Линклар

Шошилинч хабар
16 декабр 2019, Тошкент вақти: 05:37

Россияда қолиб ишлашни истаган муҳожирлар исёнини прокуратура ўрганмоқда


Қўлини кесган шахс муқаддам 10 маротаба судлангани аниқланди (Фотосуратлар “Правовая основа” ташкилоти томонидан тақдим этилди)

Россиянинг Екатеринбург шаҳридаги мигрантларни сақлаш марказида бўлиб ўтган ғалаёнлар юзасидан маҳаллий прокуратура текширув бошлади. Ҳуқуқ ҳимоячилари марказда сақланаётган хорижликлар, жумладан ўзбек муҳожирлари шу тариқа Россиядан ноҳақ депортация қилинаётганига эътибор қаратишга уринганини гапирмоқда.

Свердловск вилоят прокуратураси шу йилнинг 23 февралида Екатеринбург яқинидаги Колцово қўрғонида жойлашган Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш махсус приёмнигида (ЦВСИГ) депортация қилинаётган бир гуруҳ мигрантнинг кўтарган ғалаёни сабабларини ўрганишга киришди.

“Ҳуқуқий асос” ("Правовая основа") ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти ходими Алексей Соколов ўзининг Facebookдаги саҳифасида тўполон тонгги соат 6 да бошлангани, хорижлик бўлган олти киши камералардан бирини ичкаридан ёпиб олганини хабар қилди.

"ЦВСИГда ушлаб турилганларнинг сўзларидан, марказ ходимлари уларнинг ҳаёти ва соғлигига таҳдид қилган. Ташкилотимиз ходимларини ичкарига киритишмаяпти. Ичкарига полиция ва спецназ гуруҳи киритилган, депортация қилинаётган гражданлар ёпиб олган хона эшикларини бузиб киришга тайёрланмоқда ", деб ёзди Алексей Соколов.

Норозилик акциясида Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистон ватандошлари иштирок этаётгани, улардан бир нечтаси қўлларини кесишгача боргани маълум қилинди.

Колцово Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази
Колцово Хориж ватандошларини вақтинчалик сақлаш маркази

Свердловск вилоят Ички ишлар бошқаримаси ахборот бўлими раҳбари Валерий Горелих бу шахслар депортация қилинишига қарши норозилик қилаётганини билдириб, деди:

- Уларнинг барчаси Россияда қолиб, ишлаш истагида эканини билдирди. Норозилар бошқа талабларни қўйгани йўқ. Хонани беркитиб олганлар орасида Россия Жиноят кодекси бўйича муқаддам судланганлар, ҳатто қотиллик билан ўтириб чиққанлар борлиги аниқланди. Тўполонни 10 маротаба судланган шахс бошлаб берган – у қўлинининг томирларини кесиб ташлабди, деди Валерий Горелих.

Свердловск вилоят прокуратураси Екатеринбург ЦВСИГидаги вазиятни ўз назоратига олгани ва текширув бошлаганини Озодликка билдирди.

Прокуратура Марказдаги маҳбуслар овқатлантирилиши, тиббий ёрдам кўрсатилиши ва шароитлари, шунингдек норозилик билдирган шахслар билан шахсий учрашувлар ўтказаётганини очиқлади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ташқарида турган тутқунлар яқинлари билан суҳбатлашиб, можарога марказ раҳбарияти ва мигрантлар муаммолари билан шуғулланиши лозим бўлган тегишли идоралар лоқайдлиги сабаб бўлганини иддао қилди.

Марказдаги ғалаён бостиришга полиция ва ОМОН гуруҳлари ташланди
Марказдаги ғалаён бостиришга полиция ва ОМОН гуруҳлари ташланди

Айтиш лозимки, муҳожирларнинг бундай акциялари Колцоводаги депортация марказида биринчи маротаба бўлаётгани йўқ. Ўтган йил ёзда марказда ушлаб турилганлар ва қўлини кесган яқинлари муассасада “қамоқхона тартибларини” жорий қилган бошлиқ Владимир Благодаревни жавобгарликка тортишни талаб қилгани айтилмоқда. Благодарев илгари 2-сонли ахлоқни тузатиш колонияси раҳбари бўлгани маълум.

“Ҳуқуқий асос” ҳуқуқ ҳимояси ташкилоти раҳбари Ольга Вековшинина ҳозирга келиб можаро ўз якунига етгани, бироқ депортация марказларида сақланаётган хорижликлар муаммолари ўз ечимини топмасдан қолаётганини билдирди.

Ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳбуслар яқинлари ичкарига киритилмади
Ҳуқуқ ҳимоячилари ва маҳбуслар яқинлари ичкарига киритилмади

Озодлик билан суҳбатда у қамоқхона ва колониялардан озод қилинаётган ҳужжати йўқ шахсларнинг аксари Хорижликларни сақлаш марказларига жойлаштирилаётганини айтади.

- Улар узоқ вақт ушлаб турилгани, ҳужжатларини тиклашга ҳеч ким ёрдам бермаётганидан шикоят қилди. Камерада ўтирганларнинг бир нечтаси қамоқхонадан олиб борилган экан. Масалан, 26 йил оғир жиноят учун ўтирган шахснинг ҳужжатларини тайёрланмасдан бадарға қилиб юборишаётган экан.Улар шунчаки одамларга ухшаб яшашни истаётганини билдирган. Ташкилотимиз қамоқ ва колониялардан озод қилинаётган хорижликлар муаммоларига жамоатчилик эътиборини қаратмоқчи, деди Ольга Вековшинина.

Ҳуқуқ фаоллари Россия депортация муассасаларида чет элликларни узоқ муҳлат ушлаб турилиши, муҳожирлар орасида ўз жонига қасд қилиш, норозилик чиқишлари каби нохуш ҳолатлар тез-тез бўлиб турганига эътибор қаратиб келишади.

Шарҳларни кўринг (12)

Бу форум ёпилган
XS
SM
MD
LG