изоляторидан озод қилишни сўраб, ҳокимият идораларига очиқ хат билан мурожаат қилди. Улар орасида ёзувчилардан Людмила Улицкая, Виктор Ерофеев ва Владимир Сорокин бор.

“Кўпчилигингизнинг хабарингиз бор, яқинда мени қайғуга солган бир воқеа рўй берди. Ҳамкасбим ва дўстим уй қамоғига ташланди. Фикримча, бу иш ноқонуний, адолатдан бўлмади. Қўрқиб кетaяпман. Бир неча кундан бери ўзимга кела олмаяпман. Гап Кирилл Серебренников ҳақида кетaяпти”, деб ëзди таниқли актриса Чўлпон Хаматова.

Яна дунёнинг 30 дан ошиқ маданият арбоблари ҳам Серебренниковга нисбатан олиб борилаётган сохта терговни тўхтатишни талаб қилиб чиқди.

Бундан ташқари, ўзини Россиянинг “ёш маданият арбоблари” деб атаган 300 дан ошиқ киши ёзган очиқ хатида Серебренников билан Малобродскийга нисбатан қўзғатилган ишни “Еттинчи студия”нинг собиқ директори Юрий Итин ва ҳисобчиси Нина Масляеванинг “сиёсий сабабларга асосланган” фитнаси деб атади.

Путин матбуот котиби Дмитрий Песков олдинроқ Серебренников билан боғлиқ терговнинг “на сиёсат¸ на санъат”га дахли бор”, шу сабабли бу ерда Кремль изоҳ бериши мумкин ҳеч қандай сабаб йўқ, деб айтган эди.

Россия Маданият вазири ва консерватив тарихчи Владимир Мединский фикрига кўра, ҳукумат “халқ сайлаган раҳбарларни шарманда қиладиган” фильмларга маблағ ажратмайди.

XS
SM
MD
LG