Линклар

Шошилинч хабар
21 май 2022, Тошкент вақти: 18:23

Украинанинг кибераскарлари кимлар ва улар Россияга қарши қандай урушмоқда?


Украина ҳукумати 300 минг кишилик “киберармия”си борлигини маълум қилди. Бу – Украина ичидаги ва чет элдаги ширкатларда ишлаётган, айни чоғда Россия агрессиясига қарши компьютерда кураш олиб бораётган профессионал “айтишник”лар қўшинидир. Улар кунда Россия сайтларига, ижтимоий тармоқлардаги канал ва гуруҳларига киберҳужумлар уюштиришади. Мақсад – аввало, россияликларга Украинадаги урушга доир бор ҳақиқатни билдириш, қолаверса, босқинчи мамлакат иқтисодиётига зарар етказиш.

“Биз Россия сайтларини “ётқизиб қўядиган” махсус тизим ишлаб чиқяпмиз. Бу бирон инфратузилма лойиҳалари, турли хабар сайтлари ва ҳоказолар бўлиши мумкин: тизимнинг асосий ғояси – Россиядаги одамларга ҳар куни барча каналлар тиқиштираётган пропагандани ўқитмаслик. Шунинг учун бу сайтлардан айримларини “чалажон” қилиб қўямиз”, дейди Украина IT-армияси вакилларидан бири.

Украиналик IT-мутахассислари бу ишлар билан “қалб амрига кўра” шуғулланишмоқда. Айтишларича, душманга қарши бу йўсин кураш олиб боришни ҳукуматга ўзлари таклиф қилишган. “Кибераскарлар” кўпроқ Россиянинг янгилик ресурсларини блоклаб қўйишмоқда экан.

“Бу яхши самара беради, бизда жуда яхши тизим бор, у сайтларга Россиянинг ўзидан ҳужум қилади. Ва, табиийки, четдан бўладиган ҳужумлардан кўра шунақа ҳамлаларни даф қилиш қийин кечади, керак бўлса, бутун бир мамлакатни узиб қўйиш мумкин”, тушунтиради украин “кибержангчи”си.

Киберармия аъзолари интернетдаги урушларда Google хариталаридан ҳам фойдаланишмоқда.

“Биз бир дастур яратдик: у урушнинг ҳақиқий фотосуратларини, жанглар ва қурбонлар тасвирларини хариталарга киритади. Суратларни атай Россиянинг Google хариталаридаги энг машҳур жойларига қўшиб қўямиз. Бужуда муҳим, чунки россияликларнинг 80 фоизи ҳаққоний ахборотни олиш имконига эга эмас: уларнинг телевизорлари фақат давлат пропаганасини кўрсатади, асл воқеликни эмас”, дейди Youtube’даги “IT на миллиард” канали мутахассиси Эдуард Водопьянов.

Украин “киберпартизанлари” тармоққа жойлаб, россияликларга йўналтирган дастлабки видеороликлардан бири Украинада ўлдирилган ва жасади ҳар ерда қолиб кетган рус аскарларини сунъий идрок ёрдамида таниб олиш ва уларнинг ўлими ҳақида қариндошларига хабар бериш дастурига бағишланган эди.

“Жасад топилганидан сўнг сунъий интеллект ижтимоий тармоқлардан уни излаб топади. Ёки, агар ўлдирилган одамнинг тармоқда гуруҳ бўлиб тушган сурати бўлса, дастур унинг дўстлари ва қариндошларига тегишли аккаунтларни топади. Кейин биз ўлган аскарнинг яқинларига хабар жўнатамиз ва жасаднинг фотосуратини илова қиламиз”, дейишади украин “айтишниклари”.

Украина IT-армияси маълумотига кўра, улар шу йўл билан қарийб 600 рус аскарининг мурдаларини таниб олиб, Россиядаги қариндошларини хабардор қилишган. Бунақа дастурлар устида кимлар иш олиб бораётгани ва ушбу маълумотларни кимлар таҳлил қилаётгани махфий маълумот ҳисобланади. Шунингдек, киберармия аскарларининг исмларию манзиллари ҳам сир. Тинчлик вақтида уларнинг DDoS-ҳужумлари жиноят саналади. Бироқ уруш шароитида Украина ҳукумати бунақа ҳамлаларни рағбатлантириб, Россияга қарши кураш усулларидан бирига айлантирган.

Украина рақамли трансформация вазирининг ўринбосари Александр Борняков кибераскарлар махсус телеграм-канал орқали топшириқ олишларини, топшириқ қачон ва ким томонидан бажарилишини ҳеч ким била олмаслигини айтади.

“Бу ҳужумларни ким, қаердан уюштираётганини, ҳакерлар қаердалигини ҳеч кимса билмайди, яъни ҳеч қанақа персонал контактлар йўқ. Биз ўз юртига кўмаклашиш ва урушни тезроқ битириш истагида юрган ёш ватанпарвар йигит-қизларни бирлаштирдик. Ва улар мутлақо текинга ишлашяпти”, дея тушунтиради у.

Украина кибержангчилари Россияга оид юзлаб сервисларга, иловаларга, ФСБ ва Кремль сайтларига, давлат хизматлари сайти, Москва биржаси сайти ва бошқа кўплаб веб-ресурсларга муваффақиятли ҳужумлар уюштиришганини айтишмоқда.

“Кремль сайтини “ётқизиб қўйдик”, “Тинькофф” банки ва соғлиқни сақлаш вазирлиги сайтларини ҳам, уларнинг ҳаммаси бизнинг нишонимизда”, дейди Святослав исмли IT-мутахассис.

Святослав IT-армиянинг тажрибали вакилларидан бири бўлиб, ёш аскарлар учун киберҳужумлар уюштиришга доир қўлланма ёзишга улгурган. Ўз таъбирича, қўлланма “Украинани қурол билан ҳимоя қила олмайдиган, аммо интернет ва интеллект ёрдамида Россияга қарши урушишга шай йигит-қизларга аталган”.

Александр Борняков Россия ресурсларига узлуксиз киберҳужумлар душман иқтисодиётини ҳолдан тойдириш учун зарурлигини урғулайди.

“Улар урушни иқтисодиёт ҳисобидан молиялашмоқда. Иқтисодий инфратузилмаларига зарба бераверсак, эртами кечми уруш учун пул топишлари қийинлашади. Буни “минг тилим стратегияси” дейишади: ҳар бир шунақа ҳужум душман танасини тирнаб, бир неча томчи қонини оқизади ва алал-оқибат уни йиқитади”, дейди вазир муовини.

Украина киберқўшинига бошқа мамлакатлар IT-армиялари ҳам ёрдам бермоқда. Шунингдек, Anonymous халқаро ҳакерлар гуруҳи ҳам Россия давлат идораларининг сайтларига тез-тез ҳужумлар уюштиряпти. Сўнгги ҳамлалардан бирида улар Россия Марказий банки сайтини бузиб кириб, молиявий тузилмаларга доир 28 гигабайт маълумотни тармоқда тарқатишган эди. Anonymous ҳакерлари яна Россия авиарегуляторининг маълумотлар базасини ҳам бузиб, жуда кўп ҳужжатларни ўчириб ташлашди.

Андреевка қишлоғи: Рус ҳарбийлари излаган "бандерачилар" ва "НАТО аскарлари"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:03 0:00

Беларуснинг Лукашенкога қарши курашаётган “Киберпартизанлар” ташкилоти ҳам айни чоғда Украина мудофаасига бош қўшмоқда. Ўтган бир ой ичида улар “Беларусь темир йўллари”га уч марта ҳужум қилишди.

“Қўл қовуштириб туришни ўзимизга эп кўрмадик, биз душман логистика йўналишларига зарба бердик. Орада Россия ҳарбий поездлари ҳаракатини тақа-тақ тўхтатиб қўйгандик, озир ҳаракатни қисман тиклашяпти, тижорат поездларидан фойдаланишяпти. “Киберпартизанлар” Беларусь мухолифати билан ҳамкорлик қилади, уларда беларус ҳарбий хизматчиларининг маълумотлари бор – вақти-вақти билан бирваракайига ҳаммага хабар йўллаб, қўнғироқлар қилиб, уларни Украинадаги урушга тортишларидан огоҳлантириб келяпмиз”, дейди ташкилот вакили Юлиана Шеметовец.

Бир неча кун аввал Россия ТИВ ўз баёнотида мамлакат ёлланма “кибераскарлар”нинг “мисли кўрилмаган кўламдаги” ҳужумларига йўлиқаётганини айтиб нолиган эди.

“Давлат муассасалари, оммавий ахборот воситалари, муҳим инфратузилма объектларига ҳар куни илғор ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида кучли ҳужумлар уюштирилмоқда”, дейилади баёнотда.

Бироқ Россия ҳукумати россиялик ҳакерлар ҳам Украина ресурсларига қарши шунга ўхшаш ҳужумларни амалга ошираётгани ҳақида лом-мим демайди.

XS
SM
MD
LG