Линклар

Шошилинч хабар
11 октябр 2024, Тошкент вақти: 16:37

Собиқ бош прокурор Р. Қодиров муддатидан аввал қамоқдан озод этилди - Озодлик манбаси


Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров (архив сурати)
Собиқ бош прокурор Рашитжон Қодиров (архив сурати)

Ўтган йилнинг 29 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти Зангиота тумани суди ажрими билан Ўзбекистон Республикаси собиқ бош прокурори Рашитжон Қодиров муддатидан аввал шартли равишда озодликка чиқарилди. Бу ҳақда Озодликка Тошкент вилояти судидаги манба маълум қилди. Бироқ расмий манбалар унинг озод қилинганига оид маълумотни рад этишмоқда.

Ўзбекистон ИИВ Жазони ижро этиш департаменти тизимидаги 22-сонли колонияда жазо муддатини ўтаётган собиқ бош прокурор иши юзасидан колония маъмурияти Зангиота судига муддатидан аввал озодликка чиқариш юзасидан тақдимнома киритган.

Суд эса собиқ прокурорни муддатидан аввал озодликка чиқаришда тайинланган жазо муддатининг 3/1 қисми ўталгани, у жазо муддатини ўташи даврида муносиб хулқ-атворда бўлганини ҳисобга олиб, Жиноят Кодексининг 73-моддасини (Жазони ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш) қўллагани маълум бўлди.

Собиқ бош прокурор ва унинг командаси коррупцияда айбланган

Собиқ Бош прокурор Рашитжон Қодиров ва унинг 12 нафар шериги жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар Юнусобод тумани судининг 2019 йил 26 июнь кунги ҳукми билан 10 йилдан 18 йилга қадар қамоқ жазоларига ҳукм қилинган.

Жиноий гуруҳ мамлакат Жиноят Кодексининг 210-моддаси 3-қисми (Пора олиш), 211-модда (Пора бериш), 168-моддаси (Фирибгарлик), 184-моддаси (Солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш), 236-моддаси (Тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш) ва 243-моддаси (Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш) сингари ўта қалтис айбловлар билан айланган.

Жиноий гуруҳ таркибида бош прокурор ўринбосарлари, вилоят ва шаҳар прокурорлари бор эди. Масалан, бош прокурор ўринбосари Улуғбек Суннатов, Бош прокуратуранинг Коррупцияга қарши кураш Бош бошқармаси бошлиғи Улуғбек Хуррамов, Тошкент вилоят прокурори Жамшид Файзиев ва ҳоказо.

Юнусобод судида ўтган маҳкама Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 19-моддаси ҳамда “Давлат сири тўғрисида”ги Қонуни талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган.

Жиноят иши доирасида икки юздан ортиқ гувоҳликлар тингланган, далилларни мақбул топган маҳкама Рашитжон Қодировни 10 йилга озодликдан маҳрум қилиб, унга БҲМнинг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинлаган.

Ваъда қилинган, аммо жамоатчиликка кўрсатилмаган фильм

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2018 йилда Андижонга қилган ташрифи даврида Рашитжон Қодиров масаласига тўхталган:

Мана, Рашид Қодиров гуруҳи билан қамоқда ўтирибди. Миллион-миллион долларларни қайтаряпти. 2-3 ойдан кейин унинг ўзи телевидение орқали барчани қандай порахўр қилганини айтиб беради. Ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг АҚШ доллари олган. Ҳозир у барчасини қайтаряпти. Биргина ўғли миллиардер. Бошқа ташкилотлар раҳбарлари ҳам, МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг 5 собиқ ўринбосарлари ҳам қамоқда. Уларнинг ҳаммаси ўғри. Қандай бўлмасин, мен ҳаммасини жойига қўяман.

Уларнинг ҳаммаси Болтиқбўйида уйлар қурган. Ҳатто Амир Темур бунақа уйларда яшамаган. Бу кимнинг пуллари – халқники. Шу боисдан ҳам прокуратурада 70 фоиз ходим алмашди. Мен ҳаммани кечираман, аммо ўғри ва хоинларни кечирмайман. Мана шуни халқим билиши керак”, дея иқтибос келтирган президент сўзларидан Rost24 сайти.

Ваъда қилинган фильм жамоатчиликка намойиш этилмади. Ўша пайтда фильмнинг тайёрлангани, фильм моҳиятидан Ўзбекистоннинг амалдаги ҳукумати обрўсизланиши мумкинлиги важидан у намойиш этилмагани ҳақида ижтимоий тармоқда иддаолар пайдо бўлган.

Самарқанд обкомининг куёви

Мустақил Ўзбекистоннинг ўзига хос нуфузли шахсларидан бири бўлган 71 яшар Қодиров собиқ Иттифоқ сиёсий номенклатурасининг таниқли вакилларидан бири Бектош Раҳимовнинг куёвидир.

У дастлаб Андижон вилоят прокуратурасида терговчи ва катта терговчи сифатида фаолият юритган. У 1980 йилдан ЎзССР хавфсизлик хизматида терговчи, 1991–1994 йилларда Ўзбекистон Миллий хавфсизлик хизмати раиси ўринбосари лавозимигача кўтарилган.

1994 йилда Ўзбекистон Республикаси бош прокурорининг ўринбосари лавозимига тайинлан. 2000 йилдан бошлаб эса 3 муддат бош прокурор лавозимида фаолият юритган.

Википедия маълумотларига кўра, унинг ўғли Алишер Қодиров (тадбиркор) 2018 йилда фирибгарликда айбланиб, халқаро қидирувга берилган. У АҚШнинг Вашингтон шаҳрида тадбиркорлик субъектларига эгалиги айтилади.

Куёви экани айтиладиган Нодир Тўрақулов МХХ (ҳозирги ДХХ)нинг тергов бўлинмаси бошлиғи бўлган. У 2018 йилдан бери йирик коррупцион жиноятларда айбланиб, умрбод қамоқ жазосини ўтамоқда.

XS
SM
MD
LG