Линклар

Шошилинч хабар
10 декабр 2019, Тошкент вақти: 04:42

OCCRP: Россия йирик инвестиция банкининг пул ювиш схемаси фош этилди (ВИДЕО)


Рубен Варданян (ўнгда) америкалик таниқли актёр Жорж Клунини қарши олмоқда, Ереван аэропорти, 22-апрель, 2016-йил

Россиянинг энг йирик хусусий инвестиция банки глобал миқёсда 9 миллиард долларлик ноқонуний пулни легаллаштириш схемасини қўллаб келганликда гумон қилинмоқда. Сараеводаги халқаро миқёсда суриштирув журналистларининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси (OCCRP) фош этган ушбу схемага Россия раҳбариятининг алоқадор экани тахмин қилинмоқда.

OCCRP 4 мартда эълон қилган тергов ҳужжатида айтилишича, “Тройка ландромати” номини олган 8,89 миллиард долларлик схема коррупциялашган сиёсатчилар ва уюшган жиноий гуруҳларга ноқонуний йўллар билан топилган маблағларни легаллаштириш, солиқ тўлашдан қочиш, активларни хорижда яшириш ва бошқа ғайриқонуний фаолият билан шуғулланиш имконини берган.

Тергов ҳужжатида Россия президенти Владимир Путиннинг эски дўстларидан бири, рус виолончелисти Сергей Ролдугин схеманинг асосий фойдахўрларидан бири сифатида тилга олинади.

OCCRP ташкилоти олдинроқ “Россия ландромати” ва Озарбайжон ландромати” деб аталган худди шундай 2та схемани фош қилган эди. Бунга 15min.lt Литва хабарлар сайти қўлга киритган банк амалиётлари ҳақидаги маълумотларнинг энг йирик ҳажмда сиздирилиши сабаб бўлди.

Сиздирилган маълумотлар турли манбалардан олинган ва уларда 238 минг компания ҳамда жисмоний шахслар жўнатган 1,3 миллион доллар миқдоридаги пулни кўчириш амалиёти қайд этилган. Жўнатилган пул миқдори 470 миллиард доллардан ошади.

OCCRPга кўра, ташкилот бутун дунёдаги 22 та шериги билан бирга “Тройка ландромати”нинг фойдахўрлари ким эканини аниқлабгина қолмай, уни ташкил қилиб, ишлатган юридик шахсни ҳам аниқлашга муваффақ бўлганини билдирган.

Даъво қилинишича, ўша юридик шахс Россиядаги энг йирик “Тройка Диалог” хусусий инвестиция банки бўлиб, уни рус-армани сармоядор банкир Рубен Варданян бошқарган.

OCCRPнинг тергов ҳужжатларида айтилишича, “Тройка ландромати” 2006 йилдан 2013 йил бошига қадар фаолият кўрсатган. У ўзаро боғланган 75 та офшор компаниясидан иборат бўлган ва булардан 35 таси Литванинг 2013 йили ёпилган мунозарали “Ukio Bankas” банкида ҳисоб рақамларини очган.

"Россиядан миллиардлаб доллар пул “Тройка Диалог” кўрсатмаси билан Ukio ҳисоб рақамларига юборилган", - дейилади тергов ҳужжатларида. - "Маълум ва номаълум олувчиларга жўнатишдан олдин пул бўлакларга бўлинган ва уни ҳалолловчи компаниялар ўртасида бир-бирига узатилган. Пул кўчиришлар қалбаки бўлиб, мавжуд бўлмаган товарлар учун тўлов қоғозлари сифатида расмийлаштирилган. Пулнинг тизимдан чиқиб кетиш вақтида Австрия ва Германия банклари орқали Ғарб мамлакатларидаги банкларнинг корреспондент ҳисоб рақамларига кўчирилган".

Ўша пайтда кўпчилик ғарбпараст ва тараққийпарвар, деб ҳисоблаган Варданян “Тройка Диалог”нинг президенти ва бош директори бўлган.

Унинг схемадан хабари бўлгани ёки бўлмагани маълум эмас: “У бу ишни қилганига аниқ исбот йўқ". Лекин ҳужжатда Ролдугин “Тройка ландромати” орқали 69 миллион доллар олган, дейилади.

Ҳаром пулни ҳалоллаш билан боғлиқ тергов ҳужжатида Ролдугиннинг исми биринчи марта тилга олинаётгани йўқ. Ушбу фамилия 2016 йили фош бўлган “Панама ҳужжатлари”да ҳам қайд этилган ва унинг қўл остидаги офшор фирмалар тармоғи миллиардлаб доллар пул билан банк амалиётлари ўтказгани қайд этилган. Аммо, Путин ҳукуматига яқин кўрилган Ролдугин ноқонуний иш қилганига оид ҳар қандай айбловни қатъиян рад этиб келади.

OCCRP тергов ҳужжатларида яна “Тройка ландромати” ноқонуний пулни ҳалоллаш схемасидан ташқари “бекитиқча пулларни сақлаш фонди, яширин инвестиция ва солиқдан қочиш воситаси” ҳам бўлгани қайд этилади.

XS
SM
MD
LG