Линклар

Шошилинч хабар
27 июн 2019, Тошкент вақти: 09:39

Президентнинг қариндошига тегишли қурилишда ўзбек муҳожирлари жароҳатланди (ВИДЕО)


Ҳавозалар қулаши оқибатида 7 киши жароҳат олди.

Россиянинг Ленинград вилоят, Приозерский туманидаги қурилиш объектида ҳавозалар қулаб кетиши натижасида 7 одам, жумладан 4 ўзбекистонлик жароҳатланди.

Маҳаллий тергов қўмитаси қурилиш ишларини олиб боришда хавфсизлик қоидалари бузилиши юзасидан жиноят иши очди.

Қурилишни Владимир Путиннинг қариндошига тегишли фирма амалга ошираётгани айтилмоқда.

Воқеа ўтган душанба, 27 май куни Ленинград вилоят, Приозерский туманидаги “Игора” курорти ҳудудида “Формула-1” автомобиль мусобақалари учун қурилаётган объектлардан бирида содир бўлди.

Тергов қўмитасининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси берган махсус баёнотга кўра, жиноий иш Россия Жиноят Кодексининг 216- моддаси,1- қисми, яъни “Қурилиш ишларини олиб бораётганда хавфсизлик қоидаларини бузиш ортидан одамлар соғлиғига оғир зарар етказиш” асосида очилди.

Россия Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг Ленинград вилояти бўйича бошқармаси қурилишда бўлган 7 нафар ишчи жароҳат олганини тасдиқлади.

- Ҳодиса жойига келиб, қулаган ҳавозалар остида одамлар қолиб кетганини аниқладик. 7 киши эвакуация қилинди, ҳаммаси шифохонага ётқизилди. Улардан 4 нафари – Всеволожск Марказий туман касалхонасига, яна учтаси – Ленинград вилоят касалхонасига, деди қутқарувчилар идораси раиси муовини Антон Клинг.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги расмийси жароҳатланганлардан икки нафари оғир аҳволда санавиация вертолётлари ёрдамида олиб кетилганини ҳам билдирди.

Озодлик жароҳат олганларнинг 4 нафари Ўзбекистон граждани экани, улар ўртача оғирликдаги ҳолатда қолаётганини аниқлади.

Ўзбекистоннинг Санкт-Петербургдаги Бош консулхонаси “Игора” автодроми қурилишида жароҳат олганлар исмларини эълон қилди. Хусусан, Ленинград вилоят клиник касалхонасига махсус вертолётда 1987 йилда туғилган Хасанов Ғанишер Тошмаматович ва 1970 йилда туғилган Қосимов Сами Ҳамидович етказилган. 1992 йилда туғилган Шомаматов Фазлиддин Мирзараимович ҳам шу касалхонага жойлаштирилди.

Жароҳатланган ўзбек муҳожирларидан тўртинчиси - Абдураҳмонов Мансур (1983-йилда туғилган) Всеволжск туманлараро клиник касалхонасига ётқизилгани айтилди. Ўзбекистонлик муҳожирлар қовурға синиши, умуртқа жароҳатлари, яна бир ишчининг лунжини арматура тешиб ўтгани ташҳиси билан ётқизилганини тасдиқлашди шифокорлар.

Бош консулхона Ленинград вилоятининг тегишли органлари билан алоқа ўрнатгани ҳамда мазкур вазиятни ўз назоратига олганини маълум қилди.

Аниқланишича, қолган жароҳатланганлар ҳам марказий осиёлик - Тожикистон ватандошлари экани маълум.

Расмий маълумотлардан ҳавозалар қулашининг дастлабки сабаблари ҳам маълум бўлди. Терговчиларга кўра, пойга ўтказиладиган трассада автодром учун каркас қурилаётган бўлган. Қурилиш пайтида уч қаватли қурилиш ҳавозалари устида жойлашган темирбетон соябон қулаб, унинг тагида ишлаётган ишчиларни босиб қолган.

Ҳозирда ҳодиса жойида қурилиш ишлари вақтинчалик тўхтатилгани, қурилиш ҳужжатлари терговчилар томонидан мусодара қилингани ва зарурий экспертизалар тайинлангани маълум.

“Игора Драйв” МЧЖсида ҳодиса юзасидан бирор изоҳ берилганича йўқ. "СПАРК-Интерфакс" ахборот гуруҳи очиқ манбаларидан олинган маълумотларга кўра, “Игора Драйв” компаниясининг 10 фоизи Volga Grоup эгаси, айни дамда Владимир Путиннинг энг яқин дўсти ҳисобланган миллиардер Геннадий Тимченконинг ҳамкори Владимир Колбинга тегишлидир.

Бу ширкатнинг қолган улушлари Владимир Путиннинг бошқа дўстлари – бизнесмен Владимир Васильевга, “Россия” банки эгаларидан бири Юрий Ковальчук ва унинг ўғли Борисга тегишлидир. “Формула-1” трассаси қурилиш ширкатининг 50 фоизи Путиннинг узоқ қариндоши, айни дамда “президентнинг шахсий миллиардери” номи билан танилган Михаил Шеломовга тегишли экани аниқланди.

Мутахассислар “Игора” пойга трассаси лойиҳасининг тахминий баҳоси 11 миллиард рублни ташкил этишини гапирмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG