Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 22:25

Сардоба фалокати сабабларини ўрганиш комиссиясига буюртмачи Сангинов кирди¸ бош пудратчи Раматов йўқ


2017 йилнинг 17 май куни Абдуғани Сангинов ва Очилбой Раматов президент Мирзиëевга Сардоба сум омборини "топширган" эди.
2017 йилнинг 17 май куни Абдуғани Сангинов ва Очилбой Раматов президент Мирзиëевга Сардоба сум омборини "топширган" эди.

Ўзбекистон президенти Мирзиëев 5 май кунги селектор йиғилишида «Сардоба айбдорлари ким бўлишидан қатъи назар¸ жазосини олади»¸ дея ваъда берди.

7 май куни Сардобадаги фалокат сабабларини ўрганиш бўйича тузилган ҳукумат комиссияси таркиби эълон қилинди.

1 май куни президент Мирзиëев фармойиши билан тасдиқлаган бу комиссия таркибига Сардоба лойиҳасининг бош қурувчиси¸ Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ сенатор Абдуғани Сангинов ҳам киритилган.

2017 йилнинг 17 май куни Сардоба сув омборини айнан буюртмачи Абдуғани Сангинов ва бош пудратчи Очилбой Раматовлар президент Мирзиëевга тақдим этган эди.

Сардоба сув омборини президентга топширганининг эртасига Сангинов Мирзиëев фармони билан янги ташкил этилган Ўзгидроэнерго АЖ раиси¸ яъни Ўзбекистондаги гидроиншоотлар вазири этиб тайинланган эди.

Шу йил охирида уни Мирзиëев "Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қурувчи" унвони билан тақдирлаган эди.

Жараëндан хабардор мулозимларнинг Озодликка айтишича¸ бу мукофот ҳам Сангиновга¸ айнан 2021 йили қуриб битирилиши кўзда тутилган Сардоба сув омборини белгиланганидан 4 йил олдин топширгани учун берилган.

Жамоатчилик Сардобани қурган асосий амалдорнинг ундаги фалокат сабабларини ўрганиш комиссиясига киритилгани хабаридан кейин бу фожиа ҳақиқий айбдорлари жазоланишига шубҳа билдирмоқда.

Кемага тушганнинг жони бир хил эмас?

Шавкат Мирзиëевнинг 1 май кунги фармойишига кўра¸ ҳукумат комиссияси бир ой ичида Сардобада рўй берган фалокат сабабларини ўрганиб¸ бу ҳақдаги якуний хулосасини президент администрацияси (раҳбари Зайнилобиддин Низомиддинов - таҳр) га тақдим қилади.

Комиссия таркибига Сардоба сув омборида ҳам буюртмачи¸ ҳам пудратчи сифатида муҳим роль ўйнаган ҳозирги Ўзгидроэнерго компанияси раҳбари¸сенатор Абдуғани Сангинов киритилган.

Ижтимоий тармоқ фаоллари¸ блогерлар бу янгиликни жиддий эътироз ва таажжуб билан қарши олди.

Жамоатчилик эътиборини тортган иккинчи жиҳат¸ бу комиссияга Бош вазирнинг биринчи ўринбосари¸ мамлакатдаги қурилишларнинг бош масъули Очилбой Раматовнинг киритилмагани бўлди.

- Сангинов комиссияга киритилиб¸ Раматов коммиссия тaшқарисида қолиб, пастдаги прорабни жазолаш билан муаммо ечилмайди. Дамба ўпирилишига олиб келган тизимли муаммоларни тизимли ечиш ва жиноятлар занжиридаги барча айбдорлар жазоланиши керак¸ деб ëзди Лондондаги Шарқшунослик ва Африка тадқиқотлари марказининг Ўзбекистон бўйича таҳлилчиси Алишер Илҳомов бу янгиликка билдирган муносабатида.

Илхомов айтган бу гап шу ëки бошқа шаклда ижтимоий тармоқнинг ўзбек сегментида жиддий муҳокама қилинмоқда.

Блогерлардан бири Сангиновнинг комиссияга киритилганини унга президент томонидан берилган “айбсизлик фатвоси” деб баҳолади ва аксар блогер ва маҳаллий нашрлар бу блогни кўчириб босди.

"Халқимиз йил бошидан буён учта синовни бошидан кечирди ва кечирмоқда. Энг ёмони, булар қаторига тўртинчиси ҳам қўшилди. Гап «Сардоба фожиаси» бўйича Ҳукумат комиссияси таркибига Сангинов жанобларининг киритилгани ҳақида!

Ижтимоий тармоқларда бу ишда айбдорлиги турли факт ва рақамлар билан тинимсиз иддао қилинаётган одамнинг айбдорлар ҳамда хато ва қурилишдаги ўғриликларни (агар у юз берган бўлса) аниқлаш учун тузилган таркибда пайдо бўлиши ғалати бўлди"¸ дейилади ушбу блогда.

Айни пайтда¸ Раматовнинг комиссия таркибига киритилмагани унга нисбатан раҳбарият ишончсизлиги сифатида қабул қилинмоқда.

Сардоба фожиаси ва ҳокимият ичидаги гуруҳбозлик?

Тошкент ҳукуматининг Озодлик гаплашган ўрта бўғин мулозимлари Сангиновнинг Сардоба учун масъуллар рўйхатидан айбдорларни аниқловчилар рўйхатига киритилганини Мирзиëев атрофидаги сиëсий кучлар ўртасидаги гизли кураш ифодаси сифатида изоҳламоқда.

Абдуғани Сангинов ҳам¸ Очилбой Раматов ҳам узоқ йиллар Мирзиëевга жуда яқин бўлиб келган мулозимлар. Озодлик манбалари¸ Сангиновнинг комиссия таркибига кириб¸ Раматовнинг киритилмагани ортида Зайнилобиддин Низомиддинов омили кучли эканини иддао қилмоқда.

Мирзиëев маслаҳатчиси ва президент администрациясининг раҳбари Зайнилобиддин Низомиддиновнинг Абдуғани Сангинов билан ҳамқишлоқ ва яқин бизнес алоқаларига эгалиги айтилмоқда.

- Сангинов президент администрацияси бошлиғи Низомиддинов Зайнилобиддиннинг раҳматли акаси Фахриддин билан жуда иноқ¸ яқин ошна бўлишган. Фахриддин Низомиддинов Сариосиё тумани ҳокимининг қурилиш ишлари муовини бўлган. Бу одам Мирзиёев билан ҳам жуда қалин бўлган, укасини ўзи ўқитиб Мирзиёевга шогирдликка берган. Умри қисқа экан, олти йилча олдин вафот этди. Мирзиёев унинг жанозасига борган, ўшанда Бош вазир эди. Сангинов ва Низомиддиновни Мирзиëевга узоқ дўстлик алоқалари боғлайди¸ деди Озодлик билан суҳбатда бу давлат амалдорларининг шахсий алоқасидан яхши хабардор сурхонлик мулозим.

Терговолди суриштируви тузган рўйхатда кимлар бор?

3 май куни Ўзбекистон Бош прокуратураси Сардобадаги сув тошқини юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (Мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми «б» банди (Тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилгани"ни маълум қилди. Айни пайтда жиноят иши терговининг ДХХга топширилгани айтилди.

Ҳозирча бу терговнинг қандай кечаëтгани борасида жамоатчиликка расмий маълумот берилганича йўқ.

Озодлик гаплашаëтган терговга яқин Тошкент мулозимлари эса¸ терговгача суриштирув жараëнида эҳтимолий гумондорларнинг тор доираси аниқлангани ва унда Сангинов ва Раматовларнинг ҳам борлигини айтмоқда.

Гумондорлар рўйхатига киритилганлар ташқи кузатувга олинган¸ банкларда ташқи трансакциялар қилмаслиги учун чеклов киритилган¸ уларнинг мамлакатни тарк этмаслиги учун чегара пунктларига рўйхат берилган. Сардобадаги техноген фалокат бўйича гумонланаëтганларнинг ўзи ва уларга алоқадор ширкат вакиллари суҳбатга чақиртирилган.

Айни пайтда¸ Сангинов ва Раматовнинг бу иш доирасида айнан қайси мақомда савол-сўроқ қилингани тафсилоти Озодликка маълум эмас.

Сардоба тергови ҳам Юнусобод метроси йўлидан борадими?

Ўзбекистон президенти 5 май куни ўтказган селекторда энг кўп ўғрилик қурилиш соҳасида бўлаëтганига эътибор қаратди. Айни пайтда¸ Сардоба бўйича очилган жиноят ишида қурилишдаги коррупция ва ўғриликларга оид айблов кўриб чиқилаëтгани ҳақида расмий хабар йўқ.

Озодлик гаплашган терговга билвосита алоқадор мулозимлар¸ бу моддаларнинг тергов жараëнида қўшилиш эҳтимолини соқит қилмади.

"Кўп нарса¸ жамоатчилик босимига боғлиқ. Агар жамоатчилик ва матбуот¸ Сардоба фожиаси бўйича берилаëтган расмий хабарлар билан чекланиб қолса¸ Юнусободдаги метро иши қандай ими-жимида ëпилиб кетган бўлса¸ Сардоба ҳам шундай бости-бости қилинади. Зотан¸ тепадагилар шунга умид қилиб турибди. Агар матбуот ўз суриштирувини давом эттириб¸ бу фожианинг асл айбдорларини фош қилишда давом этса¸ Мирзиëев имижини сақлаб қолиш учун ҳам Сангинов¸ Раматов кабиларни ўзидан узоқлаштириб¸ уларнинг бу фалокатдаги роли бўйича холис тергов бўлишига изн беришга мажбур бўлади"¸ деди Сардоба қурилишидаги ўғриликлар кўламидан хабардор мулозим.

Озодлик ўтказган журналистик суриштирувдан Сардоба сув омбори қурилишида жиддий манфаатлар тўқнашувига йўл қўйилгани¸ давлат ва халқ манфаатини ҳимоя қилиши шарт бўлган тизим ва амалдорларнинг¸ бу қурилишдан ўз хусусий бизнесини бойитиш учун фойдалангани кўрилди.

Журналистик суриштирувларда очиқланган Сардоба сув омборидаги манфаатлар тўқнашуви терговда кўриб чиқиладими¸ йўқми¸ бу ҳақда ҳозирча маълумот йўқ.

XS
SM
MD
LG