Линклар

Шошилинч хабар
19 ноябр 2018, Тошкент вақти: 12:11

ХОРАЗМ – "Президент қарорини эслатсам, Хотин-қизлар қўмитаси раҳбари устимдан кулди"


(Иллюстратив сурат)

ҲАЗОРАСП. "Хоразм вилояти Ҳазорасп туманидан ёзмоқдаман. Президентнинг 2018 йил 12 апрелда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларга, ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналарга арзон уй-жойлар бериш тартиби тўғрисидаги 285-сонли қарори чиққан эди. Шу ҳужжатга кўра, уй-жойнинг бошланғич бадал пулини Хотин-қизларни ва оилани қўллаб-қувватлаш жамоат фонди ўтказиб бериши лозим. Менга эса ана шу пулни турли баҳоналар қилиб ўтказиб беришмаяпти.

14 июнь куни мени Ҳазорасп туман ҳокимиятига чақиришди. "Қишлоққурилишинвест" МЧЖ Хоразм филиали бошлиғи билан учрашиб 14-сонли дастлабки шартномани олдим. Шартномага кўра, 3 хонали намунавий арзон уй-жой нархи 163 миллион сўм экан. Сўнг Ҳазорасп ҳокимияти Хотин-қизлар қўмитаси раҳбарига учраб, "Мен шартномани олдим, бошланғич бадални ўтказиб беринг", дедим. У эса "Унақа фонд ҳам йўқ, пул ҳам йўқ, кимдандир қарз олиб тўлаб турсанг, кейин пул бўлса, сенга берамиз", деб айтди. Президент бу қарорни мендек оғир ижтимоий вазиятдаги аёлларга ёрдам бериш учун чиқарган-ку, десам, хотин-қизлар қўмитаси раҳбар устимдан кулди.

Мен Миллий банкнинг Ҳазорасп филиалига бориб, 20206000097040878001 рақамли ҳисоб рақам очтирдим. Шу куни Президент порталига мурожаат қилсам, адлия вазирига телефон қилинг, дейишди. Адлияга мурожаат қилсам, Хоразм хотин-қиз қўмитасига қўнғироқ қилинг, дейишди. Йиғлаб-йиғлаб уйга қайтдим.

Уй нархининг 15 фоизини, яъни 24 миллион 450 минг сўмни тўлаш керак. Беш кун ичида тўланмаса, уйдан маҳрум бўламан.

Мен мактабда ўқитувчиман. 7 яшар ўғлим билан ота-онамнинг 3 хонали тор уйида кўпчилик бўлиб яшаймиз. Мен арзон намунавий уйга ўта муҳтожман. Республика ва вилоят идораларига неча бора арз қилганман. Давлат биз каби оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида миллиардлаб маблағ ўтказмоқда. Аммо маҳаллий раҳбарлар қонуний ҳақимизни беришмаяпти.Раҳбарлар бир неча қаватли ҳашаматли уйларда яшайди. Мен эса дарсхонаси, ювиниш хонаси, кийиниш хонаси, меҳмонхонаси – барча-барчаси битта хонада бўлган

авария ҳолатидаги уйда яшайман. Танаси бошқа дард билмас, албатта, улар менинг дардимни ҳис қилмаса керак. Нима учун намунали жойлар пулдорларга берилади-ю, мендек ўқитувчиларга берилмайди? Ўзбекистон Президенти имзолаган ҳужжатлар Хоразмда ҳам амал қиладими? Ё Президент ҳужжатлари фақат Тошкентда амал қиладими? Ахир, Президент Қуръони каримга қўлини қўйиб, адолат билан бошқариш, халқни ҳеч нарсага хор-зор қилмасликка қасамёд қилган-ку!

Мен шу юртнинг бир фарзанди сифатида намунавий арзон уй-жой билан таъминлаб беришингизни талаб қиламан".

​Ўзбекистон ва халқаро ҳаётга оид энг сўнгги янгиликлар, қизиқарли фото-видео тасвирларни Озодликнинг Instagram саҳифасида кузатинг!

******************************************************************************

Резюме

"Sizdan Telegram" лойиҳасида Сиздан келаётган хабарлар, фото ва видеолар ўрин олади. Telegram, WhatsApp тармоғидаги рақамларимиз: +420 724 971 539; +420 724 740 755. Электрон почтамиз: ozodlikmail@gmail.com 60 йилдан зиёд вақт мобайнида холис журналистика андазалари асосида фаолият юритаётган Озодлик радиоси, агар истасангиз, шахсингиз сир қолишини кафолатлайди. ******************************************************************************

Илтимос, "Sizdan Telegram" лойиҳасига юбораётган хабарингизга, имкони бўлса, фото, видео ёки бошқа ҳужжатларни илова қилинг!​

XS
SM
MD
LG