Линклар

Шошилинч хабар
29 сентябр 2022, Тошкент вақти: 06:31

Халқаро хабарлар

Россия Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базалари жанговар тайёргарлигини оширади

Сергей Шойгу Россия президенти Владимир Путин билан (архив сурати)

Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу ўз мамлакати Қирғизистон ва Тожикистондаги ҳарбий базаларида тайёрликни ошириши ҳақида билдирди. Бу ҳақда Россиянинг “РИА Новости” агентлиги хабар қилди.

“Ўз томонимиздан биз Қирғизистон ва Тожикистондаги Россия ҳарбий базалари ҳамда муҳтамал инқирозли вазиятларга жавоб қайтариш бўйича бошқа кучларимизнинг жанговар ҳозирлигини оширамиз”, деган Шойгу 24 август куни Тошкентда бўлиб ўтган ШҲТга аъзо мамлакатлар мудофаа вазирлари кенгашида.

Россия мудофаа вазирига кўра, “Ислом давлати” ва “Ал-Қоида” каби халқаро террор ташкилотлари фаоллашиб бораётган Афғонистондаги ҳолат “Марказий Осиёдаги хавфсизлик учун жиддий таҳдид бўлиб қолмоқда”.

Кун янгиликлари

Беларусда давлат телерадиокомпаниясининг собиқ ходимаси 8 йилга қамалди

Ксения Луцкина

Минск суди Белтелерадиокомпаниянинг (БТРК) собиқ ходимаси Ксения Луцкинани 8 йилга озодликдан маҳрум қилиш ҳақида ҳукм чиқарди. Бу ҳақда “Вясна” инсон ҳуқуқлари ташкилоти маълум қилди.

Луцкина давлат ҳокимиятини эгаллаб олиш мақсадида фитначилар билан тил бириктирганликда (ЖКнинг 357-моддаси) айбланган.

Жиноят иши материалларига мувофиқ, БТРКнинг собиқ ходимаси Мувофиқлаштирувчи кенгаш таркибига кириб, у ерда ахборот тарқатиш фаолияти билан шуғулланган.

Мувофиқлаштирувчи кенгаш Беларусда 2020 йил 9 августида бўлиб ўтган президент сайловидан кейиноқ бир гуруҳ мухолифатчилар томонидан тузилмиш коллегиал ташкилот бўлган.

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ўз фуқароларини Россияни зудлик билан тарк этишга чақирди

АҚШнинг Москвадаги элчихонаси

“АҚШ фуқаролари Россияга бормасликлари керак, у ерда яшаётган ёки саёҳатга борганлар эса, ҳозир тижорат сафарлари учун чекланган имконият бор бўлган бир пайтда зудлик билан Россияни тарк этишлари лозим”, дейилган элчихона томонидан 27 сентябрь куни тарқатилган хабарномада.

Мазкур чақириқ ҳам АҚШ, ҳам Россия паспортига эга бўлган фуқаролар ҳарбий сафарбарликка жалб қилиниши хавфи борлиги билан изоҳланган.

Аввалроқ Болгария, Польша ва Эстония ҳам ўз фуқароларини Россиядан чиқиб кетишга чақирган эди.

Жалолободда вояга етмаган қизга уйланган милиционерга қарши жинояти иши қўзғатилди

Иллюстратив сурат

Қирғизистоннинг Жалолобод вилояти Сузоқ туманида вояга етмаган қизга уйланган милиция ходими ишдан ҳайдалди. Бу ҳақда Озодликнинг қирғиз хизмати Бош прокуратура матбуот хизматидан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Қайд этилишича, Сузоқ тумани ИИБсининг 27 ёшли ходими ўтган йил декабрида 16 яшар қизга уйланган. Уларнинг никоҳини маҳалла имоми ўқиб қўйган.

