Линклар

Шошилинч хабар
16 сентябр 2019, Тошкент вақти: 15:36

ФАРҒОНА – “Маҳаллий ижроия ва ҳуқуқ идораларининг совуққонлиги сабаб оиламиз ҳаёти хавф остида қолмоқда” 


ФАРҒОНА. “Мен – Таманно Эргашева, Фарғона туман, Ёш куч кўчаси 10-уйда яшайман. 17 ёшли ўғлим ва 13 ёшли қизим бор. Менинг ва фарзандларимнинг ҳаёти хавф остида қолгани, мутасаддилар эса ўз вазифасига совуққонлик билан муносабатда бўлаётгани сабаб ушбу мактубни ёзишга мажбур бўлмоқдаман. Аслида, ёзаман десам гап кўп, аммо вазиятни мухтасар тарзда баён қиламан.

Бизга қўшни саналган 12-уйнинг иккинчи қавати – мансарда қисми ноқонуний равишда қурилгани суд томонидан тасдиқланган. Фуқаролик ишлари бўйича Фарғона туманлараро судининг 2019 йил 18 январдаги ҳал қилув қарори билан жавобгар, мулк эгаси Г.М.га уйининг ноқонуний қурилган иккинчи қаватини бузиш юкланган. Бу орада Г.М. қарор ижросини кечиктириш ҳақида ариза берган. Пировардида, ушбу масала Олий суд даражасида кўрилиб, энг юқори инстанция 2019 йил 3 июнда ижро ҳаракатларини давом эттириш ҳақида кўрсатма берган. Ажабланарли жиҳати, вилоят ва туман мутасаддилари Олий суд кўрсатмасига ҳам беписандлик қилиб келмоқда.

Ўтган 3 йил давомида Г.М. қўшнилар қаторида бизнинг оилага ҳам ҳақоратлар ёғдириб келади. 2019 йил 4 июль куни Г.М. 40 ёшли ўғли О.Б. ҳамда 33 ёшли қизи Н.Б. билан уйимга бостириб, кириб мени фарзандларим кўз ўнгида калтаклашди. Ушбу ҳолатда беш нафар давлат хизматчиси калтакланишимга томошабин бўлиб турди. Г.М.нинг ўғли О.Б. гувоҳлар ҳозирлигида қизим ва ўғлимга ўлдириш билан таҳдид қилди. Ушбу ҳолатни тасдиқловчи аудио ва видеоёзувлар мавжуд.

Зулм ва зўравонликка қарамай, маҳаллий ИИБ мени ҳимоя қилмади, зўравонларга чора кўрмади. Тошкентга бориб Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов қабулида бўлдим. Вазир вилоят ИИБ раҳбариятига бу бўйича чора кўришни топширди, аммо бирор натижа бўлмади. Нега маҳаллий ижроия ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари зўравонларга чора кўрмайди? Биз каби ҳимояга муҳтожларни муҳофаза қилмайди? Қонун талаби ижросига панжа орасидан қарайди? Риштон халқидан жамоатчилик кўз ўнгида кечирим сўраган вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев нега бир фуқарони ҳимоя қилмайди?

Айни пайтда ўзим ва оиламнинг ҳаёти хавф остида. Мутасадди идораларга қатнайвериб умидимни уздим. Конституциявий ҳуқуқлар кафолатчиси сифатида давлатимиз раҳбаридан оиламизни ҳимоя қилиши ва зўравонларга нисбатан чора кўришини сўрайман”.

(Бу хабар Озодликка 21 август куни келган.)

Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagramсаҳифасида кузатинг!

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG