Линклар

Шошилинч хабар
03 май 2024, Тошкент вақти: 08:15

Росстат: РФ минтақаларида аҳолининг табиий камайиши ўнлаб марта ошган


Федерал давлат статистика хизмати (Росстат) маълумотига кўра, Россиянинг айрим минтақаларида аҳолининг табиий камайиши 2019 йилга қиёсан ўнлаб маротаба, бутун мамлакат бўйича эса ўртача икки баравардан ортиққа ўсган.

Маълумотда Украинадан аннексия қилинган Қримга оид демографик кўрсаткичлар ҳам ҳисобга олинган.

Жумладан, Татаристонда 2020 йилда табиий камайиш (ўлимлар сонининг туғилиш сонидан ортиқлиги) 12 981 кишини ташкил қилганки, бу 2019 йилдагидан 72 карра кўпдир – ўша йили аҳоли камайиши, расмий қайдларга кўра, 180 кишига тенг бўлган.

РБК агентлиги Татаристоннинг бу борадаги кўрсаткичи аҳоли табиий камайишининг ўртача кўрсаткичи икки ярим мартадан ортиқ бўлмаган бошқа Волгабўйи минтақаларига нисбатан жуда юқорилигини урғулаган. Санкт-Петербургда аҳоли камайиши 47 бараварга – 2019 йилдаги 308 кишидан 2020 йилда 17 848 кишига ортган.

Москва эса, Росстатга кўра, аҳоли сони камайиши бўйича мутлақ етакчилик қилмоқда. 2019 йилда пойтахт аҳолисига 16 мингдан зиёд киши қўшилган бўлса, 2020 йилда нуфус қарийб 25 мингга камайган.

Шунингдек, аҳоли камайишининг ўсиши Астрахань вилояти (6 баравар), Камчатка (5.2 баравар), Байкалорти ўлкаси (3.3 баравар) ва Томск вилояти (3 баравар)да ҳам тезлашган.

Ўтган йили Россия умумий ва ортиқча ўлимлар бўйича йирик ривожланган мамлакатлар орасида биринчи ўринга чиққан эди. 2020 йил декабрида мамлакатда фуқаролар ўлими сони бутун тарихида – Иккинчи жаҳон уруши истисно – энг юқори кўрсаткичга етган (жами 243 минг киши). Бош вазир ўринбосари Татьяна Голикова ўлимларнинг 81 фоизи COVID-19 ёки унинг асоратлари билан боғлиқлигини тасдиқлаган.

Ўтган кунларда Росстат 2020 йилда COVID-19 вирусидан вафот этганлар статистикасини янгилаган. Янги маълумотларга кўра, ўтган йилнинг апрелидан декабрига қадар Россияда коронавирус инфекциясидан 144 691 киши ўлган. Бу аввалги кўрсаткичлардан (104.8 минг киши) 38 фоизга кўпдир.

Демограф олимлар, Россиянинг ўлимлар сонига доир статистикага таяниб, COVID-19 дан вафот этишга оид расмий статистика ҳақиқий аҳволни акс эттирмаслигини тахмин қилишган.

Ортиқча ўлим кўрсаткичи, яъни ўлимлар сонининг ўтган йилга қиёсан ортиши 2020 йилда деярли 360 минг кишини ташкил этган. 2021 йилнинг биринчи чорагини ҳисобга олганда эса у 400 минг кишидан зиёд.

Ўтган йил давомида Россия нуфуси (аннексия қилинган Қрим билан бирга) ярим миллион нафардан ортиқ кишига қисқарган. Бунақа юқори кўрсаткич охирги марта 15 йил муқаддам – 2005 йили қайд этилганди.

XS
SM
MD
LG