Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:14

Россия расмийлари потенциал мухолифларининг ўтмишини кавлаяпти


Либерал мухолиф сиёсатчи Дмитрий Гудков уйида тинтув ўтказилаëтган пайтда ОАВга гапирмоқда, 1 июн 2021
Либерал мухолиф сиёсатчи Дмитрий Гудков уйида тинтув ўтказилаëтган пайтда ОАВга гапирмоқда, 1 июн 2021

Апрель охирларида Архангельск суди мухолифат етакчиси Алексей Навальнийнинг ушбу шаҳардаги маҳаллий офиси мувофиқлаштирувчисини Россия ҳукумати порнографик деб ҳисоблайдиган мусиқий видеони 2014 йилда тарқатганликда айблаб, 2.5 йилга озодликдан маҳрум қилди.

“Бунақа ишларнинг судгача етиб боришининг ўзи жуда ҳайратланарли”, дейди адвокат Наталья Звягина, айбланувчи Андрей Боровиков ўзига чиққан ҳукмни эшитишидан бироз аввал.

Ҳукумат 19 сентябрь куни Давлат Думасига бўладиган сайловларга тайёрланар экан, икки ҳафта олдин ҳайратланарли бўлиб кўринган ишлар ҳозир трендга айланиб қолди.

1 июнь куни расмийлар Думанинг собиқ депутати, нуфузли либерал мухолиф сиёсатчи Дмитрий Гудковни Москвадан 140 км. жануби‑ғарбдаги Коломна шаҳарчасида қўлга олди.

Унга қўйилаётган “фрибгарлик йўли билан моддий зарар етказиш” айблови Гудковга алоқаси бўлган компания 2011 йилда Москва муниципиал мулк идорасидан ижарага ертўла олгани билан боғлиқ.

Гудковнинг тарафдорлари айтишича, олинган мулк эгасига шартнома муддати тугаши билан 2015 йили таъмирлаб топширилган. Компания эса кейинроқ тугатилган.

Гудков 5 йилгача қамалиши мумкин.

Унинг отаси айтишича, Гудков бундай катта қарзи борлиги ҳақида қўлга олинган вақтдагина билган.

“Бу Дмитрий ва мендан қасос олиш учун қилинмоқда. Афтидан, уларга Дмитрий Гудков сайловларда иштирок этмаслиги ва мен Россияга қайтмаслигим учун ҳар қандай баҳона топишни буюришган”, дейди у телефон орқали Болгариядан Озодлик радиосига.

“Единая Россия” хавф кўрмоқда

Россияда сайлов мавсуми бошланар экан, ҳокимиятдаги “Единая Россия” партияси заифлашиши мумкин. Мустақил Левада марказига кўра, бу партия баҳсли пенсия ислоҳотини қўллагани ва президент Владимир Путиннинг 2036 йилгача ҳокимиятда қолишига йўл очадиган ўзгариш дохил қатор конституцион ўзгаришларни амалга оширгани учун омма сўровларида у энг паст натижаларни кўрсатмоқда.

2016 йилги Дума сайловларида “Единая Россия” овозларнинг 50 фоиздан сал кўпроғини олганига қарамай, Думада 90 фоиз ўринни эгаллаган.

Айни пайтда либерал мухолифат, уларга бўлган ҳозирги ҳужумлардан аввал, анча кучли кўринар эди. Улар Навальнийнинг ортида бирлашиб, 2018‑20 йиллардаги маҳаллий сайловларда “ақлли овоз бериш” тактикасини қўллаб нисбий муваффақиятга эришди.

Ушбу тактикага кўра, ҳукуматга мухолиф қарашдаги одамлар “Единая Россия”ни енгишга ёрдам берадиган исталган номзодга овоз бериши керак. Бунинг натижасида мисли кўрилмаган сондаги мустақил мухолиф номзодлар маҳаллий кенгашларда ғалаба қилди.

Ҳукуматнинг Навальнийнинг ташкилотларини тақиқлаш, мамлакат бўйлаб фаолларга босим ўтказиш, мустақил ОАВ ва интернетни чеклаш чоралари сайловлар назоратини қўлга олиш ва “Единая Россия” ғалабасини таъминлаш учун қилинмоқда деб кўрилмоқда. Бу партия орқали Путин ҳукумати сиёсий қудратнинг барча даражаларини қўлга тутиб туради.

“Очиқ Россия” ёпилди

Ҳозирда ёпилган ноҳукумат ташкилот “Очиқ Россия” ташкилотининг собиқ ижрочи директори Андрей Пивоваров 31 май куни Санкт‑Петербургдан учиб кетаётганда Краснодар шаҳридан берилган ордер асосида қамоққа олинди. “Очиқ Россия” 27 май куни ходимлари ва қўлловчиларини ҳукумат босимидан асраш учун ёпилган эди.

“Очиқ Россия” худди шу номдаги бошқа бир ташкилот Михаил Ходорковский томонидан тузилиб Британиядан рўйхатга олингандан сўнг Россияда ташкил топган эди. Ходорковскийнинг ташкилоти 2017 йили Россия ҳукумати томонидан “исталмаган ташкилот” деб таснифланган эди.

Янги “Очиқ Россия” фаоллари ва Пивоваров бу ташкилотнинг Британияда рўйҳатга олинган ташкилотга алоқаси йўқлигини айтадилар, аммо ҳукумат унга ҳам “исталмаган ташкилот” сифатида муносабатда бўлди.

Пивоваровни 2020 йил августида Краснодар ўлкасидаги Ейск шаҳарчаси маҳаллий кенгаши аъзоси, “Яблоко” партиясидан Александр Коровайнийнинг маҳаллий сайловларда мухолиф номзодларни қўллашга чақириб ёзган постини улашгани учун айблашди. Прокурорларнинг айтишича, бу улашиш “исталмаган ташкилот ишини қилиш бўлган”.

Агар айбдор деб топилса, Пивоваров икки йилдан олти йилгача қамалиши мумкин. Унинг ишонишича, бу айбловлардан мақсад уни Дума сайловларида иштирок этиши олдини олишдир.

2 июнь кунги Краснодарда ўтган суд тингловида Пивоваров ўзига қўйилаётган айбловларни “томоша” деб атаб, прокурорлар “Facebook”даги постни ҳукуматга таҳдид деб “биз билан ҳазиллашишаётган” бўлса керак, деб қўшимча қилди у.

“Current Time”га берган изоҳида Давлат Думаси депутати, Россия Либерал Демократик партиясидан Сергей Иванов таъқиблар кучайиб бораётгани боис, келгуси сайловларда номзодини қўймаслигини айтди.

“Ҳозирги муҳим муаммо шуки, ҳеч ким таъқиблардан ҳимояланмаган, миллионер олигархдан тортиб, оддий фуқарогача, – дейди у. – Улар исталган одам олдига ҳеч қандай сабаб айтмай келиши, қидирув эълон қилиши, қамоққа олиши мумкин. Бу ерда сиёсат билан шуғулланишдан маъно йўқ.”

XS
SM
MD
LG