Линклар

32 яшар саудий шаҳзодаси саҳрода ярим триллион долларлик янги шаҳар қурмоқчи


Саудия Арабистонининг 32 яшар шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон

Саудия Арабистонининг 32 яшар валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон келгусида қиролликни "мўътадил Ислом"га қайтаришни ваъда қилмоқда. 24 октябрь куни дунёда кўзга кўринган ишбилармонлару олимларни Риёдда тўплаган шаҳзода шу кунга қадар мисли кўрилмаган футуристик шаҳар қуриш орзусида эканини билдирди ва унинг 500 миллиард долларлик лойиҳасини тақдим қилди.

Washington Post нашрининг ёзишича, шаҳзода бин Салмон "Неом" номли янги футуристик шаҳарни, асосан, техникавий инновацион ғоялар марказига айлантиришни режаламоқда.

Бу шаҳарни Саудиянинг Миср ва Иорданияга яқин қисмида - Қизил денгиз бўйида очиладиган янги иқтисодий эркин ҳудудда барпо этиш кўзланмоқда. Шаҳар умум майдонининг 26 минг 500 километр квадрат бўлиши айтилмоқда.

Шаҳзоданинг айтишича, шаҳарнинг энергетик таъминоти тўлиқ муқобил манбаларга таянади. Мисол учун, транспорт йўлларида тиқин бўлмаслиги учун "дронлар, ҳайдовчисиз автомобиллар ва роботлар ҳаракатланади".

Сешанба куни Риёдда ўтказган матбуот анжуманида шаҳар кўриниши акс этган видеоролик ҳам тақдим этилди. Ундаги кадрларда кўринган бўлғуси шаҳар манзараси бугунги Саудиядан тамомила фарқлидир.

Муҳими, видеороликда намойиш қилинган аёл-қизлар рўмол ёки ҳижобсиз намойиш қилинди ва уларнинг аксари, илмий тадиқиқотлар устида ишлаётган, транспорт воситаси ёки бошқарув пультида ўтирган ҳолда намойиш этилди.

Washington Post нашрининг ёзишича, сешанба кунги маросимда шаҳзода Муҳаммад бин Салмон ўзи қуришни истаган шаҳар "консерватив одамлар ёки консерватив ширкатлар учун мўлжалланмаган"ини айтган.

"Бу - дунёда ўз орзусига эргашган одамлар яшайдиган маскан бўлади", дея шаҳзодадан иқтибос келтирди Washington Post нашри.

Бу кейинги қисқа давр ичида Саудия Арабистонида илгари ташланган навбатдаги қадам ўлароқ баҳоланмоқда. Бунга қадар қироллик, йиллар давомида халқаро ҳамжамият танқидига нишон бўлиб келган аёллар учун чекловлардан бирини бекор қилишини билдирди - кейинги йилдан Саудийда аёлларнинг ёлғиз ҳолда автомобиль ҳайдашига рухсат берилди.

Бундан ташқари, тез орада мамлакатда кинотеатрларнинг очилиши ва хорижий фильмларнинг намойиш қилинишига ҳам рухсат берилиши кутилмоқда.

Қиролликдаги бундай ўзгаришларнинг асосий сабаби сўнгги уч йилда нефт нархининг ярмидан ҳам кўпроққа арзонлаб кетгани билан боғланмоқда. Бозорда бугунги аҳвол давом этса, "2020 йилга бориб қироллик ташқи заҳирасининг таги кўриниб қолиши мумкин", деб ёзмоқда Washington Post.

Шу боис, қироллик даромаднинг муқобил манбаларига эътибор қарата бошлади ва энди дунёдаги бой сармоядорларни "Неом" каби мисли кўрилмаган лойиҳаларга пул тикишга жалб қилиш йўлларини қидирмоқда.

Зеро, шаҳзода Муҳаммад сешанба кунги чиқишида қиролликдаги бугунги сиёсат аввалгиларга ўхшамаслигини таъкидлади.

Бу баёнотни бераркан, шаҳзода билан бир минбарда турган етакчи бизнесменлар ҳам аввалгилардан фарқли бўлди. Ғарб нашрларининг хабар қилишича, сешанба кунги маросимда АҚШдаги йирик хусусий ширкат - Blackstone ширкати эгаси Стефан Шварцман ҳамда Япониядаги энг йирик технология ширкати эгаси Масаёши Сонлар шаҳзоданинг ёнида ўтирган.

Бундан ташқари шаҳзоданинг​: "Биз аввал қандай бўлган бўлсак, ўша ҳолга - мўътадил Исломга қайтмоқчимиз", деган гаплари ҳам эътиборни тортмоқда.

Guardian нашрига берган интерьвюсида шаҳзода ультра-консерватив бу давлатнинг Эрон инқилобидан кейинги сўнгги 30 йиллик даври "нормал" кечмаганини айтди. "Биз ҳаётимизнинг яна 30 йилини ҳар хил экстремистик ғояларга қарши курашга сарфламоқчи эмасмиз, биз бу ғояларни ҳозир ва дарҳол йўқ қиламиз", деди.

Бундан ташқари, шаҳзода ўз интерьвюсида: "Биз Катта йигирмаликка аъзо давлатмиз. Дунёда иқтисодиёти йирик бўлган давлатлардан биримиз. Биз уч қитъанинг ўртасидамиз. Саудия Арабистонини яхши тарафга ўзгартириш бу минтақа ва дунёда яхши ўзгаришлар қилишга ёрдам бериш¸ демакдир. Биз айнан шу ишни қилиш истагидамиз ва умид қиламизки, бошқалар ҳам бизни қўллаб-қувватлайди", деб таъкидлади.

Аҳолиси нуфуси 20 миллион бўлган Саудия Арабистонида давлат идорасида ишловчи оддий аҳолининг ўртача иш ҳақи ойига бир неча юз долларни ташкил қилади.

Мисол учун, кейинги 10 йил ичида бу давлатдаги асосий муаммолардан бири иш изловчилар сафига қўшилиши кутилаётган 5 миллионга яқин ёш йигит-қизни иш билан таъминлаш бўлиши кутилмоқда. 2030 йилгача бўлган давлат дастурида иш ўринларини давлат ҳисобидан эмас, балки хусусий сектор ҳисобидан яратиш, бунинг учун эса хорижлик инвесторларни кўпроқ жалб қилиш кўзда тутилган.

Расмий маълумотларга кўра, Саудия аҳолисининг 70 фоиздан ортиғини ёши 30 гача бўлганлар ташкил қилади. ​

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG