Линклар

Шошилинч хабар
30 ноябр 2021, Тошкент вақти: 13:51

Россияда коронавирусдан ўлганлар кўплигидан моргларда жой етишмаяпти (ВИДЕО)


Россияда бир кеча-кундузда 1163 бемор коронавирусдан ўлди – бу пандемия бошланганидан бери энг юқори кўрсаткичдир. Янги касалланганлар сони эса бир суткада 40 мингга етаёзди.

Мамлакатда коронавирус юқтирган ва ковиддан ўлганлар сони бир неча ойдан бери муттасил ортиб бормоқда. Ўлим кўплиги сабабли бир неча минтақада морглар тўлиб-тошган. Расмийлар бу маълумотни инкор этишмоқда, аммо маҳаллий аҳоли вакиллари ўликхоналарда елим халталарга жойланган жасадлар шундоққина ерда ётганини айтмоқда.

“Настояшчее время” телеканали Иваново вилоятидаги морглардан бирида олинган видеотасвирларни намойиш этди. Видеода қора елимхалталарга солинган бир талай жасад шундоққина ерда қалашиб ётганини кўриш мумкин. Махсус контейнер ичида эса майитлар устма-уст тахланган. Ўликхона ходимлари ўз тилида “қайта юклаш” деб аталадиган иш билан банд. Моргда ишловчилар бир кунда бу қадар кўп жасад йиғилганини биринчи марта кўриб туришганини айтишади.

“Бир санитаримизнинг тоби қочиб қолганидан сўнг юклашни оз сонли ходимлар, жумладан, аёллар кучи билан давом эттиряпмиз. Ёқимсиз манзара, албатта. Қараганда одамнинг эти жимирлаб кетади”, дейди Иваново шаҳридаги 4-сонли клиник шифохонанинг паталоганатомия бўлими мудираси Елена Бойко.

Челябинск ва Уфада ўликхоналар бинолари ёнида навбат кутиб турган қавм-қариндошлар издиҳоми ва дафн этиш хизмати махсус автомобиллари одатий манзарага айланган. Жасадларни эгаларига беришга улгуришмаётгани сабаби шундаки, ҳар бир ҳолатда паталоганатомлар ўликни ёриб кўриши керак. Мурдалар ҳаддан зиёд, уларни ёриб кўрадиган мутахассислар эса пандемиядан олдин ҳам етишмасди.

Бошқа жойларда ҳам айни аҳвол. Хусусан, пайшанба куни кечқурун Екатеринбург шаҳрида паталоганатомлар “навбатида” 80 та ўлик бор эди, дейишади маҳаллий аҳоли вакиллари.

Свердлов вилояти ССВ Екатеринбург ўликхоналарида жой танқислиги ҳақидаги маълумотни тасдиқлаганича йўқ, бироқ маҳаллий ахборот агентлиги хабарига кўра, камида иккита – 14 ва 24-сонли касалхоналар қошидаги морглар жасадларга тўлган. Жумладан, 14-клиника ўликхонасида ҳатто маросимлар залида ҳам майитларни сақлашаётган экан.

Курск вилояти Железногорск шаҳридаги касалхонанинг паталоганатомия бўлими мудири Валерий Жирнов муаммони камера қаршисида тан олган ҳозирча ягона расмий ходимдир.

“Биздаги совуткич 12 ўринли. Баъзан жой етишмай қолади. Нима қиламиз, биласизми? Жасадни аравачага ортиб, совуткич ёнида қолдирамиз. У хона иситилмагани сабабли ҳар ҳолда ўлик сақлашга ярайди”, дейди у.

Айрим минтақалар, масалан, Иваново вилоятида расмийлар моргларда жой етишмаслиги муаммосига ечим топиш учун ФВВ ходимларини жалб этишмоқда. 30 октябрдан бошлаб касалхона ҳудудида чодирларга жойланган бир нечта кўчма совуткич ишлаяпти. Қолган ҳудудларда эса, тиббиёт ходимлари таъбирича, ноябрнинг аёзли ҳавосидан умид қилишмоқда.

XS
SM
MD
LG