Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:56

Таиландга қочиб кетган саудиялик қизнинг отаси Бангкокка борди


Раҳаф Муҳаммад ал-Қунун Бангкок аэропортида.
Раҳаф Муҳаммад ал-Қунун Бангкок аэропортида.

Оила аъзолари таҳдидлари ортидан Таиландга қочиб борган 18 яшар саудиялик қизнинг отаси Таиланд пойтахти Бангкокга етиб борди. Бу ҳақда Таиланд иммиграция хизмати раиси Сурачате Ҳакпарн билдирди.

Ҳакпарн Раҳаф Муҳаммад ал-Қунуннинг отаси ва акаси у билан кўришиши учун аввал БМТнинг қочқинлар ишлари бўйича идорасидан (UNHCR ) рухсат олишлари кераклигини айтди.

Сешанба куни БМТнинг Қочқинлар бўйича олий комиссарлиги Саудия Арабистонига қайтса, оила аъзолари ўлдириб юборишидан қўрқаётган Қунун ишини кўриб чиқаётганини маълум қилди.

Инсон ҳуқуқлари фаоллари Қунуннинг кейинги тақдиридан хавотир билдирмоқда. Human Rights Watch ташкилотининг Осиё бўйича директори ўринбосари Фил Робертсон Reuters билан суҳбатда:

- Отаси Таиландга келибди ва бу хавотирли ҳолат, - деди.

Таиланд расмийлари, аввалига, Қунуннинг мамлакатга кириши учун керакли ҳужжатлари бўлмагани учун ватанига бадарға қилмоқчи бўлди. Аммо куни кеча бу қарорни кейинги қолдириб, Қунунни UNHCR қарамоғига топширди.

Қунун шу кунда Бангкок меҳмонхонасида яшамоқда.

Ташкилотнинг Таиланддаги вакили Жузеппе де Винсентис бу ҳолатни кўриб чиқиш ҳамда кейинги қадамларни белгилаш учун бир неча куни талаб қилинишини айтди.

- Таиланд расмийлари уни истагига қарши қайтариб юборишмаганидан ҳамда уни ҳимоя қилишаётганидан жуда хурсандмиз, - деди Винсентис.

Ушбу ҳолат ортидан Саудия Арабистонидаги қатъий ижтимоий қонун-қоидаларга глобал эътибор яна кучайди. Мамлакатда аёллар маҳрамсиз ишлаши, саёҳат қилиши, турмушга чиқиши ёки ҳаттоки шифокорга мурожаат қилиши ман этилади.

Қунун ўз кўргиликлари ҳақида ижтимоий тармоқларда ёзиб, дунё эътиборини ўзига тортди. Бунинг ортидан Таиланд расмийлари уни Саудия Арабистонига бадарға қилиш режасидан воз кечди.

Бангкок аэропортида қамалиб олган Қунунга 48 соатдан кейин Таиландга киришига рухсат берилди.

Австралия ва Британиядаги ҳуқуқшунослар ва фаоллар ўз ҳукуматларини Қунунга сиёсий бошпана беришга ундамоқда.

Таиланд ва UNHCRдан Қунун иддаоларини тезкорлик билан тергов қилишга чорлаган Австралия расмийлари UNHCR ўз қарорини чиқарганидан кейин, Қунунга гуманитар виза бериш масаласи кўриб чиқилишини маълум қилишди.

Саудия Арабистонининг Таиланддаги элчихонаси Эр-Риёд Қунунни экстрадиция қилишни сўрагани ҳақидаги хабарларни рад этди.

“Саудия Арабистони Қироллиги уни экстрадиция қилишни сўрагани йўқ. Элчилик ушбу ҳолатни оилавий масала деб билади”, - дея твитлади элчилик ходимлари.

Бу орада британиялик аёл Буюк Британия ҳукумати Қунунга бошпана беришга чақирилган петицияни минглаб одам имзолади.

XS
SM
MD
LG