Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2019, Тошкент вақти: 13:25

Интернетда амалдорни "беҳурмат" қилган россиялик безориликда айбланиши мумкин


“Единая Россия” партияси аъзоси, сенатор Андрей Клишас.

Россия Конституцияcининг 25-йиллиги нишонланаётган 12 декабрь куни ҳукумат вакилларига ҳурматсизлик билдирганларни жавобгарликка тортувчи қонун лойиҳаси Давлат Думаси муҳокамасига киритилди.

“Единая Россия” партияси вакиллари томонидан ишлаб чиқилган янги ўзгартишлар кучга кирса, ҳокимият ҳақида ёмон фикр билдирган россияликлар ва нашрлар “майда безори” сифатида жаримага тортилади.

Парламентга киритилган қонун лойиҳасида давлатга, давлат органига ва Конституцияга Интернетда билдирилган “аниқ ҳурматсизлик” аломатлари мавжуд материаллар учун жавобгарликка тортиш чоралари кўзда тутилган.

Ҳужжат қонунчилик палатаси расмий сайтида чоп этилди.

“Ахборот, ахборот технологиялари ва маълумотлар ҳимояси тўғрисида” ҳамда “ОАВ тўғрисида”ги федерал қонунларга киритилаётган ўзгартишларга биноан, ҳукумат аъзолари ҳақида “беҳурмат” гап-сўзларни битганларга 1 мингдан 5 минг рублгача жарима ёки 15 суткага маъмурий ҳибс чораси қўлланилиши кўзда тутилган.

Агарда мақола-репортажда амалдорга нисбатан жиддийроқ ҳақорат борлиги аниқланса, жиноий жавобгарликка тортиш масаласи ҳам кўтарилди.

Лойиҳа муаллифлари - “Единая Россия” ҳокимият партияси вакиллари сенаторлар Андрей Клишас, Людмила Бокова ва депутат Дмитрий Вяткинлардир. Улар “ҳурматсизлик материаллари”ни чоп этганларни “майда безорилик” содир этганларга тенглаштириш, материалларини эса, блок қилишни таклиф қилмоқда.

Шунингдек, Путин партияси вакиллари Госдумага “оммавий тартибсизликларни келтириб чиқарувчи” ва “одамлар ҳаёти ва соғлигига хавф-хатар етказувчи шубҳали маълумотларни” Интернет ва оммавий ахборот воситаларида тарқатишни чеклаш борасида ҳам янги чора-тадбирларни жорий қилиш таклифини илгари сурди.

Янги тартибга кўра, “шубҳа уйғотган” материаллар тармоқда тарқатилиши тақиқланган “Экстремистик материаллар Федерал рўйхати”га киритилади.

Ўтиб бораётган 2018 йилда Россияда Интернетда чоп этилган фикр-мулоҳазалар учун жавобгарликка тортиш ҳолатлари урчиди. Энг кўп ишлар Россия Федерацияси ЖК 282- моддаси (Нафрат ёки адоват қўзғатиш ва инсон қадр-қимматига путур етказиш) асосида қўзғатилгани эътиборга молик.

Мухолиф кучлар ва халқаро жамоатчилик норозилигини келтириб чиқарган бу қонунбузарлик учун жиноий жавобгарликни маъмурийга ўзгартириш таклифини Думага Владимир Путиннинг шахсан ўзи киритган эди.

Кузатувчилар ва ҳуқуқ ҳимоячилари Владимир Путин тарафдорлари томонидан жорий этилаётган бу қадамларни сўз эркинлигига босимни кучайтириш ва демократик конституциявий тамойилларнинг топталиши ўлароқ баҳоламоқда.

Айни дамда Интернет орқали «ноқонуний намойишларни» уюштиришда айбланиб, 16 кунга қамалган машҳур россиялик инсон ҳуқуқлари фаоли, 77 яшар Лев Пономарёв Москва қамоқхонасида қолмоқда.

XS
SM
MD
LG