Ҳолат юзасидан прокуратура мамлакат Жиноят кодексининг 175-моддаси (“Диний маросимларни ўтказишда никоҳ ёши тўғрисидаги қонунчиликни бузиш”) бўйича жиноят иши қўзғатилган ҳамда милиция ходими, имом ва келиннинг онасига айблов эълон қилинган. Ҳозирда иш кўриб чиқиш учун Сузоқ туман судига йўллангани айтилмоқда.

Қирғизистон қонунчилигига кўра, бу мамлакатда йигит-қизлар ёши 18 кирганидан кейингина расмий никоҳдан ўтишлари мумкин. 2016 йили вояга етмаганларни никоҳлашни тақиқловчи қонун қабул қилинган. Қонун меъёрларини бузган одамлар 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этилишлари мумкин.

Россия Афғонистондаги “Толибон” ҳукуматига арзон буғдой ва ёқилғи етказиб беришга рози бўлди

"Толибон" ҳаракати вакиллари сўнгги бир йил ичида Москвага серқатнов бўлиб қолишган

Россия ҳукумати “Толибон” ҳаракати шакллантирган ҳукумат билан Афғонистонга буғдой, суюлтирилган газ, дизель ёқилғиси ва бензин етказиб бериш бўйича келишув тузди. Бу ҳақда Reuters агентлиги “Толибон” ҳукуматида саноат вазири вазифасини бажариб келаётган Нуриддин Азизийдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Азизийга кўра, Россия Афғонистонга ҳар йили 2 миллион тонна буғдой, бир миллион тоннадан солярка ва бензин ҳамда 500 минг тонна суюлтирилган газ етказиб беришга рози бўлган. У етказиб бериладиган маҳсулотлар нархи ҳақида гапиришдан бош тортган, бироқ Москва уларни жаҳондаги нархлардан арзонроқ беришга рози бўлганини қайд этган.

Афғонистоннинг бу товарлар учун қай йўсинда пул тўлаши ҳам аниқ эмас. Мамлакат санкциялар туфайли жаҳон молия тизимидан феълан узиб қўйилган. Москва билан келишув толиблар ўтган йилнинг август ойида ҳокимият тепасига келганидан бери жамоатчиликка маълум бўлган илк йирик шартнома бўлиб ҳисобланади.

“Толибон” ҳаракати Россияда суд ҳукми билан террор ташкилоти ўлароқ тан олинган. Бироқ бу ҳолат Москванинг толиблар билан сиёсий ва иқтисодий жабҳаларда ҳамкорлик қилишига тўсқинлик қилаётгани йўқ.

Қирғизистон ФВВ: Тожикистон билан чегарада қурбон бўлганлар сони 63 нафарга етди

Қирғизистон билан Тожикистон чегарасидаги қуролли тўқнашувлар оқибатида қурбон бўлганлар сони 63 нафарга етган. Бу ҳақда Қирғизистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот тарқатди.

Вазирлик матбуот хизматига кўра, қурбонларнинг 50 нафарини ҳарбийлар, 13 нафарини эса тинч аҳоли вакиллари ташкил қилган. Тўқнашувлар чоғида 195 киши яраланган.

Аввалроқ Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги чегарадаги можаро чоғида 41 киши нобуд бўлганини маълум қилган. Озодликнинг тожик хизмати эса ўз манбаларидан, ҳалок бўлганларнинг яқинларидан ва маҳаллий ҳокимият идораларидан олинган маълумотга таянган ҳолда тўқнашувда қурбон бўлган 70 кишининг рўйхатини тузган. Нашр мазкур рўйхат якуний эмаслигига эътибор қаратган.

Шу йил 14 сентябридан 17 сентябригача тожик-қирғиз чегарасида қуролли тўқнашувлар кузатилгани ҳақида Озодлик аввалроқ хабар қилган. Томонлар можарода бир-бирларини айблаганлар.

Икки мамлакат ўртасидаги чегара 970 километрга узанган бўлиб, бундан 519 километри аниқланган, қолган қисми эса бўйича эса музокаралар давом этмоқда.

Эрондаги намойишларда камида 60 киши ҳалок бўлди

Эрондаги намойишлардан бири.

Эронда 12 кундан бери ҳижоб тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб полиция томонидан қўлга олинган Маҳса Аминий ўлими ортидан бошланиб кетган намойишлар давом этмоқда.

27 сентябрда ҳам намойишчилар полиция билан тўқнашгани, кўплаб норозилар қўлга олингани айтилмоқда. Намойишлар Теҳрон, Табриз,Қоража,Қум ва Язд каби кўплаб шаҳарларда давом этмоқда.

Эрондаги Fars ахборот агентлигининг билдиришича, 16 сентябрдан бери намойишлар пайтида полиция билан содир этилган тўқнашувлар оқибатида камида 60 киши ҳалок бўлди.

Ҳуқуқ фаоллари айрим ҳудудларда интернет ўчириб қўйилгани сабабли воқеалар ривожи ва тўқнашувлар тўғрисидаги видеоларни тарқатиш имконияти бўлмаётганини айтмоқда.

Эрон инсон ҳуқуқлари ташкилоти эса камида 76 киши ҳалок бўлгани ва 1200 киши қўлга олинганини билдирди. Tasnim агентлиги қўлга олинган норозилар орасида Эрон собиқ президенти Али Акбар Хошими Рафсанжонийнинг қизи ҳам борлигини ёзди.

22 ёшли Маҳса Аминий Теҳронда ҳижоб тўғрисидаги қонунни бузганликда айбланиб қўлга олинган эди. У қўлга олинганидан сўнг комага тушган ва уч кундан сўнг касалхонада вафот этган.

Европага келаётган россияликлар сони бир ҳафтада 30 фоизга кўпайди (ВИДЕО)

Россия-Грузия чегарасида навбатда турганлар.

Ўтган ҳафтада Россиянинг 66 минг фуқароси Европа Иттифоқи давлатларига кириб келди, бу икки ҳафта олдинги кўрсаткичдан 30 фоизга кўпдир, деб хабар берди Чегараларни назорат қилиш бўйича Европа агентлиги.

Агентлик чегарани кесиб ўтаётган россияликлар сони кўпайганини президент Путин 21 сентябрда эълон қилган қисман сафарбарлик билан боғламоқда. Агентлик ЕИга кириб келганларнинг кўпчилиги Европада яшаш рухсатномаси, шенген визалари ва икки фуқароликка эгалигини таъкидлади.

Аввалроқ "Новая газета. Европа" Россия президенти администрациясидаги манбасига таянган ҳолда, сафарбарлик эълон қилинганидан сўнг мамлакатни 261 минг эркак тарк этгани тўғрисида ёзган. Расман бу хабар тасдиқланмаган.

Аввалроқ Қозоғистон, Ўзбекистон ва Қирғизистонга ҳам Россиядан минглаб эркаклар қочиб ўтгани, бунинг оқибатида минтақанинг катта шаҳарлари, жумладан, Тошкент ва Бишкекда меҳмонхоналарда жой қолмагани, уй ижараси эса ошиб кетгани хабар қилинган.

“Тошкент меҳмонхоналарида жой қолмади” - Россияликлар мобилизациядан қочмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:26 0:00

Украинанинг босиб олинган ҳудудларида ўтказилган сохта референдумлар натижалари эълон қилинди

Донецкдаги овоз бериш участкаси.

Айирмачи Донецк вилоят «сайлов комиссияси»нинг билдиришича, овоз беришда қатнашганларнинг 99,23 фоизи Россияга қўшилишни маъқуллаган. Луганск вилоятида 98,42 фоиз, Запорожьеда 93,11 фоиз, Херсон вилоятида 87,05 фоиз сайловчи “Россияга қўшилиш учун овоз берган”.

«Референдум»лар якунланишидан бир неча соат олдин Россия Хавфсизлик кенгаши раисининг ўринбосари Дмитрий Медведев телеграм саҳифасида: «Референдумлар якунланди. Натижалари аниқ. Уйингиз Россияга хуш келибсиз!» деб ёзди.

