Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 02:29

АҚШ Россия Ливияга юборган жанговар учоқлар ҳақида қўшимча маълумот эълон қилди


AFRICOM нашр этган фотода Россиянинг МИГ-29 учоғи Ливия осмонида
AFRICOM нашр этган фотода Россиянинг МИГ-29 учоғи Ливия осмонида

АҚШ ҳарбий расмийлари Россия Ливияга юборгани иддао қилинаётган ҳарбий учоқлар ҳақида қўшимча маълумот эълон қилди.

Россия Мудофаа вазирлиги эса АҚШ иддаоларини рад этмоқда.

АҚШ Москвани генерал Халифа Ҳафтар қуролли гуруҳи томонида жанг қилаётган ёлланма аскарларни дастаклаш учун мамлакатга ҳарбий учоқ юборишда айбламоқда.

Россия хатти-ҳаракатлари Ҳафтарнинг тан олинмаган Ливия миллий армияси ҳамда БМТ тан олган Миллий муроса ҳукумати ўртасидаги зиддиятни кучайтириб, қурбонлар сони кўпайишига олиб келиши мумкин.

Ливияда айни пайтда давом этаётган фуқаролар урушида Ҳафтар қўшинларини неча давлат, жумладан, Россия, Франция, Миср, Иордания ҳамда Бирлашган Араб Амирликлари қўллаб келади. Триполидаги Миллий муроса ҳукуматини эса Туркия, Сурия, Қатар ва Италия қўлламоқда. Ҳозирда мамлакат ғарби ва пойтахт Триполини Миллий муроса ҳукумати назорат қилиб турибди.

26 май куни АҚШ Қуролли кучларининг Африка қўмондонлиги (AFRICOM) Россия генерал Ҳафтар томонида жанг қилаётган аскарларни дастаклаш учун Ливияга жанговар учоқлар юборганига оид баёнот тарқатган эди. Баёнотда Россиядаги ҳаво базасидан парвоз қилган учоқлар даставвал Сурияга қўнгани, Сурияда улар Россия авиациясига мансуб эканини яшириш учун белгилари бўялгани айтилади.

27 май куни AFRICOM ўз Twitter саҳифасида май ойи давомида бир неча МиГ-29 қирувчиси ва Су-24 ҳужум учоғи Россияни тарк этганини қўшимча қилди.

Қўмондонликка кўра, учоқлар Суриядаги Хмеймим ҳаво базасига учиб борганидан кейин, улардаги байроқлар ўчирилган. Сўнгра улар Ливия шарқига, бунинг ортидан Ливия миллий армияси бошқарувидаги Ал Жуфра ҳаво базасига учиб борган.

Ливия миллий армияси матбуот котиби Аҳмад Мисмарий Россиядан ҳарбий учоқлар олиб келинганини рад этди.

Федерация Кенгаши қўмитаси раиси Виктор Бондарев АҚШ иддаоларини «аҳмоқлик» дея таърифлади.

- Ливияда ҳарбий учоқлар бўлса, улар совет учоқлари, Россия учоқлари эмас, - деди Бондарев.

Кремлга алоқадир эканлигини айтиладиган Vagner Group хусусий ҳарбий ширкати Ҳафтар кучларини қўллаб келади. БМТнинг ой бошида эълон қилинган ҳисоботига кўра, Ливияда айни дамда 800-1200 нафар россиялик ёлланма ҳарбий бор.

Африка қўмондонлиги раҳбари генерал Стивен Таунсенд Россия анчадан бери Ливиядаги зиддиятга аралашганини рад этиб келаётганини, аммо эндиликда буни рад этиб бўлмаслигини таъкидлади.

Нефтга бой Ливияда 2011 йил НАТО дастаклаган исёнлар ортидан мамлакатни узоқ йиллар бошқарган диктатор Муаммар Қаддофий ҳокимиятдан ағдарилганди. Бунинг ортидан мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди.

Генерал Ҳафтар Триполини Миллий муроса ҳукуматидан тортиб олиш учун курашиб келади.

Аммо унинг қўшинлари кейинги икки ой ичида мамлакат ғарбида бир неча шаҳарни ҳамда муҳим ҳаво базасини қўлдан бой берди. Бунга Туркия Миллий муроса ҳукуматига кўпроқ ёрдам кўрсатгани сабаб бўлди.

XS
SM
MD
LG