Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 12:10

Самарқандда Туркий давлатлар ташкилоти саммити бўлиб ўтди

11:32 11.11.2022

Илҳом Алиев: Қорабоғ муаммоси тарихда қолди

Саммитда сўзлаган нутқи давомида Озарбайжон президенти Илҳом Алиев асосан Тоғли-Қорабоғ муаммосига тўхталди.

“Биз Арманистон томонидан амалга оширилган ҳарбий ҳаракатларни бартараф этиб келмоқдамиз. Биз халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқ ўз ҳудудимизни ҳимоя қиляпмиз. Арманистон томони ҳам халқаро суверенитетимизни тан олиши Қорабоғ муаммоси тарихда қолганини англатади”,-деди Илҳом Алиев.

Озарбайжон президенти ўз сўзида Ўзбекистон Тоғли Қорабоғдаги Фузулий туманида мактаб биноси қуриш ташаббусини кўтаргани, Қозоғистон маданият маркази қурилишини бошлаганини таъкидлади ва бунинг учун икки давлат президентларига миннатдорчилик билдирди.

“Биз келгуси йилда Қорабоғдаги ғалабамизнинг икки йиллигини нишонлаймиз. Ўтган давр мобайнида Туркия президенти Эрдўған жаноблари уч марта озод этилган ҳудудларда бўлди. Фурсатдан фойдаланиб мен Туркий давлатлар ташкилоти раҳбарларини Қорабоғдаги озод этилган ҳудудга таклиф этаман”, -деди Илҳом Алиев.

11:19 11.11.2022

Эрдўғон: Биз барча Туркий давлатлар билан хавфсизлик масалаларида фаол ҳамкорлик қиламиз

Самарқандда бўлиб ўтаётган Туркий давлатлар саммитида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон “Биз барча Туркий давлатлар билан хавфсизлик масалаларида фаол ҳамкорлик қиламиз”, деб билдирди.

“Биласиз, келгуси йилда Қорабоғдаги ғалабанинг икки йиллиги нишонланади. Биз доимо Озарбойжоннинг ёнида бўламиз ва қўллаб қувватлашда давом этамиз. Биз барча Туркий давлатлар билан хавфсизлик масалаларида фаол ҳамкорлик қиламиз. Давлатларимизга тажовуз қилган террорчилар қаерга қочмасинлар, ҳамкорликда таъқиб қилишда давом этамиз”, деди Эрдўғон.

У, шунингдек, Туркий давлатлар ташкилотига Шимолий Кипрни ташкилотга кузатувчи сифатида қабул қилишни таклиф этди. “Улар ҳам бизнинг биродарларимиздир”, деб таъкидлади Туркия президенти.

Эрдўғон шу кунгача 5 миллион нафар қочқинларни қабул қилгани, улардан 3,6 миллиони сурияликлар эканини урғулар экан, ташкилот бошқарилмайдиган миграцияни бошқариш йўлларини ўйлаб кўриши лозимлигини айтди.

11:05 11.11.2022

Мирзиёев Халқаро туркий иқтисодий форумни ташкил этишни таклиф қилди

Туркий давлатлар ташкилоти саммитига раислик қилаётган Шавкат Мирзиёев ўз нутқида аъзо давлатлар лидерларига Самарқанд шаҳрини “Туркий цивилизация пойтахти” деб эълон қилиш ташаббусини қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.

Президент нутқи давомида бугунги кунда барча давлатлар геосиёсий зиддиятлар, глобал иқтисодий инқироз ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатлари билан боғлиқ мураккаб синовларни бошдан кечираётганини урғулади.

Шундан келиб чиққан ҳолда Мирзиёев ташкилотга аъзо ва кузатувчи мамлакатлар ҳамда дунё етакчи бизнес вакилларини кенг жалб қилган ҳолда, ҳар йили Халқаро туркий иқтисодий форумни ўтказишни таклиф этди.

“Мамлакатларимизнинг ўзаро товар айланмаси умумий ташқи савдомизнинг атиги 4 фоизини ташкил этади. Унинг қолгани эса учинчи давлатлар улушига тўғри келмоқда. Албатта, бундай ҳолат ҳеч биримизни қониқтирмайди. Биз қўшма инвестиция фондини ишга тушириш таклифини ҳам тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз”,-деди президент.

Мирзиёев ташкилотга аъзо давлатлар орасида айрим импорт божхона тарифлари юқори бўлиб қолаётганини айтди. Президент бу стратегик йўналишда вазиятни тубдан ўзгартириш, савдо, инвестиция ва хизматларнинг эркин ҳаракатини таъминлаш учун ташкилоти доирасида “Янги иқтисодий имкониятлар ҳудуди”ни барпо этиш ташаббусини илгари сурди.

“Биз Транскаспий халқаро коридори ҳақида кўп гапиряпмиз, аммо сезиларли натижаларга эришиш учун анча ишлар қилишимиз керак. Мисол учун: Ўзбекистон ушбу транспорт йўлаги орқали 10 фоиз ташқи савдо юкларини ташимоқда. Туркия ва Ўзбекистон ўртасида яқинда жорий этилган автотранспорт электрон рухсатномалари алмашиш тизимига Ташкилотимиз давлатларини ҳам қўшилишга чақирамиз. Бу йил Тошкентда ўтказилган Биринчи Туркий агрофорум озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасида ниҳоятда катта салоҳиятимиз борлигини яққол кўрсатди”,-деди Мирзиёев.

10:43 11.11.2022

Бердимуҳамедов мусулмон давлатлардан қочаётган қочқинларга кўмак беришга чақирди

Туркманистон Миллий Кенгаши халқ маслаҳати раиси Гурбангули Бердимуҳамедов Туркий давлатлар ташкилоти саммитида сўзлаган нутқида ташкилотни гуманитар соҳадаги ҳамкорликни кучайтиришга, жумладан, мусулмон давлатлардан қочаётган қочқинларга кўмак беришга чақирди.

Шунингдек, у ташкилот Афғонистонда барқарорликни тиклашга ҳисса қўшиш лозимлигини таъкидлади.

Бердимуҳамедов Туркманистон ташкилотда кузатувчи мақомида қолишига шама қилган ҳолда, аъзо давлатлар билан иқтисодий, экологик ва савдо-сотиқ йўналишида ҳамкорликни давом эттиришини айтди. Унга кўра, Туркманистон учун энергетика ва транспорт йўналиши муҳим соҳалардир. Шунинг учун Бердимуҳамедов айни мана шу соҳалардаги ҳамкорликни кучайтиришга чақирди.

Туркия ташқи ишлар вазири Мавлуд Чавушўғли сентябрнинг охирларида Самарқанд саммитида Туркманистон тўлақонли аъзоликка қабул қилиниши ҳақида билдирган эди.

Давомини ўқинг

XS
SM
MD
LG