Линклар

Шошилинч хабар
20 апрел 2024, Тошкент вақти: 00:27

Мигрантлар номига кредит. Россияда юзлаб муҳожир фирибгарлик қурбони бўлди


Россияда марказий осиёлик юзлаб мигрант телефон фирибгарларидан жабр кўрди. Жиноятчилар уларнинг номларига катта-катта кредитлар олишган – уларни тўлаш эса оддий фаррош ва курьерлар гарданига тушмоқда.

“Мигрант Медиа” лойиҳаси журналистлари жабрланувчилар билан гаплашди.

“100 минг рубл олишган экан, фоизлари билан 249 минг бўляпти”, дейди улардан бири.

Фирибгарлар тузоғига тушган мигрантларнинг барчаси битта мобил сервисдан – “Золотая корона” тизими иловасидан фойдаланган. Яъни, шу илова орқали уйларига пул жўнатиб турганлар. Телефон фирибгарлари билан гаплашгандан сўнг эса ўзлари билмаган ҳолда кредит олувчиларга айланишган.

“Уларга кодни айтганимдан сўнг “Сизга “Золотая корона” ходими қўнғироқ қилади”, дейишди ва вақтинча иловага кирмай туришни илтимос қилишди. Кейин картамдан 30 минг рубл ечиб олинганини билдим. Устамасини қўшганда 50 минг қарз бўлиб қолдим”, дейди Бакит исмли мигрант.

Фирибгарлар ҳийласи бекам-кўст ишлаган. Улар мигрантларга қўнғироқ қилиб, ўзларини банк ходими деб таништирганлар, сўнгра абонентнинг исм-фамилиясини айтиб, уларнинг “Золота корона” пул ўтказиш тизими орқали бажарган сўнгги пул операциялари ҳақида гапиришган. Кейин эса, уларнинг телефонига борадиган кодни жўнатишни сўраганлар.

“Энг қизиғи, фирибгарларда менинг шахсий маълумотларим бор эди. Улар мен қачон, қаерга қанча пул жўнатганимни билишарди. Менга код келди, сўнгра 50 минг рубл кредитни бўйнимга илишди”, дейди ўз ҳикоясида Масъуда исмли аёл.

Жабрланувчилар юзлаб кишини ташкил этади. Фирибгарлар уларнинг номига 10 мингдан 200 минг рублгача кредитлар олишган. Жабрланувчиларга кўра, пуллар уларнинг ҳисобига тушгану дарров ғойиб бўлган.

“Шундоқ ҳам Қирғизистонда кредитим бор. Тўлай олмаганим учун бу ерга ишлагани келган эдим. Энди бу ерда ҳам бўйнимга кредит илишди. Учинчи даражали рак касалим билан уни қандай тўлайман?” – куюнади Жанарбю.

Сервис фойдаланувчиларининг шахсий маълумотлари қандай қилиб фирибгарлар қўлига тушиб қолганини ҳозирда полиция суриштиряпти. “Золотая корона” вакиллари қарз бериш билан улар эмас, балки ҳамкорлари – “Страна экспресс” ширкати шуғулланишини маълум қилишди. Ушбу микрокредит муассасаси эса, жабрланувчиларнинг полицияга мурожаатидан сўнг ички текширув ўтказилганини, аммо маълумотлар сиздирилгани факти тасдиқланмаганини билдирди.

“У кимсалар мижозларимизнинг персонал маълумотларини қандай қўлга киритгани бизга аён эмас, лекин биз текширувни давом эттиряпмиз”, дейди “Стана экспресс” ширкати вакили Оксана Соколова.

Москвадаги қирғиз диаспораси “фирибгарлар рус тилини яхши билишмагани сабабли айнан Марказий Осиё мигрантларини ов қилишган”, деб ҳисоблайди. Қатор ҳолларда фирибгарлар мигрантларга “миграция картангни блоклаб қўямиз”, деб таҳдид қилишгани очиқланди.

Намойишга чиққан мигрантлар отишма билан огоҳлантирилди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:40 0:00

“Юзлаб юртдошларимиз “Золотая корона” мижозларининг шахсий маълумотларидан фойдаланувчи фирибгарлардан азият чекишди. Ҳозирда полиция ишни суриштирмоқда. “Золотая корона” пул ўтказиш тизими раҳбарияти билан гаплашдик. Улар айблари йўқлигини, эндиликда фирибгарлар қўллайдиган ҳийла-найранг усулларини барбод қилиш устида иш олиб борилаётганиин айтишяпти”, дейди Москва шаҳри ва вилоятидаги қирғиз диаспораси раҳбари Қубаничбек Осмонбеков.

Москва полициси фирибгарлик факти бўйиа бир нечта жиноят иши очган. Айтилишича, “Золотая корона” фойдаланувчиларнинг маълумотларини ишончли сақлай олмагани терговда аниқланиб, судда исбот килинса, қарздорлар кредитларнинг бекор қилинишига эришишлари мумкин.

Акси бўлганида эса мигрантлар бировларнинг кредитини тўлашга мажбур бўладилар. Кредитлар бўйича фоиз ставкалари эса кун сайин ошиб бормоқда.

Форум

XS
SM
MD
LG