Линклар

Шошилинч хабар
04 май 2024, Тошкент вақти: 14:43

"Норд-Ост"дан Беслангача. Путин даврида содир этилган йирик террор ҳужумлари


Шимолий Осетия, Россия. 1 сентябрь, 2023
Шимолий Осетия, Россия. 1 сентябрь, 2023

22 март куни қуролланган шахслар Москвадаги гавжум концерт зали – Crocus City Hall’га ҳужум уюштирди, оқибатда камида 115 киши ҳалок бўлди ва яна кўп одамлар яраланди, бу Россияда сўнгги йиллардаги энг мудҳиш ҳужумдир.

Ҳужум учун жавобгарликни “Исломий давлат” (ИД) экстремистик гуруҳи ўз зиммасига олди.

Президент Владимир Путин бошқаруви даврида Россияда содир бўлган бошқа йирик ҳужумлар қайсилар эди?

Норд-Ост/Дубровка театридаги гаровга олиш (2002)

2002 йил 23 октябрда Шимолий Кавказдан келган жангарилар концерт вақтида Москва театрига бостириб кириб, томошабинлар, актёрлар ва ходимларни гаровга олди. Уч кун ўтиб Россия махсус кучлари театрга заҳарли газ юбориб, сўнг бостириб кирганидан сўнг 700 дан ортиқ гаровга олинганлар қутқарилди. Аммо 130 га яқин гаровдагилар ҳалок бўлди. Уларнинг аксарияти газ таъсирида ва қутқарув операцияси пайтида тўқнашувларда ўлган.

Москвадаги Дубровка театри ташқарисида қурбонларнинг суратлари. 26 октябрь, 2020
Москвадаги Дубровка театри ташқарисида қурбонларнинг суратлари. 26 октябрь, 2020

Поезд портлаши (2003)

2003 йил декабрь ойида Россия жанубидаги темир йўл станцияси яқинида эрталабки тирбандлик вақтида поездда портлаш содир бўлди, 46 га яқин одам ҳалок бўлди ва яна кўпи жароҳат олди. Расмийлар чечен бўлгинчиларини айблади. Портлаш парламент сайловларидан бир неча кун олдин содир бўлган ва Путин буни мамлакатни беқарорлаштиришга уриниш деб атаган эди.

Москва метросидаги худкушлик ҳужуми (2004)

2004 йил февралида Москванинг «Автозаводская» бекатида кетаётган метро поездида худкуш-террорчи портлаши оқибатида камида 39 киши ҳалок бўлган, 100 дан ортиқ киши жароҳатланган эди. Орадан олти ой ўтиб, 31 август куни худкуш-террорчи аёл Москва метросининг бошқа бир бекати яқинида ўзини портлатиб юборди ва 10 киши ҳалок бўлди.

Россия йўловчи самолётлари портлади (2004)

24 августга ўтар кечаси худкуш-террорчилар Россиянинг икки йўловчи самолётини портлатиб, 90 кишини ўлдирди. Бири Сочига, иккинчиси Волгоградга учаётган самолётлар деярли бир вақтда қулаган. Расмийлар икки йўловчи аёл бомба портлатгани ва улар чечен бўлгинчилари билан алоқадор бўлганини айтди.

Беслан мактаб қирғини (2004)

Беслан. 3 сентябрь, 2004
Беслан. 3 сентябрь, 2004

Россия қўшинларини Чеченистондан олиб чиқишни талаб қилган жангарилар 2004 йил 1 сентябрь куни Шимолий Кавказдаги Беслан шаҳридаги мактабни биринчи ўқув куни эгаллаб олди. Бу ҳужумни “Россиянинг 11 сентябри” деб аташди.

Жангарилар 1000 дан ортиқ талаба, ота-оналар ва ходимларни гаровга олди. Қамал икки кундан ортиқ давом этди. Гаровга олинганларнинг аксарияти сақланаётган спорт залида ёнғин келиб чиқди. Ана шу вақтда Россия хавфсизлик кучлари мактабга бостириб кирди. Камида 334 киши ҳалок бўлди, уларнинг аксарияти болалар.

Москвадаги бозорда портлаш (2006)

2006 йил август ойида Москвадаги бозорда портлаш содир бўлиб, 10 киши ҳалок бўлди. Расмийлар буни ирқчиларнинг Марказий Осиё ва Кавказдан келган савдогарларни нишонга олиб уюштирган ҳужуми деб атади.

Невский экспресс портлаши (2009)

2009 йил ноябрь ойи охирида кечқурун Москва ва Санкт-Петербург йўлидан кетаётган “Невский экспресс” поезди портлаш оқибатидан рельсдан чиқиб кетиб, камида 26 киши ҳалок бўлган эди. Портлаш учун жавобгарликни чечен жангариси Доку Умаров бошчилигидаги гуруҳ ўз зиммасига олди.

Москва метросида иккита худкушлик ҳужуми (2010)

2010 йил март ойида аёллар эканлиги тахмин қилинаётган худкуш-террорчилар тирбандлик вақтида 40 дақиқа фарқ билан Москва метросидаги икки бекатга ҳужум уюштириб, 39 кишини ўлдирди. Бу теракт учун ҳам Умаров масъулиятини ўз зиммасига олди.

Москва Домодедово аэропорти (2011)

2011 йил январида Москванинг Домодедово аэропортида худкуш-террорчининг портлаши оқибатида 37 киши ҳалок бўлди. Буни ҳам Умаров ўз зиммасига олган. У 2014 йилги Сочи Қишки Олимпиада ўйинларига халақит беришга қасд қилганини айтган эди.

Домодедово аэропорти. 24 январь, 2011
Домодедово аэропорти. 24 январь, 2011

Волгоград автобус ва вокзалдаги портлашлар (2013)

2013 йил декабрида жанубий Волгоград шаҳрида худкуш ҳужумчи томонидан содир этилган икки портлашда 30 дан ортиқ одам ҳалок бўлди.

Орадан 24 соат ўтмай, тирбандлик вақтида шаҳарда троллейбус портлаши оқибатида камида 15 киши ҳалок бўлди, 20 дан ортиқ киши жароҳат олди. Ҳужумлар Сочидаги Олимпия ўйинлари бошланишига олти ҳафтадан камроқ вақт қолганида содир бўлган.

Санкт-Петербург метросига ҳужум (2017)

Россия ҳудудидаги сўнгги йирик ҳужум 2017 йил апрелида содир бўлган эди. Ўшанда Санкт-Петербург метросидаги портлаш 15 кишининг ҳаётига зомин бўлган. Расмийлар худкуш террорчининг Қирғизистонда туғилган, этник ўзбек, Россия фуқароси Акбаржон Жалилов бўлганини аниқлади. Кейинроқ бир киши портлашни молиялаштирганликда айбланиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди, яна 10 киши узоқ муддат қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Форум

XS
SM
MD
LG