Украинанинг босиб олинган ҳудудларини Россия таркибига қўшиб олиш масаласи 4 октябрда Федерация кенгашида кўриб чиқилиши кутилмоқда. Аммо ўзини ЛХР деб атаб олган тан олинмаган ҳудуд раҳбари Леонид Пасечник президент Путиндан вилоятни 28 сентябрдаёқ Россияга қўшиб олишни илтимос қилди.

Украина президенти Владимир Зеленский: «Оккупация қилинган ҳудудларда ўтказилган фарсни хатто референдумларнинг имитацияси деб ҳам атаб бўлмайди» , деди. Унга кўра, Украина армияси ҳар қандай шароитда ҳам украин ерларини озод қилишдан воз кечмайди. Зеленский Россия «референдум» натижаларини тан олса, «Путин билан сўзлашадиган ҳеч қандай гапи қолмаслиги»ни айтди.

Ғарб давлатлари Россияни бир неча марта «референдум» натижаларини тан олмасликлари тўғрисида огоҳлантирди. 27 сентябрь куни АҚШ давлат котиби Энтони Блинкен: «Украина ўзининг барча ҳудудларида абсолют даражада мудофаа ҳуқуқига, жумладан, Россия томонидан турли йўллар билан босиб олинган ерларини қайтариб олиш ҳуқуқига эга», деб баёнот берди. Блинкен президент Жо Байденнинг сўзларини такрорлаб, «сохта референдумлар ўтказган Россияга нисбатан қўшимча қатъий санкциялар жорий этилиши»ни айтди.

Ғарб давлатлари «сохта» деб атаётган «референдум»лар 23 сентябрдан 27 сентябргача Украинанинг босиб олинган ҳудудлари («ЛХР», «ДХР», ва Херсон ҳамда Запорожье вилоятларининг бир қисми)да ўтказилди.

Махачқалъадаги норозилик чиқишлари чоғида Озодликнинг жамоатчи мухбири ҳам қўлга олинди

Юлия Вешневецкая

Доғистон маркази бўлмиш Махачқалъа шаҳрида 26 сентябрь куни норозилик акцияси чоғида полиция томонидан тутиб кетилган шахслар орасида Озодликнинг рус хизмати жамоатчи мухбири Юлия Вешневецкая ҳам бўлган. “Свобода” хабарига кўра, журналист аёл ҳалигача қўйиб юборилгани йўқ.

Қайд этилишича, душанба куни қўлга олинганлар ичида бўлган “Новое Дело” нашри мухбири Идрис Юсупов ҳамда “RusNews” бош муҳаррири Сергей Айнбиндер 17 соат тутиб турилганидан кейин озод қилинган.

Маълумотларга кўра, 25 ва 26 сентябрь кунлари Махачқалъада кузатилган норозилик чиқишлари чоғида жами 230 чоғли (якшанба куни 120 нафар ва душанба куни 110 нафар) киши ушлаб кетилган.

Полиция норозиларга қарши саккизта жиноят иши очган, аммо уларга РФ Жиноят кодексининг қайси моддаси бўйича иш очилгани очиқланаётгани йўқ. Иштирокчиларнинг кўпига эса маъмурий жазо қўлланилган.

Япониянинг Isuzu ширкати Россияда автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатмоқчи

Ульяновск шаҳрида ўз заводига эга бўлган Япониянинг Isuzu автоконцерни Toyota ва Mazda ширкатлари ортидан Россияда автомобиль ишлаб чиқаришни тўхтатиш ҳақида бош қотира бошлади. Бу ҳақда Япониянинг Yomiuri нашри хабар қилди.

Ширкат мазкур қарорни автомобилсозлик заводи (АО “Исузу Рус”) учун зарур компонентларни етказиб бериш имконияти йўқлиги туфайли қабул қилиши мумкин. Бу ерда автомобиль ишлаб чиқариш Россия Украинага қарши уруш бошлаганидан кейин жорий йилнинг баҳорида тўхтатиб қўйилган эди.

Isuzu бренди Россияда 2006 йилдан бери фаолият кўрсатиб келаётганди.

Россия Мудофаа вазирлиги мобилизациядан бошқа мамлакатларга қочиб кетганларни қайтаришни талаб қилмайди

Россия-Грузия чегарасидаги фуқаролар (иллюстратив сурат)

Россия Мудофаа вазирлиги қисман ҳарбий сафарбарлик доирасида Қозоғистон, Грузия ва бошқа мамлакатлар идораларига у ердаги россияликларни мажбуран қайтариш бўйича ҳеч қанақа мурожаатнома йўллаган эмас ва бундай қилишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда РИА Новости агентлиги вазирликдан олинган маълумотга таянган ҳолда хабар қилди.

Аввалроқ Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги мобилизациядан қочаётган россияликлар расмий қидирувга берилган тақдирда ватанига қайтарилиши мумкинлигини ҳақида билдирган эди.

Айни пайтда Грузия билан чегарада 27 сентябрдан эътиборан Россиянинг кўчма чақирув пункти иш бошлаган. Бу маълумотни Шимолий Осетия ҳукуматининг матбуот хизмати тасдиқлаган.

МДҲ хавфсизлик идоралари раҳбарлари ҳафта охирида Москвада йиғилади

Кремль воизи Дмитрий Песков Россия президенти Владимир Путин МДҲ бош чекистлари билан мулоқотда бўлишини тасдиқлади

Россия пойтахти Москвада жорий ҳафта охирида МДҲ давлатлари хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари раҳбарлари жам бўлади.

“РИА Новости” агентлигининг Кремль матбуот котиби Дмитрий Песков сўзларига таянган ҳолда хабар қилишича, постсовет ўлкалари бош чекистлари билан Россия президенти Владимир Путин видеоконференция воситасида мулоқот қилмоқчи. Песков Путиннинг МДҲ давлатлари разведкачилари билан учрашуви жума куни бўлиб ўтмаслигини урғулаган.

Аввалроқ Россия нашрлари 30 сентябрь куни Москвада ўтказилажак йиғилишда Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон делегациялари иштирок этиши ва ўша куни Путин йиғилганлар билан мулоқот қилиши ҳақида ёзишган эди.

Turkish Airlines учоқлари йил охиригача Минск, Сочи, Ростов ва Екатеринбургга учмайдиган бўлди

Туркиянинг Turkish Airlines авиаширкати 2022 йил 31 декабригача Беларусь пойтахти Минск, Россиянинг Сочи, Ростов ва Екатеринбург шаҳарларига парвозларини бекор қилди. Бу ҳақда авиаширкат сайти маълумот тарқатди.

Мазкур қарор сабаби очиқланмаган. Авиаширкат вакиллари қайдича, бекор қилинган рейсларга чипта олган йўловчилар бошқа йўналишни танлашлари ёки чипта пулини тўлалигича қайтариб олишлари мумкин.

Turkish Airlines авиаширкатининг бошқа бир хабарномасида Украинага парвозлар ҳам бекор қилингани билдирилган.

Мигрантлар сони кўпайгани ортидан Қозоғистон Россия билан музокаралар ўтказмоқчи

Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев

Украинадаги уруш учун Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилингани ортидан чегарадан ўтаётган россияликлар сони кескин ошиб кетгани туфайли Қозоғистон расмийлари Москва билан музокаралар ўтказади. Бу ҳақда Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркистон вилояти жамоатчилиги олдида қилган чиқишида билдирди.

Тоқаевга кўра, халқаро таранглик авж олган бир паллада Қозоғистон “халқаро ташкилотларда, биринчи галда БМТда ўтказилаётган овоз беришларда нейтрал позиция”сини сақлаб турибди, бу эса мамлакатнинг “миллий манфаатларига мос келади”.

“Давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ўзгармас бўлиши лозим. Бу асосий принципдир. Мен ҳар доим халқаро майдонда бу ҳақда очиқ ва аниқ гапириб келганман. Яқинда БМТнинг энг юксак минбаридан туриб бу ҳақда яна бир марта билдирганим ҳам тасодиф эмас. Шундоққина ёнгинамизда кенг кўламли уруш боряпти. Буни эсда тутаркан, биз биринчи навбатда ўз мамлакатимиз хавфсизлиги ҳақида ўйлашимиз лозим”, деди Тоқаев.

Қозоғистон президенти ҳукуматга мобилизация эълонидан кейин Россиядан қочиб келаётган россияликларга кўмак кўрсатишни топширди. У “келаётганлар ёрдам олишади, бироқ уларга ҳеч қанақа имтиёз берилмайди”, дея қайд этди.

“Уларнинг кўпчилиги иложсиз қолгани туфайли кетишга мажбур бўлишган. Биз улар ҳақида қайғуриб, уларнинг хавфсизлигини таъминлашимиз лозим. Бу сиёсий ва гуманитар масаладир”, деди Тоқаев.

Айни пайтда Қозоғистон расмийлари мигрантлар оқиб келиши манзарасида биринчи галда ўз фуқаролари манфаатларини ҳисобга олишлари керак, дея бирдирди бош вазир Алихан Смаилов ҳукумат йиғинида. Унга кўра, бу аввало меҳнат бозорига тааллуқли.

“Қўшни мамлакатлардан келган мигрантлар мамлакатимизда фақат белгиланган қонунчилик доирасидагина ишлашлари мумкин”, деди Смаилов.

Россияда ҳарбий сафарбарлик эълон қилинганидан кейин Қозоғистонга келувчилар сони 2-3 баравар кўпайган, 21 сентябрдан бери мамлакатга 98 минг чоғли россиялик кириб келган. Россия Мудофаа вазирлиги урушга 300 минг киши сафарбар қилиниши мумкинлигини билдирган, бироқ оммавий ахборот воситалари сафарбар қилинганлар сони миллиондан ошиши мумкинлиги ҳақида хабар қилишмоқда.

Россия бомбардимон қилишда давом этаётган Харьковда гей парад ўтказилди

Харьковдаги гей парад иштирокчилари.

Россия армияси ракеталар ва артилерия орқали ўқ отишда давом этаётган Харьков шаҳрида 25 сентябрь куни гей парад ўтказилди деб хабар берди “Настояшчее время” телеканали. ЛГБТ+ паради хавфсизлик нуқтаи назаридан Харьков метросида ўтказилди ва унинг иштирокчилари сони ҳам чекланди.

Ташкилотчилар парад ўтказиш орқали Украина демократиясининг Россия тоталитар режимидан устунлигини кўрсатмоқчи бўлишганини айтишди.

“Биз учун бугун биринчи навбатда Украина, Украина учун кураш турибди. Ҳар куни биз қўлимиздан келган ҳаракатларни амалга оширмоқдамиз. ЛГБТ одамлар жанг қилишмоқда, волонтёрлик қилишаяпти, кўмак кўрсатишаяпти. Бугун биз бир оз вақт ажратиб, инсон ҳуқуқлари масаласини кўтармоқчи бўлдик”, деди "ХарьковПрайд" ташкилотчиларидан бири Анна Шаригина.

Парад иштирокчилари камалакранг рамзларни кўтарган ҳолда Харьков метросининг барча станцияларини айланиб чиқди. Улар Украина учун бошқалар билан бирдай курашаётганини, демак барча каби тенг ҳуқуққа эга бўлишлари шартлигини айтишган.

Россия 24 февралда Украинага бостириб кирганидан сўнг ЛГБТ ҳамжамиятига оид минглаб одамлар ҳам украин армияси ва кўнгиллилар отрядларига қўшилиб, рус армиясига қарши жанг қилмоқда. Қолган ЛГБТ фаоллар эса гуманитар ёрдам йиғиш ва тарқатиш билан шуғулланяпти.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG