Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 19:40

Сирдарёда ИИБ ходимлари тўрт йигитни қийноққа солгани иддао қилинмоқда


Иллюстратив сурат
Иллюстратив сурат

30 декабрда Сирдарёда содир бўлган муштлашувда қатнашганлар, яқинларининг иддао қилишича, Гулистон шаҳар Ички ишлар бўлимида уч кеча-кундуз давомида қийноққа солинган.

Гулистон шаҳар Ички ишлар бўлими мулозими қийноққа солингани иддао қилинаётган тўрт йигитнинг бўлим биносида ушлаб турилганини тасдиқлади, бироқ қийноқ тўғрисидаги иддаоларни рад этди.

Отанинг айтганлари

1996 йилда туғилган, моторист уста Абдусамаднинг отаси, 1963 йилда туғилган Абдураззоқ Назаровнинг Озодликка 15 январь куни айтишича, 30 декабрь куни унинг уйига бир милиция ходими келиб, ўғлини "1 соатга", деб олиб кетган. Шу кетганича, Абдусамад уйига 2 январь кечаси қайтган. Ўғлидан эшитганларини ҳикоя қилар экан, Абдураззоқ Назаров, жумладан, бундай деди:

- Оборганидан уришни бошлашибди. Азизбек деган ўртоғига қарши кўргазма беришни талаб қилишибди. Азизбек гўё ўзини ўзи пичоқлаганмишу, милиционер боланинг бошига урганмиш. Шундай кўргазма беришни талаб қилишибди. Ўғлим “кўрганим йўқ, қочиб кетувдим у ердан”, деса, бошига салафан пакет кийдиришибди, “опачаларингни, онангни олиб келиб, бир бало қиламан”, деб қўрқитишибди. “Қўлимга кишан солиб, товонимга қарсиллатиб ураверди, қўлига сочиқ боғлаб чаккамга ураверди, сени бу ердан жинни қилиб чиқарамиз, дейишди”, деди ўғлим.

Абдураззоқ Назаровнинг қўшимча қилишича, ўғли унга милиция ходимлари узоқ вақт овқатсиз, сувсиз, ҳожатсиз ушлаб турганини айтган:

- Икки ярим кун овқат ҳам, сув ҳам бермади, ҳожатга ҳам чиқармади, деди ўғлим.

Отасининг айтишича, ҳибсдан озод бўлиб қайтган Абдусамад қийноқлардан олган жароҳатларини даволаш учун касалхонага ётиш тўғрисидаги яқинлари таклифини “қандайдир қоғозларга қўл қўйиб чиққанини, касалхонага ётса уйдагиларга ёмон бўлишидан огоҳлантирилганини” айтиб рад этган.

Қийноққа солинган тўрт йигит

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти Сирдарё вилоят бўлими раиси Исроил Ризаевга кўра, ҳаммаси бўлиб тўрт киши: Абдусамад Назаров, Шоҳруҳ Омонов, Суҳроб Шомансуров, ҳамда Фарруҳ Содиқовларнинг қийноққа солингани иддао қилинмоқда.

Тилга олинган йигитлар ўртоқлари Азизбек Ҳакимовга қарши “30 декабрь кунги жанжалда профилактика нозири Алишерни Азизбек урди”, деб улардан ёлғон кўрсатма олиш учун қийноққа солинган.

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди ажримига кўра, Азизбек Ҳакимов ўзига ўзи қайчи билан жароҳат етказган
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди ажримига кўра, Азизбек Ҳакимов ўзига ўзи қайчи билан жароҳат етказган

Озодлик 15 январда Азизбек Ҳакимовнинг яқин қариндоши билан ҳам боғланди. Хавфсизлигини ўйлаб, овозини эшиттирилмаслик шарти билан гапирган аёл Азизбек ва унинг ўртоқлари билан боғлиқ ишни яқиндан ўрганганини айтар экан, йигитларнинг танасида калтак изларини ўз кўзи билан кўрганини таъкидлаб айтди.

Қийноққа солингани иддао қилинаётган йигитларнинг ўзлари билан боғланишнинг имкони бўлмади. Йигитлар, Абдусамаднинг отасининг айтишича, 15 январь, соат 10 да вилоят прокуратурасига чақиртирилган. Балки, шунинг учундир, йигитларнинг телефонлари кун давомида ўчиқ бўлди.

ИИБ йигитлар ушлаб турилганини тасдиқлади

15 январь куни Озодлик Гулистон шаҳар ИИБ билан боғланди. Телефонни кўтарган зобит Озодликнинг тафсилотли саволини тоқат билан эшитди.

Жавобларидан Озодлик тилга олган исм-фамилиялар зобитга нотаниш эмаслиги маълум бўлди. Йигитларнинг бўлим биносида ушлаб турилганини зобит тасдиқлади. Бироқ унинг айтишича, "Гулистон ИИБнинг бу ишга алоқаси - йигитларнинг шу бўлим биносида ушлаб турилгани холос. Улар билан Мирзаобод туман ИИБ ходимлари ишлаган".

Қийноқ тўғрисидаги иддаони ҳам Гулистон ИИБ зобити инкор этди. “Ҳамма жойда камера борку?!” деди зобит.

Озодлик Мирзаобод туман ИИБ билан 15 январь кун давомида боғланишга уринди, бироқ боғлана олмади.

Нима бўлган эди?

Маълум бўлишича, 2018 йилнинг 30 декабрида Сирдарё вилоят, Мирзаобод туманидаги Пиллакор қўрғонида Гулистон шаҳри тарафдан катта тезликда келаётган Жигули йўл четида тўпланиб турган ёшларга лойқа кўлмак сув сачратиб ўтиб кетиб, ён кўчадаги хусусий авто устахона жойлашган хонадон олдига келиб тўхтаган.

Шунда маҳаллий ёшлардан Азизбек Ҳакимов автомашинадан тушган тўрт нотаниш тенгқурига қарата: “Қишлоқ ичида секинроқ юрсаларинг бўлмайдими?” деб танбеҳ берган. Бунга жавобан келганлардан кимдир “Онангни... , кўча сеникими, сенга проблема керакми?” деб жавоб бергач, ўртада жанжал келиб чиққан.

Вазият жиддий тус ола бошлагач, маҳаллий ёшлар телефонда профилактика нозири Алишерни воқеа жойига чақирган. Буни кўрган шаҳарлик ёшлар “Улар шерикларини чақираяпти” деб ўйлаб, улар ҳам телефон орқали ёрдамга “қўшимча кучлар”ни чақирган.

Соат 23:30 ларда профилактика нозири фуқаролик кийимида етиб келиб, томонларни ўзаро яраштириб турган вақтда Гулистон шаҳри томонидан оқ рангли Жигули катта тезликда етиб келиб тўхтаб, ундан тушган 4-5 йигит қўлидаги темир жисмлар билан ҳаммани бир четдан ура кетган.

“Жанжал пайтида маҳаллий ёшлардан кимдир Азизбек Хакимовнинг олти жойига, Суҳроб Шомансуровнинг эса, оёғига ўткир тиғли жисм билан оғир тан жароҳати етказгач, улар қўрқув ва оғриқдан воқеа жойидан қочиб уйларга келган. Уларни Азизбек Ҳакимовнинг ота-оналари ўз автоуловида зудлик билан РШТТЁИМ нинг Сирдарё филиали, Жарроҳлик бўлимига ётқизган”, - деди воқеани яқиндан ўрганган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Исроил Ризаев.

Судга оид тиббиёт экспертизасининг 2018 йил 31 декабрь кунги № 31/22 сонли хулосасига кўра, Азизбек Ҳакимовга етказилган жароҳат – ўта оғир деб малакаланган. Суҳроб Шомансуровнинг жароҳати эса енгил деб топилиб, жароҳат олган жойи тикилиб, уйига жавоб берилган.

Воқеа гувоҳларининг айтишича, жанжал пайтида профилактика нозири фуқаролик кийимида бўлганлиги сабабли гуруҳдан кимдир қаттиқ жисм билан унинг бошига зарба бергач, у ҳам ҳушини йўқотган. Ҳамкасблари уни шифохонанинг жонлантириш бўлимига ётқизган, у тирик.

“Йигитлар қийноқлар оқибатида ўз дўстига қарши кўрсатма беришга мажбур бўлди”

Воқеани яқиндан ўрганган инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Исроил Ризаев 15 январь куни Озодликка бундай деди:

- Шоҳруҳ Омонов, Суҳроб Шомансуров, Абдусамад Назаров ҳамда Фарруҳ Содиқовларни ҳамкасби учун ўзига хос интиқом олган милиция ходимлари 3 сутка давомида оч қолдириб, бошларига елим халта кийдириб, бўғиб қийнашган. Қўлларига кишан солиб, уриб дўппослашган. Қимирлай олмасликлари учун тиззаларига ўтириб олиб, қўлларига сочиқ ўраб уришган. Оғриқдан додлашса, қорнига дубинка билан уришган. Ўз ўртоқлари Ҳакимов Азизбекга қарши яъни, “Ўша жанжалда профилактика нозири Алишерни Азизбек урди” деб ёлғон кўрсатма олишга эришишган.

“Ўзини ўзи пичоқлаган” Азизбек Ҳакимов тергов изоляторида

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман суди 2019 йил, 9 январда ҳозирда оғир аҳволда шифохонада даволанаётган жабрланувчи Азизбек Ҳакимовни қамоққа олиш ҳақида ажрим чиқарган. Гумондор Ховосдаги тергов изоляторига жойлаштирилган.

Исроил Ризаевнинг фикрича, суд бундай ажрим чиқарар экан, "ИИБ нозирлари томонидан қийноқлар воситасида олинган кўрсатмалар асосланган".

Озодлик ихтиёрида суд ажрими нусхаси бор. Унда бундай дейилган:

“А.Ҳакимов устахонанинг асбоб-ускуналар турган жойдан хўжалик қайчини қўлга олиб, қасддан ўлдириш мақсадида А.Ҳакимовнинг орқа қисмига қайчи билан бир неча маротаба уриб, тан жароҳат етказган”. (Суд ажримидан кўчирма таҳрирсиз берилди)

Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг 2019 йил, 9 январдаги ажрми
Жиноят ишлари бўйича Сирдарё туман судининг 2019 йил, 9 январдаги ажрми

Ўзбекистон Миллий агентлиги 15 январь куни эълон қилган баëнотида Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов 2018 йил давомида вазирлик ходимларининг " ҳар бир фуқаро билан шу жумладан, хоҳ айбланувчи, хоҳ жабрланувчи бўлсин, хушмуомала бўлишлари, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаши қатъий белгилангани¸ ҳибсхоналарда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари томонидан бу борада келиб тушаётган ҳар бир хабарга зудлик билан муносабат билдирилиб, айбдор ходимларга нисбатан кескин жазо чоралари кўрилаëтганини билдирган.

XS
SM
MD
LG