Линклар

Шошилинч хабар
11 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 15:23

Ҳалок бўлган ўзбекистонликлар сони 8 нафарга етди- Нижнекамскда дрон ҳужуми

Нижнекамскга дронлар ҳужуми оқибатида ҳалок бўлган Ўзбекистон фуқаролари сони 8 нафарга етди. Яна бир нечта ўзбекистонлик меҳнат муҳожири жароҳат олган. Президент топшириғига кўра ҳукумат комиссияси тузилди. Россияга Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Ташқи ишлар вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Миграция агентлиги ва бошқа тузилмалар вакиллари жўнатилди.

Россия расмийларига кўра, 10 августга ўтар кечаси Украинанинг Татарстан республикасида жойлашган объектларга ҳужумлари оқибатида камида 14 киши, жумладан бир бола ҳалок бўлган, 39 киши турли даражада жароҳатланган. Бу Кремль тўрт йилдан зиёд вақт аввал Украинага қарши кенг кўламли босқинни бошлаганидан бери Киевнинг бир ҳужумда энг кўп қурбон келтирган зарбаларидан бири бўлди.

"Мазкур мудҳиш воқеа оқибатида, афсуски, Ўзбекистон Республикасининг 7 нафар фуқароси (А.Д.К., У.С.А., Б.О.М., А.Р.Э., Х.Д.Р., Х.Ф.Ф. ва И.Д.Ф.) ҳалок бўлган.
Бош консулхона ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради." - дейилади ҳужум бўлган куни чиқарилган Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси хабарида.

Татаристон расмийларига кўра, ҳалок бўлганлар орасида Тожикистон фуқаролари ҳам бор. Тожикистон Ташқи ишлар вазирлиги маълумотига кўра, ҳалок бўлган Сўғд вилоятида туғилган 30 ёшли Рамазонали Басировнинг жасадини Ватанига юбориш учун ҳужжатлар расмийлаштирилмоқда.

Вазирликнинг Уфадаги ваколатхонаси барча зарур тартиб-қоидалар якунлангач, унинг жасади 13–14 август кунлари Душанбега етказилишини маълум қилди. Маҳаллий ОАВлар хабарида уриб туширилган дрон ишчилар ётоқхонасига бориб урилганини хабар қилмоқда.

Ҳужумдан сўнг Татарстанда мотам эълон қилинди. Кўнгилочар тадбир ва дастурлар бекор қилиниб, давлат байроқлари ярим туширилди. Татарстан раҳбари Рустам Минниханов ҳалок бўлганларнинг оилалари ва жабрланганларга ёрдам кўрсатиш чораларини ишлаб чиқишни топширди.

Нижнекамск ҳокими Радмир Беляевнинг сўзларига кўра, ҳалок бўлганларнинг оилаларига 2 миллион рубль миқдорида тўлов назарда тутилган. Жабрланганларга эса жароҳатнинг оғирлик даражасига қараб 300 мингдан 600 минг рублгача тўланади.

Нижнекамск корхоналари оилаларга моддий ёрдам кўрсатади ва дафн маросимларини ташкил этиш харажатларини ўз зиммасига олади.

Россия Тергов қўмитаси ҳодиса юзасидан "теракт" моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди.

Тунги ҳужум туфайли Росавиация Нижнекамск ва Бугульма аэропортларида самолётларни қабул қилиш ва учиришни вақтинча тўхтатди.

Маълум қилинишича, суд-тиббий экспертиза ва бошқа расмий жараёнлар якунлангач, ҳалок бўлган ўзбекистонликларнинг жасадларини Ўзбекистонга қайтариш ишлари бошланади.

Украина ҳарбий қўмондонлиги 10 август куни ҳужумни тасдиқлади. Унинг маълум қилишича, Нижнекамскда ёнғин чиққан "Танеко" нефтьни қайта ишлаш заводи зарба берилган объектлардан бири бўлган.

Нефтга бой Татарстан республикаси Украина чегарасидан қарийб 1 200 километр узоқда жойлашган. Бу Украина Россия ҳудудининг ичкарисидаги объектларга ҳам зарба бериш имконига эга эканини кўрсатади.

Telegram тармоғидаги мониторинг каналлари тарқатган видеоларда нефть объекти экани айтилган иншоотдан улкан қора тутун кўтарилаётгани кўринади.

ASTRA Telegram канали ўтказган очиқ манбаларга асосланган таҳлилга кўра, Нижнекамскдаги ҳужум нишонларидан бири Европадаги энг йирик нефть-кимё корхоналаридан бўлган "Нижнекамскнефтехим" компанияси бўлиши мумкин.

Ушбу нефть-кимё мажмуаси Россиянинг энг йирик компанияларидан бири бўлган SIBUR таркибига киради. Корхона каучук, пластмасса ва этилен ишлаб чиқаради.

Россия ва Украина ўзаро зарбалар берди: Россияда қурбонлар, Украинада ярадорлар

Украинанинг Россия билан чегарадош Суми вилояти расмийлари Суми шаҳрига Россиянинг бошқарилувчи авиабомба билан тунги ҳужуми оқибатида 14 киши, жумладан бир бола жароҳатланганини билдирди.

Россия расмийларига кўра, сўнгги бир суткада Украина дронлари чегара яқинидаги Белгород вилоятига ҳам ҳужум қилган. Оқибатда камида тўрт киши ҳалок бўлиб, яна бир неча киши жароҳатланган.

Ростов вилояти губернатори Юрий Слюсарь тунда вилоят осмонида 70 дан ортиқ дрон уриб туширилганини билдирди. Москва мэри Сергей Собянин эса пойтахтга яқинлашган 13 та дрон йўқ қилинганини айтди.

Москва тайинлаган маъмуриятларга кўра, Россия босиб олган Қрим яримороли, жумладан Севастопол осмонида ҳам дронлар уриб туширилган.

Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари 10 август куни Россия қўшинлари Х-59/69 русумли бошқарилувчи авиация ракетаси, Қора денгиз устидаги ҳаво ҳудудидан учирилган учта "Бандероль" барражловчи ўқ-дориси ва 126 та зарбдор дрон билан ҳужум қилганини билдирди.

Қўшни Молдовада 9 август куни Кишинёвдан қарийб 80 километр жануби-шарқда жойлашган Штефан-Водэ туманида портлаш содир бўлди. Ҳодиса жойига етиб борган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жанговар дрон парчаларини топди.

Молдова президенти Майя Санду буни Россия томонидан мамлакат ҳаво ҳудудининг навбатдаги бузилиши деб атаб, кескин қоралади.

"Бу Россия олиб бораётган урушнинг бевосита оқибати ва у барчамизни хавф остига қўяди. Минтақамизда инсон ҳаётига таҳдид реал ва тобора ортиб бормоқда. Бу тўхташи керак", деб ёзди у 10 август куни X тармоғида.

Молдова Ташқи ишлар вазирлиги дрон билан боғлиқ ҳодисадан сўнг мамлакатнинг Москвадаги элчиси маслаҳатлашувлар учун чақириб олинганини маълум қилди.

Тинч аҳоли орасида қурбонлар сони ортиб бораётган бир пайтда Рим папаси XIV Украинадаги урушни тўхтатишга чақириб, бегуноҳ одамлар ҳалок бўлаётгани ва жароҳатланаётганини айтди.

"Фожиали ҳодисалар кўпайиб, тинч аҳоли, жумладан болалар орасида қурбонлар сони тобора ортиб бормоқда", деди понтифик 9 август куни Ватиканда якшанба ибодатига тўпланган диндорлар олдида.

"Халқаро гуманитар ҳуқуққа риоя қилиш ва ҳар икки томондан фуқаролик объектларига ҳужумларни тўхтатиш ҳақидаги самимий чақириқни яна бир бор такрорлайман", дея қўшимча қилди Рим папаси.

XS
SM
MD
LG