Линклар

Шошилинч хабар
16 октябр 2024, Тошкент вақти: 11:31

"Гулноранинг изидан кетмоқда" – тармоқлар Саида Мирзиёеванинг БМТдаги чиқиши ҳақида


Саида Мирзиёеванинг тармоқлардаги расмий аккаунтида эълон қилинган ушбу сурат остидаги изоҳларда айрим ўзбекистонликлар "фақат тож етишмаяпти" деб ёзишди.
Саида Мирзиёеванинг тармоқлардаги расмий аккаунтида эълон қилинган ушбу сурат остидаги изоҳларда айрим ўзбекистонликлар "фақат тож етишмаяпти" деб ёзишди.

Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Саида Мирзиёева 23 март куни Нью-Йоркда БМТнинг сув ресурслари бўйича анжуманида нутқ сўзлади. Расмий хабарга кўра, мамлакат номидан чиқиш қилган Мирзиёева Орол денгизи минтақаси учун муҳим бўлган масалаларни кўтарган. БМТ анжумани ортидан Мирзиёева хоним Оқ уй ва АҚШ Давлат департаментида ҳам музокаралар ўтказгани ҳақида ўзининг ижтимоий тармоқ саҳифаларида хабар ва суратлар жойлади.

Маҳаллий матбуот ва бир гуруҳ блогерлар президент қизининг БМТ минбарида нутқ ирод қилгани, хусусан, шоир Ибройим Юсуповнинг Орол фожиасига бағишланган шеърини қорақалпоқ тилида ўқиб берганини “тарихий ҳодиса” деб таърифлади.

Нутқи давомида Саида Мирзиёева қорақалпоқ шоири Иброҳим Юсуповнинг элегиясидан қорақалпоқ тилида бир парча ҳам ўқиб берди. Кузатувчилар буни ўтган йил ёзида конституциявий референдумга қарши Нукусда ўтган қонли намойишларга ҳам боғлашди.

"Қорақалпоқда жанжал бўлганини 4 қатор шеър билан ювиб қўймоқчи холос. Сиёсий ўйин" деб ёзди Дониёр Зияев исмли тармоқ фойдаланувчиси.

Ижтимоий тармоқларда Президент администрацияси шўъба мудири лавозимида фаолият юритиб келаётган Саида Мирзиёеванинг юксак минбарда Ўзбекистонни тамсил этишга нечоғли ҳақли экани савол остига олинди.
“Қайси статус остида чиқди? Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи статусидами?” деб ёзди жамоат фаоли Фарида Шариф.

“Бу аёлнинг Ўзбекистон номидан гапиришга ваколати борми? У ўзи Орол денгизини бориб кўрганми? Ўзбекистон халқи дарди ва муаммоларини дунё аренасига олиб чиқадиган ваколатли шахслар қонунчиликда кўрсатилмаганми?” дея савол қўяди бошқа бир фойдаланувчи.

Руҳшунос олим Маҳмуд Йўлдошев эса “Оғзи қийшиқ бўлса ҳам бойнинг ўғли гапирсин” деб ёзди.

Саида Мирзиёева отаси Шавкат Мирзиёев олий ҳокимиятга келганидан қисқа муддат ўтиб давлат мулозимига айланди, ўзини жамоатчиликка маданият ва санъат ҳомийси, сўз эркинлиги ҳимоячиси ўлароқ тақдим эта бошлади. Бирин-кетин катта лойиҳаларга қўл уриши ортидан у марҳум президент Ислом Каримовнинг қизи Гулнора изидан бораётгани хусусида фараз ўртага чиқди. БМТ минбаридаги нутқ эса ушбу фаразларни янада қувватлантиргани англашилади. Ўз даврида катта нуфуз-мавқега эга бўлган, отасининг эҳтимолий вориси деб кўрилган Гулнора Каримова айни пайтда давлат мулкини талон-торож этиш сингари оғир жиноятларда айбланиб қамоқ жазосини ўтаётир.

Лондондаги “Марказий Осиё Due Diligence” таҳлил маркази директори Алишер Илҳомов Саида Мирзиёеванинг халқаро анжумандаги иштирокини непотизм, яъни қариндош-уруғчиликнинг айни ўзи деб ҳисоблайди.

“Непотизм авжида. БМТга нутқ сўзлаш учун мутахассис ёки умрини Оролни қутқаришга бағишлаган бошқа бировни эмас, президент қизини юборишибди. Уни янада кўтариш, бирор бир олий давлат лавозимига ўтқазиш учун замин ҳозирланаётган кўринади. Гулноранинг изидан кетмоқдами?” деб мулоҳазалари билан ўртоқлашади Алишер Илҳомов.

Экспертнинг тахминича, Мирзиёева ташқи ишлар вазири ёки ўринбосари лавозимига тайёрланаётган бўлиши мумкин.

Телеграмдаги кремлпараст “Взгляд на Восток” ахборот канали БМТдаги нутқни шарҳлар экан, Саида Мирзиёевага “отасининг эҳтимолий вориси” деб таъриф берди.

“Ота тўнғич қизи тажриба тўплаши, турли макон-майдонлар, хусусан, халқаро институтларда фаолият юритувчи шахслар орасидан таниш орттиришига яққол ҳаракат қилмоқда. Афтидан, Мирзиёев Саидани келажакда мамлакатни идора этишга энг муносиб номзод ўлароқ кўрмоқда... Саида Мирзиёева ҳам ўзига юкланган вазифасини қойилмақом бажариб, ота ишончини оқлашга уринмоқда. Асосийси, бу роль унга жуда ҳам манзур келмоқда”, дейди Этномиллий стратегия агентлиги директори Александр Кобринский “Взгляд на Восток” билан суҳбатда.

Тармоқ фойдаланувчилари Мирзиёева хонимнинг АҚШга ташрифи чоғида эълон қилинган суратларидан бири остидаги изоҳларда "фақат тож етишмаяпти" деб ёзишди.

“Тарих такрордан иборат” эканини таъкидлаган кўп сонли фойдаланувчилар Гулноранинг қисматидан сабоқ чиқаришга даъват қилган.

Ҳокимият чанқоғи ва сув. Саида БМТда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:59 0:00

Париждаги "Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари Ассоциацияси" раҳбари Надежда Атаева фикрича Саида Мирзиёева Гулнора Каримова босиб ўтган йўлдан кетмоқда.

"Саиданинг чиқиши кўпроқ пиарга ва БМТдек жиддий ташкилотда танишларни орттиришга, келажакда отаси сиёсатини давом эттиришга уринишга ўхшайди. Унинг мавқеи отасининг мавқеига бевосита боғлиқ. Саида Мирзиёева ва Гулнора Каримова ўртасида ўхшашлик борми? Бу шубҳасиз! Саида Гулноранинг изидан бормоқда. Буни эса Шавкат Мирзиёев оиласи атрофига бир вақтлари диктатор Ислом Каримов оиласи атрофида ўралашиб юрган шахслар ва амалдорлар жамлангани билан изоҳлаш мумкин. Ўзбек халқига эса Саида Мирзиёева қачон янги атир брендини чиқариши ва ўзбек эстрадасида қўшиқ айтишни бошлашини кутиб қолиш қолади, холос", дейди Надежда Атаева.

Форум

XS
SM
MD
LG