Линклар

Москвада муҳожир ўзбек миллатдошини бўғиб ўлдирганликда гумонланмоқда


Москвадаги қурилишдан бирида 2017 йилнинг 26 сентябрида топилган жасад 33 ёшли қирғизистонлик Фаррух Насиповнинг жасади экани маълум бўлди. Терговчилар Насиповни бўғиб ўлдирганликда гумонлаб, шу қурилишда ишлаган 35 ёшли хоразмлик О. И.ни қўлга олди.

30 сентябрь куни марҳумнинг жасади ўз юртига – Жалолобод вилоят, Олабуқа туманига жўнатилди.

Фаррух Насиповнинг жасади Москванинг жануби-ғарбидаги Болалар гематологияси ва онкологияси маркази ҳудудида бораётган қурилишда шу йилнинг 26 сентябри, кечки 9-ларда топилди.

Насиповни бўғиб ўлдирганликда гумонланиб шу қурилишда у билан бирга ишлаган 35 ёшли хоразмлик О. И. исмли шахс Домодедово шаҳрида қўлга олингани маълум бўлди.​

Озодлик ўлдирилган Фаррухнинг амакиси Акмалхон билан учрашди. Акмалхоннинг айтишича, О. прорабдан маош олган Фаррухни пулини ўмариб қочган:

​- Жияним 33 минг рубл пулни прорабдан олган экан. Улар бирга бўлган экану, ярим соат ичида у бола йўқ бўлиб қолибди. Жиянимга прораби телефон қилиб, туша олмабди. Кейин қараса ахлат контейнер орқасида ўлиги ётган экан – сим билан бўғиб ўлдирилган экан. Бу бола эса : “Мен метрога кетдим, 11 минг пулимни олиб”, дебди. Видеокамерага терговчилар қараса, у бола қўлида сиртмоқ билан тушиб қолган экан. Ўзи Хоразмда собиқ мелиса бўлган, ҳозир шу ерда оиласи билан экан. Иккаласи қурилишда бирга ишлашган экан, деди Акмалхон.

Суҳбатдош қотилликда айбланаётган О. Фаррухнинг чўнтагидан 11 минг рубл ва қўл телефонини олиб кетганликда ҳам гумонланаётганини билдирди.

Ушбу жиноят юзасидан Москва шаҳар Тергов қўмитасининг Гагарин туманлараро бўлими суриштирув ишларини олиб бормоқда. Жиноят юзасидан Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 105- моддаси 1- қисми, яъни “Қотиллик” асосида жиноий иш қўзғатилгани маълум бўлди.

Жасад суд-тиббий экспертиза учун дастлаб Царицино туман моргига жўнатилди.

Акмалхон жияни Фаррух Насиповнинг икки вояга етмаган ўғли ва хотини боқувчисиз қолганини ҳам айтди.

30 сентябр куни Фаррух Насипов жасади Домодедово аэропортидан жўнатилди
30 сентябр куни Фаррух Насипов жасади Домодедово аэропортидан жўнатилди

30 сентябрь куни Фаррухнинг тобути яқинлари ҳамроҳлигида Москвадан ўз юрти - Жалолободнинг Олабуқа туманига жўнатилди. Муҳожирни жўнатишга Қирғизистон элчихонаси вакиллари кўмаклашди.

Расман тасдиқланмаган маълумотларга қараганда, Россиядан асосан Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистонга йилига 7 мингдан зиёд муҳожир жасади солинган тобут - “Груз-200” жўнатилади.

Маҳаллий дафн этиш бюросида кўп йиллардан бери ишлаб келаётган Любовь Резенова - Фаррухнинг жасадини Қирғизистонга жўнатишда кўмаклашган шахслардан бири.

Любовь Владимировна ушбу давлат раҳбарларини Россияда ишлаётган мигрантлар масалаларига кўпроқ эътибор қаратишга чақирди:

- Бу ерда бир тийинга ишлаб, ўлиб кетаётган фарзандларингизни не аҳволга солдингиз?! Оч-наҳор, совуқда 12 соатлаб ишлаяпти улар! Мана Фаррухнинг ҳам иккита боласи етим қолди. Одамларга бундай муносабатда бўлиш мумкинми?! Мусулмон аёллар пол юваяпти, ҳожатхоналарни тозалаяпти – бунақасини қаерда кўргансиз?! Фақат ёшларингиз ўлиб кетаяпти – ота-оналар келиб уларни кўмгани олиб кетяпти. Мана шу моргдан ҳар куни тобутлар кетаяпти Марказий Осиёга. Нима қилиб қўйганингизни бир кўринг – оч қизлар ахлатхона тозалаб юрибди! Бу қанақа ҳукуматлар эканки, мусулмон аёллар фарзандларини Болалар уйига ташлаб кетмоқда? Шу нарсаларни ҳукуматларингизга етказинг. Шармандаликку бу! деди Любовь Резенова.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG