Линклар

“Қирғизистон” партияси лидери давлат тўнтариши уюштиришга уринганликда айбланиб қамоққа олинди


Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов (чапда) ва Қанатбек Исаев парламент йиғилишида.

“Қирғизистон” партияси лидери Канатбек Исаев ҳокимиятни босиб олиш учун жиноят олами билан тил бириктирганликда ва ёшлардан иборат махсус гуруҳни тайёргарликдан ўтказганликда айбланмоқда.

Бабанов: Исаев мени қўллагани учун қамоққа олинди

“Республика” партиясидан Қирғизистон президентлигига номзод Ўмурбек Бабанов “Қирғизистон” партияси раиси Қанатбек Исаевнинг қамоққа олинишини шарҳлар экан, 1 октябрь куни ўтган матбуот анжуманида:

- Қанатбек Кедейканович сайловда мени қўллаётгани учун қамалди. У кишининг принципиал эканини биламан, у ҳеч қачон мамлакатда тартибсизлик келтириб чиқаришни ўйламаган. Мен унинг қамоққа олинишига асос бўлган видеоларни кўриб чиқдим. Уларнинг ҳеч бирида давлат тўнтариши ҳақида сўз бўлмаган. Менинг ҳам ҳокимиятни босиб олиш мақсадим йўқ ва бўлмаган. Мустақил кузатувчилар фикрича, сйловда менинг рейтингим 65 фоизни ташкил қилмоқда. Шундоқ экан, мен ва менинг тарафдорларим ҳокимиятни куч билан босиб олиши тўғрисидаги гаплар мантиққа тўғри келадими? Ақл-хуши жойида одам бу ишни қилмайди, -деб билдирди.

Махсус хизмат: Исаев жиноят олами билан тил бириктириб ҳокимиятни босиб олмоқчи бўлган

Қирғизистон Миллий хавфсизлик хизмати 30 сентябрь куни мамлакатдаги энг нуфузли сиёсатчилардан бири ҳисобланган Қанатбек Исаевни “жиноят оламини ва ёшларни жалб қилиш орқали ҳокимиятни куч билан босиб олишни уюштиршга ҳаракат қилганлик”да айблаб қамоққа олган эди.

Миллий хавфсизлик хизматига кўра, Исаев 15 октябрда ўтадиган президентлик сайлови натижаларига кўра Бабанов президентликка сайланмай қолса давлат тўнтариши уюштириш учун катта миқдордаги пулларни бўлиштирган.

Махсус хизмат матбуот котиби Рахат Сулайманов матбуотга бу ҳақда мана буларни билдирди:

- 2017 йилнинг 30 сентябрида оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ҳокимиятни куч билан босиб олишга тайёргарлик кўриш айблови билан Бош прокуратура томонидан очилган жиноят иши доирасида депутат Исаев Канатбек Кедейканович, шунингдек, уюшган жиноий гуруҳларнинг айрим аъзолари қўлга олинди. Исаев президентликка номзод Ўмурбек Бабановнинг ашаддий тарафдори сифатида жиноят олами вакиллари билан махсус тайёрланган ёшларга сайлов пайтида ва ундан кейин тартибсизликларни уюштириш, ҳокимиятни куч билан босиб олиш учун пул тарқатган, -деди Рахат Сулайманов.

Бундан ташқари Youtube каналида “Канат Исаев тайёргарлик учун 3 миллион доллар бермоқда”, “Криминалнинг ҳокимиятни босиб олиш бўйича сўзлашувлари (Бабанов-президент, Исаев-спикер, Тўрўбаев-Бош вазир)”, “Канат Исаев ҳокимиятни босиб олиш учун жиноятчиларни тайёрлади” каби видеолар тарқатилди.

Мустақил кузатувчилар нима дейди?

Айрим мустақил кузатувчилар ва сиёсатчилар Исаевнинг қамоққа олинишини президентлик пойгасида Ўмурбек Бабанов амалдаги ҳокимият томонидан президентликка номзоддан устун келаётгани билан боғламоқдалар. Жумладан, собиқ депутат ва машҳур журналист Кабай Карабеков ҳокимият шундай йўл билан Бабановни сайловчилар наздида обрўзсизлантиришга ҳаракат қилмоқда, деб ҳисоблайди.

Бироқ ҳукмрон Социал-демократлар партияси вакиллари эса бу иддаоларга “Исаев ўз қўли билан катта миқдордаги пулларни бераётгани тўғрисида видеоларни кўриб туриб, бунга қандай ишонмаслик мумкин”, қабилида жавоб бермоқдалар.

Қирғизистонда 15 октябрда ўтадиган президентлик сайловида 13 номзод иштирок этмоқда. Кузатувчиларнинг билдиришича,сайловда овозлар учун асосий кураш “Республика” партиясидан номзод Ўмурбек Бабанов ва ҳукмрон Социал –демкоратлар партиясидан номзод Сўўрўнбай Жээнбековлар ўртасида бўлиши кутилмоқда.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG