Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:41

Россияда эркин матбуот давлат телеканалига қарши танқидий кампания бошлади


Россиядаги айрим мустақил нашрлар АҚШ манфаатларига хизмат қилаётганликда айбланган НТВ дастуридан лавҳа.
Россиядаги айрим мустақил нашрлар АҚШ манфаатларига хизмат қилаётганликда айбланган НТВ дастуридан лавҳа.

Россиянинг НТВ давлат телеканали ғарб мамлакатларига қарши олиб бораётган пропагандаси учун кутилмаган танқидга учради. Телеканал ҳудудий газеталардан бирини Вашингтон чизиғидан чиқмасликда айблаганидан кейин эркин матбуот ўз ҳамкасбини ҳимоя қила қилиб, мамлакат бўйлаб давлат телеканалларидаги тарғиботга қарши кампания бошлади.

8 июнь куни Россиядаги мустақил газеталар ўз ўқувчиларини НТВ каналини томоша қилиш хавфи ҳақида огоҳлантирди.

Огоҳлантиришда “Огоҳ бўлинг! НТВ каналида журналистик материаллар ниқоби остида ўзгартирилган маълумот ёки пропаганда олишингиз мумкин”, дейилади.

Кампания ташаббусчиси Ревда шаҳрида чоп этилувчи “Городские вести” газетасининг бош муҳаррири Валерий Безпятихдир.

Озодлик билан суҳбатда Безпятих “Журналистика назари билан қараганда шубҳа туғдирадиган материалларнинг хавотирли даражада кўплигини кузатяпмиз. Бу каби кампанияларсиз бирор нима ўзгармайди, деб ўйлайман”, деди.

Россиядаги кўплаб журналист каби Безпятих ҳам НТВ каналида 4 март куни эфирга узатилган “АҚШ Давлат департаменти қарздорлари” деб номланган дастурда илгари сурилмиш айбловлар сабаб ғазабланган.

НТВ Россиядаги мухолиф матбуотни АҚШ Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда миллиардер саҳоватпеша Жорж Сорос “махфий равишда” молиялаштиришини иддао қилди.

Дастурда бир неча ҳудудий матбуот нашрлари, жумладан, “Якутск вечерний” газетаси алоҳида тилга олинди. НТВ ходимлари мустақил нашрлар АҚШда жойлашган нодавлат ташкилотидан қарз олгани учун уларни АҚШ манфаатларига хизмат қилишда айблади.

Бунга жавобан “Якутск вечерний” 27 май куни ўз муштарийларини НТВ ҳамда кремлпараст “Россия” каналини кўрмасликка чиқирди.

Бу ташаббус ижтимоий тармоқларда кенг тарқалди. Жуда кўп россиялик мустақил журналистика қисувга олинаётган бир пайтда бундай йўл тутиш журъат ва ирода талаб қилишини айтмоқда.

Мустақил ҳудудий нашрлар бирлашмаси 4 март куни эфирга узатилган дастурда қораланган нашрларни ҳимоя қилиб, дастурни “сохта танбеҳ” дея атади.

Аммо Безпятих “Якутск вечерний” ўз норозилик акцияси учун нишонга олинаётганини, одамлар дастагига муҳтож эканлигини айтди.

“Бир ширкат якка жанг қилишига қараб ўтириш яхши эмас. Улар бизнинг ҳамкасбларимиздир”, деди у.

Безпятих юзта матбуот нашрига ўқувчиларни давлат телеканалларидаги тарғибот ҳақида огоҳлантиришга чақириб хат юборди.

Унинг айтишича, муҳаррирларнинг аксарияти акцияда иштирок этишга рози бўлган.

“Уларнинг кўпида ҳали вақт бўлгани йўқ. Кўпчилик кейинги ҳафтада чоп этади”, дея сўзини давом эттирди Безпятих.

Безпятих 8 июнь куни – кампаниянинг биринчи кунида нечта газета бундай огоҳлантириш чоп этганини аниқ айтиб бера олмади. Аммо бир неча газета ижтимоий тармоқларда акцияда иштирок этаётганини билдирди.

Безпятих кампания “Якутск вечерний”ни кўнгилсиз оқибатлардан ҳимоя қилишига умид қилса-да, акциянинг ягона мақсади ўз ҳамкасбларини ҳимоя қилиш эмаслигини айтди.

“Пировардида, биз ўзимизни ҳамда ўзимизнинг корпоратив қизиқишларимизни журналистик этика, журналистика қоидалари ва тушунчаларини эътиборга олган ҳолда ҳимоя қиляпмиз. Шундай экан, бу жуда муҳим”, деди у.

Клэр Бигг мақоласи

XS
SM
MD
LG