Линклар

20 январ 2018, Тошкент вақти: 16:18

Роскомнадзор ФБ ва Инстаграмдан Қодировнинг аккаунтлари юзасидан тушунтириш талаб қилди

  • Озодлик

Россиянинг телекоммуникация соҳасида қонунчиликка риоя этилишини назорат қилувчи Роскомнадзор ташкилоти вакили Фейсбук ва Инстаграм ижтимоий тармоқларидан Чеченистон раҳбари Рамзан Қодировга тегишли аккаунтларни ўчириб қўйгани юзасидан тушунтириб талаб қилди. Қодиров – Кремль қўллаб-қувватлаётган раҳбарлардан.

“6 декабрь куни Роскомнадзор Фейсбук раҳбариятига Рамзан Қодировнинг Фейсбук ва Инстаграмдаги аккаунтлари тўсиб қўйилгани сабабини тушунтириш учун талабнома юборди”, дейилади ташкилот матбуот хизмат тарқатган баёнотда.

Қодиров ушбу ижтимоий тармоқларни Вашингтондан бўлаётган босимга бўйсуниб, унинг аккаунтларини 23 декабрдан бошлаб тўсиб қўйгани учун айблаб чиқди. 1-2 кун олдин АҚШ Молия вазирлиги унга нисбатан молиявий ва сафарларини чекловчи санкция жорий қилган эди.

Чеченистон раҳбарига кўра, у рус тилидаги аккаунтлари ишламай қолганидан сўнг кўмак сўраб, Инстаграмга сўровнома юборган, аммо жавоб олмаган. Инстаграмдаги инглиз тилли аккаунти дастлаб ишлаб турган, аммо кейинчалик унга ҳам кириб бўлмай қолган.

Қодировнинг рус тилидаги Инстаграм аккаунтида 3 миллиондан ошиқ, Фейсбук саҳифасида эса 750 мингдан ошиқ издоши бор.

Чеченистоннинг матбуот ва ахборот вазири Жамбулат Умаров ушбу ҳолатни АҚШ ҳокимият идораларининг “ифлос киберҳужумли саботажи” деб атади.

Магнитский қонуни

Инстаграмдаги саҳифаси ёпилишидан олдин Қодиров унга бир видеоёзувни жойлаган, унда ўзига нисбатан Магнитский қонунига кўра жорий этилган санкцияларга жавоб қайтарган ҳамда Қўшма Штатларга сафар қилишга ҳеч қандай эҳтиёжи йўқ эканини айтган. АҚШнинг ушбу қонуни 2012 йили инсон ҳуқуқларини бузаётган кишиларни жазолаш мақсадида қабул қилинган.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотларига кўра, Қодиров Чеченистонни назорат қилиб туришда таҳдидлардан фойдаланган ва зўровонлик ишлатган. Ушбу пост-совет ҳудудида икки марта бўлгинчилик уруши, Путин Қодировни 2007 йили республикага раҳбар этиб тайинлангандан сўнгги йиллардаги можаролар оқибатида исён кўринишидаги зўровонликлар рўй берди.

АҚШнинг санкцияларга оид қонуни россиялик адвокат Сергей Магнитский номи билан аталади. У солиқ товламачилиги йўли билан Россия давлат хазинасидан 230 миллион АҚШ доллари ўғирлангани ҳақида шов-шув кўтаргандан сўнг қамоққа олинган эди.

Магнитский 2009 йил декабрида қамоқда вафот этди. Қариндошлари ва ҳуқуқ ҳимоячиларининг айтишча, у қийноққа солинган ва тиббий ёрдам олишига йўл қўйилмаган. Европа Кенгашининг суриштирув хулосасида унинг ўлимига қийноқлар сабаб бўлгани айтилади.

Россиянинг “Новая газета”си биринчи бўлиб Чеченистонда полиция гейлиги гумон қилинган кишиларни ўраб олиб, қийноққа солгани ва таҳқирлагани хусусида хабар тарқатди.

Ушбу хабарни кейинчалик “Озодлик” радиоси ва Human Rights Watch ҳам қисман тасдиқлади. Ушбу ташкилотга кўра, “гейларга қарши тозалаш ишлари” февраль охиридан апрель бошига қадар давом этган ҳамда “бу ишни Чченистон раҳбарлари буюрган ва амалга оширган”.

Қодиров ҳам, Кремль ҳам ушбу айбловларни рад этиб келади.

Россия билан Америка Қўшма штатлари ўртасидаги муносабатлар Москванинг Украинага тажовуз қилиши, унинг Сурия урушидаги роли ва АҚШ разведка хизматлари таъбири билан айтганда, 2016 йилда ушбу мамлакатда бўлиб ўтган президент сайлови вақтида Россиянинг “таъсир ўтказиш кампанияси” билан шуғулланиши оқибатида ёмонлашиб кетди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG