Линклар

Шошилинч хабар
05 август 2021, Тошкент вақти: 09:34

Россия Тергов қўмитаси: Ички ишлар Алексей Навальний сўзларини экстремизмга текширмоқда


Алексей Навальний Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиси

Россия Тергов Қўмитаси россиялик мухолифатчи Алексей Навальний устидан тергов бошлангани тўғрисидаги гап-сўзларни инкор этди. Терговчилар тафтишни Ички ишлар вазирлиги олиб бораётганини маълум қилмоқда.

Охирги 10 йилда ўнлаб маъмурий, арбитраж ва жиноят ишлари нишонига айланган Алексей Навальний "таҳдидларга аҳамият бермаслигини" билдирди.

Россия Тергов қўмитаси ТAСС ахборот агентлигининг россиялик мухолифатчи, амалдаги президент Владимир Путинниг ашаддий танқидчиси Aлексей Навальнийни экстремизмда гумонланаётгани тўғрисидаги хабарларни рад этди.

"Россия Тергов қўмитасининг Москва бўйича Бош тергов бошқармасида A.Навальнийнинг баёнотларига оид текширув тўғрисида оммавий ахборот воситаларида тарқатилган маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмайди", дейилади Тергов қўмитаси сайтида.

Шу йилнинг 1 декабр куни Россиянинг ТАСС агентлиги ўз манбасига таяниб Навалний жорий йилнинг 27 апрел куни "Эхо Москви" радиоси жонли эфирида айтган гаплари устидан текширув бошланганини айтганди.

Алексей Навалний 18 кун комада ётди.
Алексей Навалний 18 кун комада ётди.

Агентликнинг ҳуқуқ - тартибот идорасидаги манбаси рус мухолифат етакчиси гўё Россияда “конституциявий тузумни зўравонлик билан ўзгартиришга” даъват этган.

"Ушбу баёнотга асосланган ҳолда, 30-ноябр куни мухолифатчининг экстремистик ҳаракатларга жамоатчиликни даъват этиш устидан текширув бошланган", дейилади ТАСС хабарида.

Ахборот агентлиги ушбу айблов бўйича 5 йил қамоқ жазоси белгиланганини хабар қилди.

Бир кун ўтиб бу хабар Россия Тергов қўмитаси томонидан рад этилди. Қўмита ўзининг расмий веб-сайтида Навальний сўзларини текшириш билан Тергов қўмитаси эмас, балки Москва Ички ишлар бошқармаси шуғулланаётганини билдирди. Аммо Россия пойтахти полицияси бу хабарни ҳозирча изоҳлаганича йўқ.

Россия расмий идораларининг бундай муносабатига рус мухолифатчиси Алексей Навальнийнинг 27 апрел куни "Эхо Москви" радиосида гапирган фикр-мулоҳазалари сабаб бўлди:

- Биласизми, ҳукуматимиз менга ёмонлик қилиш учун 60 миллион одамни оч қолдиришга тайёр бўлса, бундай ҳукуматни эҳтимол зудлик билан, керак бўлса куч ишлатиб, ағдариш керак. "

Радио бошловчиси Навальний ҳукуматни ағдаришга даъват этмаётгани, шунчаки мулоҳаза юритаётганини тахмин қилди.

ТАСС хабари чиққан куниёқ Алексей Навальний унга қўйилаётган айбларга изоҳ берди. Инстаграм саҳифасида у ўз сўзларидан қайтмаслигини маълум қилди:

- Aлбатта, мен шундай деб ўйлайман. Маълум бир сиёсатчига"ён босмаслик" учун одамларни оч қолдиришга тайёр бундай ҳукумат, албатта ағдарилиши керак. Чунки бу халқ душманлари ҳокимиятидир. Улар фақат ўзларини, бойликларини ва ўринларини ўйлашади. Бу экстремизмми? Унда иш қўзғатаверинг, - деди мухолифат лидери.

2020 йилнинг 18 июнь куни Киров вилояти собиқ вице-губернатори Сергей Карнаухов Навальнийнинг “Эхо Москви”даги сўзларини текшириш талаби билан Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ)га мурожаат қилган эди.

Ҳуқуқшунос Павел Чиков Твиттердаги саҳифасида экстремизмга оид ишлар одатда Федерал хавфсизлик хизмати томонидан олиб борилишини таъкидлади.

Владимир Путинга мурожаат қилган Алексей Навальний эса "таҳдидларга аҳамият бермаслигини" билдирди.

У даволанишни тугатганидан сўнг Россияга қайтишини маълум қилди, аммо аниқ санасини айтмади.

Навальний заҳарланиш асоратлари билан 20 август куни Омскда касалхонага ётқизилганди – унинг аҳволи Томскдан Москвага парвоз қилаётган учоқнинг ичида ёмонлашган. 22 август куни мухолифатчи Берлиндаги «Шарите» клиникасига кўчирилган. У икки ҳафтадан кўпроқ комада ётган.

Навальнийнинг анализ намуналари қатор Европа давлатларидаги лабораторияларда текширилди ва мутахассислар Навальний "Новичок" туркумига кирувчи кимёвий қурол воситасида заҳарланганини аниқлади.

Россия 30 ноябрда яна халқаро танқидлар нишонига айланди. Ғарб давлатлари Россиядан яна мухолифатчи Алексей Навальнийнинг заҳарланиши юзасидан тушунтириш талаб қилди.

XS
SM
MD
LG