Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 04:34

Спорт жамғармаси тугатилиши олдидан юзлаб ходим маошсиз қолдирилди


Ўзбекистон Молия вазири Жамшид Қўчқоров Жисмоний тарбия ва спорт жамғармасини тугатиш таклифини киритиши ортидан бу жамғармада ишлаëтган юзлаб ходим март ойидан маошсиз қолдирилди.

Озодлик гаплашган Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси мулозими жамғарманинг йиллик смета харажатлари Вазирлар Маҳкамаси тасдиқланмаётгани сабабли ходимлар маошсиз қолаётганини айтди

Ишдан ҳайдалишидан чўчиб, исми сир қолишни сўраган Тошкент шаҳри туманларидан биридаги Жисмоний тарбия ва спорт бўлими ходимининг айтишича, март ойи учун шаҳарнинг бирорта тумани спорт бўлими ходими маош олмаган.

“Шу пайтгача спорт бўлимлари жамғармадан молиялаштирилиб келинган. Март ойидан бошлаб бу жамғарма тугатилди, дейишаяпти. Энди ойликни ким беришини ҳеч ким билмаяпти. Бир маҳаллий бюджетга ўтказиши мумкин¸ дейишяпти, бир яна жамғармани тиклайди¸ дейишяпти, ҳеч ким аниғини билмайди. Март тугаб боряпти, маош йўқ, минглаб одамнинг тирикчилиги қандай бўлади, деб ўйлайдиган одам йўқ”.

Озодлик суриштируви давомида Тошкент шаҳрининг бошқа туманларидаги жисмоний тарбия ва спорт бўлимлари ходимлари ҳам март ойи учун маош олмагани тасдиқланди.

Тошкент шаҳар Жисмоний тарбия ва спорт жамғармаси бош ҳисобчиси Зопир Бердиёров ҳам ходимларнинг маошсиз қолаётганини тасдиқлар экан, бу ҳолат фақат пойтахт учун эмас¸ балки бутун республика туманлари учун хос эканлигини таъкидлади.

“Жисмоний тарбия ва спорт жамғармасининг йиллик смета харажатлари Вазирлар Маҳкамасининг қарори асосида тасдиқланади ва шунинг ҳисобидан туман бўлимлари молиялаштирилади. Ҳозир ана шу смета харажатлари тасдиқланмагани учун сметамиз чиққани йўқ. Бизда маош учун етарли пул бор, фақат сметанинг тасдиқланишини кутиб турибмиз. Нафақат шаҳар, балки бутун республика бўйича жамғарманинг туман бўлимлари ҳам март маошларини олгани йўқ”.

Мулозимнинг айтишича, Молия вазири Жамшид Қўчқоров президентга жамғармани тугатиш ҳақида таклиф киритган.

“Қарор чиқиши керак. Тугатилса ёки тугатилмаса ҳам туман молия бўлимлари томонидан барибир смета қилиниб, молиялаштирилади ва маошсиз қолиб кетмайди”.

Озодлик Ўзбекистон Жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиевнинг қабулхонасига қўнғироқ қилиб, ушбу муаммога изоҳ олишга уринди.

Ўзини вазир ёрдамчиси деб таништирган мулозим, бу муаммодан хабарсиз эканлигини айтар экан, тафсилотларини билиб, Озодликка ўзи қўнғироқ қилишини таъкидлади.

Аммо кун давомида вазирликдан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

XS
SM
MD
LG