Линклар

Шошилинч хабар
21 июл 2019, Тошкент вақти: 15:52

Донбассда Украинага қарши жанг қилган ўзбекистонлик Россияда қўлга олинди


Руслан "Лочин" Бабажанов Украина Шарқида

28 сентябрь куни Россиянинг Нижний Новгород шаҳри аэропортида Ўзбекистон фуқароси, 39 яшар Руслан Бабажанов қўлга олинди. Бу ҳақда “ДНР Мобилизацияси ва пропагандаси қошидаги Ижтимоий коммуникациялар қўмитаси“@КСК ДНР” Твиттер орқали хабар қилди.

Айтилишича, Руслан Бабажанов Украина шарқидаги тан олинмаган “Донецк халқ республикаси” (ДНР) айирмачилари жанговар тўдалари таркибида “Лочин” лақаби билан ҳарбий ҳаракатларда фаол иштирок этган.

Лочин позивнойи остида ДНРдаги ҳарбий ҳаракатларда иштирок этган кўнгилли Руслан Бабажанов 28 сентябрь куни Нижний Новгород аэропортида ушланди. Уни экстрадиция қилишмоқчи. Русланда ДНР паспорти бор, ундан ташқари у – Ўзбекистон граждани”, дейилади сепаратчилар расмий хабарномасида.

Хабар ортидан "Федеральное агентство новостей" ахборот агентлиги Русланнинг ҳимоясига отланган “Донбасс жанговар жасорати музейи” раҳбари Герман Владимировга таяниб, Русланнинг 2014 йилдан бошлаб кўнгилли сифатида Донбассга етиб келгани ҳақда ёзди:

- У Саур-Могила ва Донецк аэропорти каби энг қайноқ нуқталардаги жангларда иштирок этган “Восток” батальонида жанг қилган. Бизнинг Нижнийдаги сафдошларимиз адвокат билан унинг олдига кетишаяпти. Биз бу ишни қаттиқ назорат остига олдик, деган агентликка берган интервьюсида Герман Владимиров.

Айирмачилар ташкилоти вакилининг айтишича, Ўзбекистон фуқароси бўлган Бобожонов “Россия қонунчилигига мувофиқ паспортига кирди-чиқди муҳрини урдириш учун чегарага борган”. У Нижний Новгороддан Ростов-Донга учиб кетаётганида аэропорт транспорт полицияси томонидан қўлга олинган.

Полиция бўлимида “Руслан Жуманазарович Бабажанов” исмли шахс Интерпол сўрови билан полиция “қизил рўйхатида”, яъни халқаро қидирувда экани унга маълум қилинган.

Озодлик Украинанинг “Миротворец” сайтида 1979 йилнинг 27 сентябрида туғилган Руслан Бабажанов “Россия "наёмниги", ноқонуний ҳарбий бўлинма жангариси” сифатида 2015 йилдан буён қидирувда эканини аниқлади.

Шунингдек, исм-фамиялисини ва жангарилар тарафида туриб ҳарбий ҳаракатларда иштирок этганини яширмай келган Руслан Бабажановнинг “Одноклассники” тармоғидаги саҳифасида уруш ҳаракатлари олиб борилган жойларда тушган кўплаб фотосуратларини кўриш мумкин.

Айни дамда, Украина Шарқидаги можарода сепаратчилар тарафида жанг қилган ёлланма аскарлар Россия ҳукумати томонидан ҳибсга олинаётгани тўғрисида бошқа хабарлар ҳам тарқалмоқда.

Приволжский Федерал округи бўйича Транспортдаги полиция бошқармаси мулозими Озодлик расмий сўровига Ўзбекистон ватандоши ҳибс этилгани борасида ҳеч қандай маълумотга эга эмасликларини билдирди.

- Ҳозирча бу ҳақда ҳеч қандай маълумот бера олмайман, бирор хабар чиқса расмий сайтимизда чиқарилади, деди майор Ольга Поройкова.

Руслан Бабажанов 3 йилдан ортиқ вақт давомида "ДНР" сафида бўлган
Руслан Бабажанов 3 йилдан ортиқ вақт давомида "ДНР" сафида бўлган

Донбассдаги айирмачи гуруҳларнинг ашаддий ҳимоячиси бўлган “Комсомольская правда” нашри Руслан Бабажанов ҳимоясига махсус мақола ҳозирлади. Унда янги қонунчиликка мувофиқ украин сепаратистлари билан бир сафда жанг қилган Руслан Ўзбекистонда 12 йилга қамалиши мумкинлигидан хавотир билдирилган.

Мақолада Руслан Донбассга 2014 йилда ўз хоҳиши билан жанг қилгани келгани, ДНРда малакали жангчи сифатида ном чиқаргани ва “ДНР” гражданлигини олгани ва 2017 йилда Россияга қайтиб келгани, бу ерда у черковларни таъмирлашда ва қурилишларда ишлагани айтилди.

Ўзбекистоннинг Украинадаги элчихонаси ўзбек гражданларига ҳарбий ҳаракатларидан узоқроқ юришни тавсия қилиб, Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 154- моддасида “ҳарбий тўқнашув ёки ҳарбий ҳаракатларда фойдаланиш” 7 йилдан 12 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланишини эслатиб қўйганди.

Озодлик Украина шарқидаги можарода урушаётган ҳар икки тарафда ҳам ўзбеклар ва ўзбекистонликлар борлиги тўғрисида хабар берган.​

Ўтган йилнинг март йоида фарғоналик 34 яшар Маъруфжон Нишонов снайпер қуролидан ўқ отаётганида украин жангчилари томонидан йўқ қилингани тўғрисида Украина Қуролли Кучлари зобити хабар қилди.

2016 йилнинг 19 сентябрида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Харьков вилоятида жосусликда гумон қилиб, Ўзбекистон ватандошини қўлга олди. Давлат Чегара хизмати ўзбекистонлик “Плетенёвка” назорат пункти борасида махфий техника ёрдамида маълумот йиғишга Россия томонидан жўнатилганини иддао қилгани тўғрисида Озодлик хабар қилган эди.

2016 йилнинг 16 августида Украина Хавфсизлик хизмати (СБУ) Донбассдаги Широкино қишлоғи атрофида украин аскарларини ўққа тутганликда айбланаётган Ўзбекистон ватандошини ҳибсга олган эди. 1996 йилда туғилган тошкентлик Александр Брикин Донбасс айирмачилари тарафида жанговар ҳаракатларга пул ишлаш мақсадида қўшилганини билдирган.

Украина ҳукумати Россия Федерацияси чегараси томонидан нафақат яхши қуролланган жанггарилар, балки ҳарбий техника, жумладан танклар, БМП, БТР, “Град” ракета мосламалари ва амуниция киритилаётгани қайд этилаётгани тўғрисида исбот-далилларни келтирмоқда.

Россия ҳукумати ва шахсан президенти Владимир Путин эса Украина можаросига рус ҳарбийлари ва ФСБсининг мутлақо алоқаси йўқлигини такрор ва такрор таъкидлаб келмоқда.

Донбассда Киев кучлари ва россияпараст айирмачилар ўртасида содир бўлган жанглар оқибатида 1200 ҳарбий ва 5400 нафар тинч аҳоли вакили ҳалок бўлганини расман билдирган эди.

Германияда чиқадиган The Frankfurter Allgemeine Sanntagszeitung газетаси, немис разведкасидаги ўз манбаларига таянган ҳолда, Украина шарқида қуролли тўқнашувлар бошланган 2014 йил апрелидан буён камида 50 минг киши ҳалок бўлгани, бу эса расмий маълумотларда келтирилаётган рақамлардан ўн баробар кўплигини ёзиб чиққанди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG