Линклар

Шошилинч хабар
08 декабр 2021, Тошкент вақти: 21:56

SpaceX ширкати тарихда илк маротаба 4 нафар ҳаваскорни фазога учирди


15 cентябрь куни миллиардер э-тижоратчи ва яна уч нафар ҳаваскор фазогир АҚШнинг Флорида штатидан SpaceX ракета кемаси бортида Ер орбитасига кўтарилди. Бу Ерни фазода айланиб чиққан биринчи фақатгина тинч фуқаролардан иборат экипаж бўлди.

Shift4 Payments Inc молиявий хизматлар компанияси асосчиси ва бош ижрочи директори Жаред Исаакман бошчилигидаги ҳаваскор фазогирлар Канаверал бурнидаги Кеннеди космик марказидан учдилар.

38 ёшли Исаакман билан бир қаторда 51 ёшли Сиан Проктор, 29 ёшли Хейли Арсено ва 42 ёшли Крис Семброски Resilience (Чидамлилик) номи берилган оппоқ Crew Dragon капсуласида фазога учдилар. Исаакман у билан учган экипаж аъзоларини онлайн танлов орқали ўзи танлаган.

Капсулани фазога икки босқичли ва қайта ишлатиш мумкин бўлган Falcon 9 ракетаси олиб чиқди.

Одатий уланиш люки ўрнига махсус кузатув гумбази билан жиҳозланган Crew Dragon маҳаллий вақт билан соат 20:03 да кўтарилган ва қарийб 10 минут ўтгач, Ер орбитасига чиққан.

Ракетанинг биринчи босқич кучайтиргичи космик кеманинг иккимчи ярмидан ажралиб, Ерга қайтган ва Атлантика океанида сузиб юрган қўниш платформасига муаммосиз қўнган.

Космик кема Ердан қарийб 200 кам баландликка кўтарилганида, Исаакман баёнот ўқиб, саёҳатни амалга оширганларга миннатдорчилик изҳор қилди.

Уч соатдан кейин капсула 585 км баландликдаги максимал орбитага кўтарилган.

Бу Халқаро фазо станцияси ёки Hubble телескопидан ҳам узоқроқдир. Қолаверса, NASAнинг 1972 йилги Apollon Ой дастури тугаганидан бери ҳеч бир инсон Ердан бу қадар узоқлашмаган эди.

Максимал баландликда Crew Dragon Ерни 90 дақиқада бир марта айлана бошлаган. Яъни, унинг тезлиги соатига 27 360 кмга чиққан. Бу товуш тезлигидан 22 баробарга тездир.

Миссия вакилларининг айтишича, ҳаваскор фазогирлардан иборат экипаж миссияси тахминан уч кун давом этади.

Бу билан SpaceX асосчиси Илон Маск ўзининг янги орбитал сайёҳлик бизнесини йўлга қўйди. Маск катта пул эвазига фазога парвоз қилиш хизматини йўлга қўйишга уринаётган бошқа миллиардерлар билан рақобатлашиб келади.

Ўнлаб йиллар давомида АҚШда космик парвозлар устидан монополияни ўрнатган NASA ракетада саёҳат қилиш тижоратлаштирила бошлаганини мамнуният билан кутиб олди.

Чоршанба куни парвоза арафасида космик агентлик Twitterда: «#Inspiration4 хусусий компаниялар Ернинг қуйи орбитасига юк ва одам ташиши мумкин бўлган келажак ҳақидаги тасаввуримизни акс эттиради. Учиш учун кўпроқ имкониятлар = фан учун кўпроқ имкониятлардир», деб ёзди.

Исаакман ўзи ва уч шериги учун миллиардер Маскка ошкор қилинмаган суммани тўлаган. Time журнали ҳисобларига кўра, тўртта ўриндиқ учун чипталар нархи 200 миллион долларга етиб боради.

#Inspiration4 деб номланган миссия Исаакман томонидан биринчи навбатда Теннесси штатининг Мемфис шаҳридаги болалар саратон касаллиги марказига маблағ тўплаш ва марказ ҳақида кўпроқ одамга маълумот бериш мақсадида ўйлаб топилган.

SpaceX ширкатининг рақобатчилари Virgin Galactic Holdings Inc ҳамда Blue Origin компаниялари ҳам шу ёзда ўзларининг шахсий фазога учиш хизматларини очди. Уларнинг раҳбарлари, миллиардерлар Ричард Брансон ва Жефф Безос парвозларда шахсан қатнашдилар.

Аммо бу парвозлар #Inspiration4 парвози олдида ип эша олмайди.

SpaceX аллақачон энг муваффақиятли тижорий ракета корхоналаридан бирига айланган. Ширкат бугунга қадар NASA учун Халқаро фазо станциясига кўплаб юк ва фазогир учирди. Айни дамда ширкатнинг иккита Dragon капсуласи станцияга уланган.

#Inspiration4 экипажи парвозида деярли ҳеч қандай роль ўйнамайди. Кемани ердаги жамоалар ҳамда кема бортидаги автоматлаштирилган тизимлар бошқаради. Шундай бўлса-да, экипажнинг иккита аъзоси лицензияга эга учувчидир.

Тижорат ва ҳарбий самолётларда учиш ҳуқуқига эга бўлган Исаакман миссия «қўмондони» вазифасини ўз зиммасига олган, геолог ва NASA фазогирига собиқ номзод Проктор эса «учувчи» этиб тайинланган.

Арсено экипажни «бош тиббиёт ходими» этиб тайинланган. Суяк саратонидан омон қолган Арсено айни дамда юқорида тилга олинган шифохонада шифокор ёрдамчисидир. АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучлари фахрийси ва аэрокосмик маълумотлар муҳандиси Семброски эса миссия «мутахассиси этиб тайинланган.

Тўртала экипаж аъзоси беш ой давомида интенсив тайёргарликдан ўтган.

#Inspiration4 расмийларининг айтишича, миссия фақат кўнгилочар саёҳат эмас.

Экипаж аъзолари орбитада «Ерда ва келажакда космик парвозлар пайтида инсон саломатлиги учун амалда қўллаш мумкин бўлган» бир қатор тиббий тажрибаларни ўтказадилар. Шунингдек, экипаж аъзоларидан парвоздан олдин, парвоз пайтида ва ундан кейин биотиббий маълумотлар ва биологик намуналар олинади.

Арсенога тиббий тажрибаларни назорат қилиш вазифаси юкланган. SpaceX маълумотларига кўра, у фазога учган энг ёш америкаликдир. Қолаверса, Арсено бугунга қадар Ер орбитасига чиққан 550 одам орасидан ҳам энг ёшидир.

XS
SM
MD
LG