НИШОН. “Мен – Феруза Рўзиева, Қашқадарё вилояти Нишон тумани Ойбек кўчаси 31-уйдан мактуб йўлламоқдаман. Биринчи гуруҳ ногирониман. Аравачада юраман. Турмуш ўртоғим 2-гуруҳ ногирони. 10 ойлик фарзандимиз бор. Жиянимга тегишли бир хонали уйда яшаймиз. Буни уй деб бўлмайди. Деворлари захлаб кетган. Уй тагидан емирилмоқда. Устимизга қулаб тушмаса эди деб жон ҳовучлаб яшаяпмиз. Шароити йўқ. Ётиш-туришимиз битта хонада. Ҳатто газ баллони ҳам шу ерда.
Ичимлик суви - жиддий муаммо. Сувни авваллари қўшнининг ҳовузидан олар эдик, улар ҳам бермай қўйди. Ҳар куни 10 минг сўмлик сув сотиб оламиз. Ювинишга, боламнинг кийимларини чайишга сув етмайди.
Уй масаласида туман, вилоят, республика идораларига неча марта арз қилдик. Фойдаси бўлмади. Республикага арз қилсак, улар вилоятга, вилоят туманга юборади. Туман эса талабимизни инобатга олмайди.
Яқинда Сенат раиси бўлиб кетган собиқ Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоеванинг ёрдамчиларига ҳам қайта-қайта мурожаат қилдим, вазиятни тушунтирдим. Афсус, опанинг ўзи билан гаплаштиришмади.
Вилоят ва туман хотин-қизлар қўмитаси раислари келди. Ваъдалар беришади, аммо бундан нима наф?!
Президентимиз ногиронларни ижтимоий муҳофаза қилишга катта эътибор беряпти, мамлакат бўйлаб уйлар қурилмоқда.
Аммо бизда давлат раҳбари қарори ижро этилмаяпти.
Мутасаддилардан кўп қаватли уйлардан бир хона бўлса-да тураржой олишда ёрдам кутиб қоламан.
Қишга қадар уй олмасак бўлмайди, ҳозирча жон сақлаб турган бошпанамиз қулаб тушади!”
(Бу хабар Озодликка 1 июль куни келди)
Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!
|