Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:44

Серб Республикаси президенти: Референдум бекор қилинмайди


Босния ва Герцеговинанинг автоном ҳудудларидан бири Серб Республикасининг президенти Милорад Додик маҳаллий байрамни нишонлаш бўйича референдум ўтказилишини билдирди. Босния ва Герцеговинанинг марказий ҳукумати эса бунга қаршидир.

Додик Озодлик радиоси Болқон хизмати билан суҳбатда 9 январни давлат куни байрами ўлароқ нишонлаш бўйича 25 сентябрга белгиланган референдум бекор қилинмаслигини айтди. Босния ва Герцеговина олий суди эса референдумни бекор қилишни буюрган.

“Референдумни ўтказамиз. Бу ажралиш референдуми эмас, у ҳеч нимага қарши ҳам эмас. Бу сиёсатчилар парламентда қонунни ўзгартира олиши учун аҳоли 9 январь байрами ҳақида қандай ўйда эканлигини аниқлаш учун ўтказиладиган сўровдир”, деди Додик.

17 сентябрь куни Босния ва Герцеговина суди 9 январь байрамини конституцияга зид деб топган суд қарорини кучда қолдирди. Суд байрам мамлакатнинг серб бўлмаган турғунларини дискриминация қилишини айтди.

Босния серблари 1992 йилнинг 9 январида “Серб Халқ Республикасини” эълон қилган. Ўшанда Босния Югославия таркибида эди. 2015 йилнинг ноябрида конституцион суд Серб Республикасини Босния ва Герцеговинада яшовчи хорватлар ҳамда мусулмон боснияликлар учун ҳам маъқул келадиган санани танлашга чақирди.

Халқаро ҳамжамият ҳам Серб Республикаси расмийларини референдумни бекор қилишга чақирмоқда.

АҚШнинг Сараеводаги элчихонаси 17 сентябрь куни эълон қилган билдирувда режалаштирилган референдум суд қарорини бузиши ҳамда суд обрўсига путур етказиши айтилади. Босния ва Герцеговина суди 1992-96 йилларда содир бўлган қонли уруш ортидан Дейтон тинчлик келишувлари натижасида тузилган.

Додик 22 сентябрь куни Россия президенти Владимир Путин билан бўлиб ўтадиган учрашув давомида референдумни муҳокама қилишини, референдум Европа интеграцияси ёки Дайтон шартномасига зид эмаслигини таъкидлади.

Додик референдум Серб Республикасининг статуси ёки ажралиш ҳақида эмаслигини қўшимча қилди, лекин “келгуси йилларда” ажралиб чиқиш масаласи очиқ қолаётганини айтди.

“Мен тенги авлод буни амалга оширадими, йўқми, билмайман”, деди у.

XS
SM
MD
LG