Линклар

Шошилинч хабар
21 ноябр 2019, Тошкент вақти: 03:07

Россия прокуратураси: "Маҳбус калтакланмаган. Аммо танасида жароҳатлар бор"


Ҳусниддин Зайнобиддинов прокуратура бўлимида

Челябинск вилоят прокуратураси ва Россия Ички ишлар вазирлиги этник ўзбек муҳожири Ҳусниддин Зайнобиддиновга қийноқлар қўлланилганига оид Озодлик хабарига жавоб қайтарди.

Полиция Қирғизистон граждани бўлган бу йигит Магнитогорскдаги портлашларга алоқадорликда гумонланиб ҳибсга олинмаганини таъкидласа, маҳаллий прокуратура Зайнобиддинов ва унинг хотини калтаклангани тўғрисидаги ўз баёнотларидан воз кечганини билдирди.

Озодлик билан суҳбатда Ҳалима Зайнобиддинова ўз сўзларидан қайтмагани, шунчаки унга босимлар бўлаётганини гапирди.

Қирғизистонлик қочқин Ҳусниддин Зайнобиддинов ​16 январда Россиянинг Магнитогорск шаҳрида ўз уйи ёнида ҳибсга олинган​ эди.

Челябинск вилоят прокурори Виталий Лопин 29 январь куни Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг хотини Ҳалимахон қийноқлар тўғрисида олдинроқ қилган баёнотларидан воз кечгани тўғрисида баёнот берди:

- Чоп этилган мақолалар асосида зудлик билан текширув ўтказилди ва унинг натижасида полиция ходимлари томонидан калтаклангани борасида Қирғизистон граждани ва унинг яқинлари сўроққа тутилди. Ҳозирда у ва унинг хотини зўравонлик қўлланилганини қатъиян рад этишмоқда. Бироқ, бу эркак танасида ҳақиқатан жароҳатлар борлиги маълум бўлди. Ҳозирда ИИБда ишчи текширув олиб борилмоқда, материал терговолди текширув учун Тергов қўмитасига топширилди.

Россия Ички ишлар вазирлиги расмийси Ирина Волк Озодлик материали ортидан Зайнобиддиновнинг Магнитогорскдаги портлашларга алоқадорлиги борасида маълумотларни инкор этиб чиқди. Унинг сўзларига кўра, Ҳусниддин 2010 йилги Ўш воқеаларига алоқадорликда гумонланиб, халқаро қидирувда бўлгани боис ҳибс этилган.

Озодлик Ҳусниддин Зайнобиддинов танасидаги прокуратура томонидан аниқланган тан жароҳатлари бўйича текширув натижалари юзасидан Челябинск вилоят Тергов қўмитасига расмий мурожаат юборди.

- Прокуратура “материални юбордик” дегани “улар аллақачон бизга етиб келди” дегани эмас. Улар жўнатишдими, жўнатишни хоҳлашганми – ким билади. Ҳозирча бу иш юзасидан менда ҳеч қандай маълумот йўқ, деди Ҳусниддиннинг қийноққа солингани ва оғир тан жароҳати етказилгани устидан текширув олиб борилмаётганини билдирган Челябинск вилоят Тергов қўмитаси вакили, адлия полковниги Владимир Шишков.

Ҳалима Зайнобиддинова 2 ойлик чақалоғи билан полиция бўлимида
Ҳалима Зайнобиддинова 2 ойлик чақалоғи билан полиция бўлимида

Озодлик Россия расмийларининг бу баёнотидан кейин Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг хотини Ҳалимахон Зайнобиддинова билан яна бир бор телефон орқали суҳбатлашди.

Ҳалимахон қийноқ тўғрисидаги гапларини инкор этмагани, прокуратура ходимлари у билан суҳбатлашмагани, турмуш ўртоғи маскалилар томонидан қийноққа солинганини яна бир бор маълум қилди.

29 январь куни Ҳалима тонг саҳарда қўлидаги гўдаги билан полиция бўлимига олиб борилгани ва қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдирилганини айтди:

- Мен ҳеч кимга ундай гапларни гапирганим йўқ. Бир журналист телефон қилиб ҳам шундай сўради мендан. Менинг пропискам бошқа ерда бўлгани учун, эримнинг ҳужжатлари йўқлиги учун жарима солишди 2 минг рубль. Мен айтган гапларимни қайтариб олганим йўқ. Кеча бир одам телефон қилиб, мен билан уришди. “Сенинг эрингни ким олиб кетди, ким учраштирди, қаерга олиб кетди? Сени ким киргизди прокуратурага?”, деб бақирди.“Бақирма менга. Бориб қандай урганларини эримдан сўра! Эримни аҳволини кўргин”, дедим. Мен барибир уни қийнашади, деб қўрқяпман.

Ҳалима эрини 17 январь куни бетлари кўкарган, кўзи қизариб кетган, қўллари шишиб кетган ва бурни бир томонга қийшайиб қолган ҳолатда кўрганини айтганди.

Ҳалима Зайнобиддинова: Эримни қўлини орқага боғлаб, ток билан уришган!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:20 0:00
Бевосита линк

Ҳусниддин Зайнобиддиновнинг ҳимоясини таъминлаётган “Ёрдам” Инсон ҳуқуқлари ҳимояси ташкилоти раҳбари Баҳром Ҳамроев Ҳалимахонга полицияда таржимонсиз қандайдир ҳужжатларга қўл қўйдирилгани ва махсус хизматлар Ҳусниддиннинг ФСБ ходимлари томонидан калтаклангани фактини яширишга уринаётганини иддао қилди:

- Полицияга боласи билан борган. “Сизларга претензиямиз йўқ!” деган ҳужжатга қўл қўйдирибди! Таржимонсиз “Қўл қўйгин – кетавергин, ишимиз йўқ сен билан”, деб болали аёлни алдаган. Ҳукумат алдаш билан шуғулланаяпти! Зайнобиддинов билан ман ўзим телефонда гаплашдимку: қон сийяпти у бола, ичидан қон кетаяпти уни! Зайнобиддиновнинг иши юзасидан Европа Судига ҳужжат тайёрлаяпмиз. Худо хоҳласа уни Қирғизистонга экстрадициясини тўхтатамиз.

Ҳуқуқ фаоли Ҳалимахонга номаълум шахс томонидан таҳдидлар бўлганини тасдиқлаб, бу суҳбат аудиоёзувини Озодликка тақдим этди.

Озодлик радиоси Россиянинг Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уй ва маршрут таксисида юз берган портлаш ортидан махсус хизмат ва полиция ушбу воқеага алоқадорликда гумонланаëтганларни ҳибсга олишни давом эттираётгани тўғрисида хабар берган эди.

Ўша мақолада Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) томонидан ушланган жалолободлик 29 яшар Ҳусниддин Зайнобиддинов, яқинлари ва ҳимоячилари иддаосича, олти соат давомида қийноқларга солинган ва қилмаган жиноятларни бўйнига олишга мажбурлангани айтилган эди.

Магнитогорск шаҳрида 31 декабрь куни 10 қаватлик уйнинг бир қисми қулаши ва бироздан кейин маршрут таксисидаги содир бўлган портлаш оқибатида камида 39 одам ҳалок бўлган. Ўшанда ҳуқуқ-тартибот тузилмалари уйда газ портлаган бўлиши мумкинлиги тахмин қилинаётганини билдирган эдилар.

Маҳаллий ахборот воситаларига кўра, шаҳарда яшовчи марказий осиёликларни оммавий равишда ушлаб¸ уларнинг ҳужжатларини текшириш бошланган.

Шарҳларни кўринг (4)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG