Линклар

Шимолий Корея водород бомбасини муваффақиятли синаганини иддао қилди

  • Озодлик

Пиёдалар Токио шаҳрида Пхенян ўтказган синов ҳақидаги янгиликлар берилаётган телеэкран ёнидан ўтиб бормоқда.

Шимолий Корея баллистик ракеталарга юклаш мумкин бўлган водород бомбасини муваффақиятли равишда синаганини даъво қилмоқда. Япония ҳукумати Пхенян ядро қуролини синади, деб баёнот тарқатди ва Бош вазир Шинзо Абе буни "мутақо қабул қилиб бўлмас" амал деб қоралади.

3 сентябрь куни Шимолий Корея ҳукуматига қарашли оммавий ахборот воситалари берган хабарга кўра, Пхеньян ўтказган олтинчи синов “ўта муваффақиятли” бўлган ва мамлакатнинг ядро қуроли дастурини якунлашда “муҳим” босқичдир.

Ушбу хабар сейсмологлар Шимолий Корея илгари ядро қуроли синовлари ўтказган жойда зилзила рўй берганини қайд этган сўнг орадан бир неча соат ўтиб тарқалди.

Япония Ташқи ишлар вазири Таро Коно ўз ҳукумати ушбу ядро қуроли синови амалга оширилганини тасдиқлаганини маълум қилди. Бош вазир Шинзо Абэ буни “мутлақо қабул қилиб бўлмайдиган” иш деб қоралади:

“Шимолий Кореянинг ядро қуроли синови билан мутлақо қабул қилиб бўлмайди. Биз бунга кескин норозилик билдиришимиз керак. Ахборот йиғиш ва уни таҳлил қилиш учун Миллий хавфсизлик кенгаши мажлисини бошлаяпмиз”.

Расмий Пхеньян 2006 йилдан бери Бирлашган Миллатлар Ташкилоти қарорларини бузган ҳолда ядро қуроли синовларини ўтказиб келади. Бу ҳол Америка Қўшма Штатлари ва бошқа мамлакатларнинг кескин норозлигига сабаб бўлмоқда.

Жанубий Корея расмийлари Шимолий Кореянинг Килжу туманидаги Пунгери ядро полигонида “сунъий зилзила” рўй берганини тасдиқлагандан сўнг мамлакат президенти Мун Чже-ин Миллий хавфсизлик кенгашининг фавқулодда мажлисини чақирди.

Корея Республикаси Миллий хавфсизлик кенгаши раҳбари Чунг Ию-ёнг: "Биз Америка Қўшма Штатлари билан иттифоқчи эканимиздан келиб чиқиб, ушбу мамлакатнинг энг бақувват ҳарбий куч ва воситаларини Корея ярим оролига жойлаштириш масаласини муҳокама қиламиз”, деб маълум қилди.Жанубий Корея Штаб бошлиқлари қўмитаси вакилининг маълум қилишича, мамлакат ҳарбий кучлари жанговор тайёргарлик ҳолатига келтирилган ҳамда АҚШ билан бирга ушбу синовга жавоб чораси кўриши мумкин.

Жанубий Корея метеорология агентлиги раҳбари Ли Ми-суннинг маълум қилишича, Шимолий Корея 2016 йил сентябрида ўтказган ядро қуроли синови билан солиштирганда, ушбу синов чоғида “ажралиб чиққан қувват 5-6 баробар кўп бўлган”.

Пхеньяннинг бешинчи ядро синови 10 килотонна қувватга эга бўлиб, у АҚШ 1945 йили Ҳиросима шаҳрини вайрон қилиш учун ташлаган 15 килотонналик бомбадан кучсизроқ эди.

Дастлаб Шимолий Кореянинг давлатга қарашли ОАВ ўз мамлакати кучли водород бомбасини яратгани ва бундай бомбалар қитъалараро баллистик ракеталарга (ҚБР) юкланиши мумкинлиги тўғрисида шов-шов кўтарди. Орадан бир неча соат ўтиб эса зилзила рўй берди.

Ушбу иддаоларни мустақил манбалардан тасдиқлашнинг ҳозирча иложи бўлмади.

Шимолий Корея марказий ахборот агентлиги тарқатган хабарда водород бомбаси энг илғор ядро қуроли ва у “улкан бузмакор куч”га эга экани айтилади.

Ушбу баёнотдан сўнг АҚШ Геология хизмати 3 сентябрь тонгида Шимолий Кореянинг Сунжибаегам шаҳридан 24 километр узоқликда бўлган портлаш оқибатида 6,3 магнитудалик ер силкиниши рўй берганини қайд этди.

Ушбу ядро қуроли синови ўтказилишидан олдин АҚШ президенти Доналд Трамп билан Япония бош вазири Шинзо Абэ телефон орқали Шимолий Корея билан боғлиқ вазият таранглашаётганини муҳокама этди. Томонлар Пхеньянга босим ўтказиш учун изчил ҳамкорлик қилишга келишиб олди.

Шу йил Пхеньян АҚШнинг миллий байрами – 4 июль куни, ҚБР синовини ўтказгандан сўнг, Трамп билан Шимолий Корея раҳбари Ким уруш таҳиди ҳақидаги баёнотларни берган эди. Ўшанда Пхенян синаган ракеталар 10 минг километр радиусдаги масофани қамраб олиши ва АҚШнинг аксарият қисмига етиб бориши мумкинлиги айтилган.

Бунга қадар, Шимолий Корея ташкил этилган сана – 9 сентябрь куни яна ядро қуроли синовлари ўтказилиши айтилаётган, бироқ бу мамлакат водород бомбасига эга экани ёки эмаслиги хусусида ҳеч ким очиқ гапиришга ботина олмаётган эди.

Америка Қўшма Штатлари билан Жанубий Корея вакиллари 1 сентябрь куни Жанубий Корея ҳимоясини кучайтиришга келиб олганини маълум қилган. Шундан сўнг Вашингтон Шимолий Кореяга қарши туриши учун ушбу мамлакатга миллиардлаб долларлик қурол-яроқ сотишга қарор қилган.

Россия президенти Владимир Путин 1 сентябрь куни эълон қилинган мақоласида Шимолия Кореянинг ядро қуроли ва ракета синовлари сабабли пайдо бўлган қарама-қаршилик жаҳонни “улкан миқёсдаги можаро ёқасига келтириб қўйди”, деб ёзди.

XS
SM
MD
LG