Линклар

Шошилинч хабар
18 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:30

Солиқ қўмитасида президент танқидига учраган аттестацияга старт берилди


Ҳажвий сурат Eltuz.com нашрига оид
Ҳажвий сурат Eltuz.com нашрига оид

Давлат солиқ қўмитаси раисининг 19 апрелдаги 92- буйруғига асосан, 6 май куни тизим таркибидаги 13000 ходимни аттестациядан ўтказиш бошланди. Бу тадбир июль бошида якунланиши айтилди.

Озодликда нусхаси мавжуд аттестация ўтказиш жадвалига кўра, 6 майдан 20 майгача Солиқ қўмитаси марказий аппарати ва Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органларининг барча лавозимдаги мансабдор ходимлари - ҳаммаси бўлиб 1494 мулозим аттестациядан ўтиши белгилаб қўйилган.

Давлат солиқ қўмитаси раиси буйруғига кўра, аттестация "мансабдор шахсларининг касбий билим даражаси. ишчанлик қобилияти ва аҳлоқий сифатлари ҳамда эгаллаб турган лавозимига лойиқлигига баҳо бериш учун аттестациядан ўтказилади".

Бироқ Озодлик суҳбатлашган, исми айтилишини истамаган Солиқ қўмитаси марказий аппарат мулозими иддаосига кўра¸ мамлакат бўйлаб 600 солиқчи "қора рўйхат"га киритилган. "Қора рўйхат"ни ўз кўзи билан кўрганини (Озодлик "қора рўйхат"ни кўргани йўқ - таҳр.) айтган мулозимнинг ишонишича, бу ходимларни “аттестациядан ўтмади”, деган сабаб билан ишдан бўшатмоқчилар.

- Бугуннинг ўзида марказий аппарат мансабдор ходимларидан 14 нафари аттестация комиссиясига кирди. 20 майгача Тошкент шаҳридаги 1480 солиқчи аттестация комиссиясига кириб чиқади. Июль бошига қадар республика бўйлаб 13 минг солиқчи элакдан ўтказилади. Раҳбарият бу аттестациядан фойдаланиб бетгачопар ва йўталмайдиган солиқчидан қутулмоқчи.

Бу гапни айтган мулозим "йўталмайдиган" дер экан, олган порасини раҳбарлар билан баҳам кўрмайдиганларни назарда тутаётганини билдирди.

- Мана сизга селектор йиғилиши аудиоси. Ушбу аудио ëзувда давлат раҳбари Мирзиëев ходимларни аттестация баҳонасида ишдан бўшатишни қаттиқ танқид килган эди. Лекин Давлат солиқ қўмитаси бу гапнинг тескарисини қилиб ялпи аттестация ўтказишга буйруқ берди. Ўтмайдиганлар рўйхати тузилди. Қора рўйхатга кирган 600 га яқин ходимни тизимдан бўшатмоқчи. Аслида кимлар аттестациядан ўтмаслиги олдиндан белгилаб қўйилган¸- дея иддао қилди мулозим.

Суҳбатдош тақдим қилган аудиоëзувда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëев ходимларни аттестация қилиш тадбирининг “кераксиз ва ҳолдан тойдирувчи” эканлигини айтади. Президент таъкидича¸ бундай аттестация “тепадаги инструктор ғазабига дучор бўлгани учун ишдан бўшатилган¸ аслида тажрибали кадрлар учун қирғиндир. Аттестация қилувчининг ўзлари ислоҳга муҳтож деган Мирзиëев "А судьи кто?.." (Ҳакамнинг ўзи ким?) дея кинояли савол қўяди.

Шавкат Мирзиëевнинг аттестация ҳақидаги гапи
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:59 0:00

Шавкат Мирзиёевнинг овози акс этган бу аудио ёзилган селектор йиғилиши қачон ва қай мавзуда ўтказилгани Озодликка маълум эмас.

Ўзини "Давлат солиқ қўмитасининг солиқ соҳасида ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бошқармаси ходими ва аттестация комиссияси аъзоси", деб таништирган ва исмини айтмаслик шарти билан Озодликка гапирган мулозимга кўра¸ ҳеч қанақа “қора рўйхат” йўқ:

- Режа асосида аттестация ўтказилмоқда. Саводсиз¸ соҳага тасодифан келиб қолган ва тамагир ходимлар аттестациядан ўта олмаслиги аниқ. Улар сиз айтгандек 600 кишидан кўпроқ ҳам бўлиши мумкин. Мана, бугуннинг ўзида бир неча киши ўта олмади аттестациядан. Уларнинг саводи йўқ ва лаëқатсиз экани билиниб қолди. Аттестация ҳали 2 июлга қадар давом этади.

Аттестация комиссияси аъзосининг яна айтишича¸ “Аттестация ўтадиган хоналарга видеокузатув камералари ўрнатилгани боис” комиссия аъзосининг мулозимдан “қасд олиш” эхтимоли йўқ:

- Комиссия аъзоларининг ўзи 18 киши. Уларнинг савол- жавоби таймкодли видеога тинимсиз ëзилади. Агар кимдир мени атайлаб йиқитишди, деган фикрга келса¸ шикоят қилиш имкони бор.

Аттестация комиссияси аъзоси бўлган мулозим таъкидича¸ тадбирдан мақсад фақат ноқобил ходимни қопқонга тушириш эмас:

- Саволлар солиқ ходимининг қонунларни яхши билиши ва ишчанлик сифатларини ўз ичига олади. Аттестацияда бериладиган намунавий савол-жавоблар тўпламини китобча қилиб нашр қилдириб ходимларга тарқатдик. Агар ният уларни ишдан бўшатиш бўлганда савол-жавоблар сир тутилар эди. Шу шароитда ҳам без бўлиб саволга жавоб бера олмаган солиқчининг баҳридан ўтилишида муаммо йўқ.

Аттестация қилинмайдиган имтиëзли қатлам

Аттестацияни “ қасд олиш” деб атаëтган Солиқ қўмитаси марказий аппарати мулозимининг айтишича, бу тадбир “барчага бирдай келадиган тўй” эмас:

- Нега бўлмаса юридик бўлим ходимлари аттестациядан ўтказилмаяпти. Мен сизга ҳужжат юбораман. Ëзиб қўйибди "юридик бўлим ходимлари аттестациядан озод қилинади" деб. Бундан ташқари ўндан зиëд раҳбар ходим аттестациядан озод қилинган. Нега раҳбарлар ўзини олиб қочади?!

Давлат солиқ қўмитаси раиси буйруғида “Президент қарорига асосан лавозимга тайинланган раҳбар ходимлар ва Юридик бўлим ходимлари аттестация синовидан озод қилинади” дейилган.

Солиқчи ҳам йиғлайди

Озодлик 6 май кунги аттестацияда савол-жавоб қилинган солиқ хизмати ходими билаан суҳбатлашди. Исми эфирда айтилишини истамаган Тошкент шаҳар солиқ идораси ходими мажлисбозлик ва ортиқча назоратдан зада бўлганини айтар экан, бундай деди:

- Аттестациядан ўтмадинг деб ишдан бўшатишса, хафа бўладиган жойим йўқ. Аввало солиқ қўмитаси тизимида меҳнат қонунчилигига риоя қилинмаяпти. Иш соат 8:00 да бошланиб камида соат 24:00 гача давом этади. Шанба ва якшанба кунлари ҳам шу аҳвол.

Солиқчининг айтишича¸ солиқ идораси прокуратуранинг мутлақ назоратида қолмоқда:

- Энг ажабланарлиси ҳам шу. 2019 йил 15 мартда Президентнинг ПФ-5690 сонли фармонига асосан прокуратура органларидаги солиқ буйича ўринбосарлар ва уларнинг ëрдамчилари лавозими 1 апрелдан тугатилганига қарамай, прокуратура эски услубда бизни текширишда давом этмоқда.Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари Алиакбар Пўлатов ярим кечаси соат 24:00 да солиқ идораларига келиб мажлис ўтказмокда. Бу ҳам етмагандек, шаҳар ва туман раҳбаримиз эрталаб соат 8:00да ёки кечки соат 22:00 да бошланиб, ярим тунгача давом этадиган селектор мажлислари ўтказади. Меҳнат таътилига чиққан ходимлар эса, муддатидан олдин ишга чақириб олинади. Дам олиш кунлари ишга жалб қилганлари учун ҳақ тўлашмайди. Аслида саволни биз беришимиз керак¸ улар эмас,- деди солиқ идораси ходими.

“Коррупциялашган ячейка”

Жорий йилнинг апрелида Давлат солиқ қўмитаси Шайхонтоҳур туман солиқ инспекцияси “коррупциялашган ячейкага айланиб қолгани" ортидан бу тузилманинг барча ходимлари ишдан бўшатилганини маълум қилган эди.

Қўмитанинг 15 апрелда билдиришича, Шайхонтоҳур туман солиқчилари устидан мунтазам равишда “тамагирлик ва коррупция мавжудлигига гувоҳлик берувчи” шикоятлар келиб турган.

XS
SM
MD
LG