Линклар

Шошилинч хабар
14 ноябр 2018, Тошкент вақти: 05:29

Cтокҳольм судидан: Адвокатлар Абдулла Ариповни судга чақиришни сўрамоқда (ВИДЕО)


Жорий Бош вазир Абдулла Арипов Швецияда судланаëтган TeliaSonera ширкати собиқ раҳбарлари 2007 йилда Takilantдан частота ва лицензияларни сотиб олганида¸ Ўзбекистон Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги ва телекоммуниция комплекси раҳбари бўлган.

4 сентябрь куни Швеция пойтахти Стокҳольм шаҳар судида бошланган маҳкаманинг иккинчи кунида ҳам прокурор Гуннар Стетлернинг TeliaSonera (ҳозирги номи Telia) ширкати уч собиқ бошқарувчисининг Ўзбекистон телеком бозорига кириш учун кимга¸ қанча ва қандай қилиб пора берганига оид фактларни тақдим қилишни давом эттирди.

Cтокҳольм судидан: Адвокатлар Абдулла Ариповни судга чақиришни сўрамоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:16:08 0:00

Суд мажлисининг биринчи кунида ўқиб эшиттирилган айблов хулосасига кўра¸ 2007-2012 йилларда жами қиймати 400 миллион АҚШ долларига яқин бу порани TeliaSonera бошқарувчилари олдиндан билиб¸ ўз розиликлари билан ўшандаги Ўзбекистон президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримовага берганлар.

Айбловга асос бўлган факт ва далиллар судланувчиларнинг 2007 йилдан бошлаб Ўзбекистонга кириш режасига оид ўзаро ëзишмалари¸ Ҳолландия¸ Швейцария ва АҚШ прокурорлари швед ҳамкасбларига тақдим этган банк ўтказмалари¸ Гулнора Каримованинг Швейцария банкида сақланган қутиларидан чиққан ҳужжатлардир.

Судга тақдим этилган ички ëзишмалар

2012 йил сентябрида TeliaSonera ва унинг ўзбек шериклари устида жиноят иши очган прокурор Гуннар Стетлер 4 ва 5 сентябрь куни судга тақдим қилган факт ва далилларнинг каттагина қисми судланувчиларнинг Ўзбекистонга кириш масаласида ўз ораларида¸ шунингдек бу жараëнда швед ширкатига воситачи ва консультантлик қилган шахслар билан электрон ëзишмаларидан иборат.

Прокурорга кўра¸ TeliaSonera Ўзбекистондан чиқиб кетиш ҳаракатини бошлаган АҚШнинг MCT (COSCOM акцияларининг эгаси) акцияларини сотиб олиш орқали ўзбек телеком бозорига кириш уринишини 2007 йил февралида бошлайди.

Ўзбекистонга кириш шарт-шароитларини ўрганиш 58 фоизидан ортиғи швед ширкатига тегишли Fintur Holdingsнинг ўшандаги бош ижрочи директори Серкан Элденга топширилади.

TeliaSonera ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг (ўртада) ва Евроосиë бўйича президенти Теро Кивисаари (ўнгда) адвокатлари билан суд мажлиси давом этишини кутмоқда.
TeliaSonera ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг (ўртада) ва Евроосиë бўйича президенти Теро Кивисаари (ўнгда) адвокатлари билан суд мажлиси давом этишини кутмоқда.

Элденнинг TeliaSonera мутасаддилари¸ хусусан, судланувчилардан бири - TeliaSoneraнинг Евроосиë бўйича вице-президенти¸ молиявий директори Теро Кивисаари билан ëзишмаларидан швед ширкатининг Ўзбекистонга кириш учун "энг тепадан - президент Каримов ва унинг оиласидан ҳомий қидиргани" кўрилади.

Маслаҳат жараëнидаги ëзишмаларда "энг тепадагилар "дуосини олмагунча"¸ Ўзбекистонда бизнес қилиб бўлмаслиги¸ MCT акцияларини сотиб олишга "рухсат берилиши учун" ҳукумат амалдорлари¸хусусан¸ Ахборот технологиялари агентлиги директорига пора бериш шартлиги айтилади.

"Энг тепадагилар¸ хусусан¸ вазирнинг ўзига бир нарса бермай туриб¸ Ўзбекистон телеком бозорига ккириб бўлмайди"¸ дейилади ички ëзишмалардан бирида.

"No2 ҳам қизиқмоқда"

Стокҳольм судига судланувчиларнинг била туриб катта миқдорда пора берганини исботлаш учун прокурор тақдим этган ëзишмаларда¸ президент Каримовнинг ўзига йўл топа олмаган швед ширкати "совчилари"нинг унинг қизларига йўл қидириш жараëни акс этади.

Ëзишмаларда "G, Lady, the Daugter" деган номлар билан тилга олинган Гулнора Каримова телеком бозорига кириш учун яшил чироқ ëқиб берадиган энг қудратли шахс сифатида тасвирланади.

Ëзишмаларда унинг "отасининг ўнг қўли" ва унинг "вориси" экани айтилади.

Айни пайтда¸ швед ширкатининг ўзбек бозорига кириш уринишлари чоғида Каримовнинг 2-қизи ҳам тилга олинади.

"Одамларимизга No 2 (Лола Каримова назарда тутилмоқда)нинг биз билан гаплашишга қизиқаëтганини етказишди. Буни ўрганиб кўриш керак"¸ дейилади судда прокурор тақдим этган электрон ëзишмаларда.

Кўп ўтмай¸ иккинчи эмас¸ Биринчи қизга йўл топган TeliaSonera Лола Каримова билан "бизнес қилиш" истиқболидан воз кечади.

Гуннар Стетлернинг таъкидича¸ TeliaSoneraнинг Каримовлар оиласига чиқиш ҳаракатлари 2007 йилнинг март ойига келиб натижасини берган ва бу майдондаги энг қудратли шахс деб кўрилган Гулнора Каримова МТС бош ижроия директори Беҳзод Аҳмедовга ўзининг бош музокарачиси сифатида швед ширкати билан музокара бошлаш ваколатини берган.

Стетлер: Факт ва далиллар пора берилганини 100 фоиз исботлайди!

Суд мажлиси танаффусида Озодлик билан гаплашган прокурор Гуннар Стетлер¸ маҳкамага тақдим қилинган ҳужжатлар АҚШ¸ Швейцария ва Ҳолландия прокуратураси билан ҳамкорликда ҳозирлангани ва уларнинг TeliaSoneraнинг судга тортилган уч собиқ раҳбари Гулнора Каримовага олдиндан билиб пора берганини тасдиқлашини таъкидлади.

- Менинг пора берилгани ва порани олган шахс Гулнора Каримова бўлганини исботлаганимга шубҳам йўқ. Қолган гап судга қолди¸ деди Стетлер.

Абдулла Арипов сўроқ қилинса....

Танаффус пайтида Озодлик гаплашган TeliaSonera ширкатининг Евроосиë фаолияти бўйича собиқ бош маслаҳатчи Ули Туиманинг адковати Ҳанс Станберг маҳкама давомида Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Ариповни сўроқ қилиш ниятида эканини айтди.

Ули Туимадан ташқари яна Telia ширкатининг собиқ бош ижрочи директори Ларс Нюберг ва вице-президенти Теро Кивисаарилар Гулнора Каримовага пора бериш жараëнини бошқарганликда айбланмоқда.

Ҳанс Станбергга кўра, агар Абдулла Арипов сўроқ қилинса, TeliaSonera ширкати раҳбарларининг Ўзбекистон раҳбарияти ва Гулнора Каримовага пора бермаганини исботлаш имкони пайдо бўлади.

Аммо, адковат Ҳанс Станбергнинг эътироф этишича, бугунга қадар ҳозирда Ўзбекистон Бош вазири бўлган Абдулла Арипов билан боғланишнинг имкони бўлмаган.

- Биз бу ҳақда гаплашганмиз ва ўз текширувларимизни олиб борганмиз. Лекин, у (Абдулла Арипов – Озодлик изоҳи) билан алоқага чиқа олмаяпмиз. Албатта, у билан суҳбатлашишни истаймиз. У бу ишда муҳим шахслардан биридир. У частота ва лицензиялар олиш учун пора берилмаганини тушунтириб бериши мумкин эди, - деди Ҳанс Станберг.

Аммо адвокат Ўзбекистон Бош вазири куни келиб сўроқ қилинишига ишонмаслигини айтди.

Ҳанс Станбергнинг маълум қилишича, Ўзбекистон Бош вазирини судга чақириш Швеция прокуратураси ваколатига киради.

Швеция прокуратураси Ўзбекистон Бош вазирини судга чақириб, сўроқ қилиш сўрови билан Ўзбекистонга мурожаат қилганми?

Суд мажлиси танаффусида Озодлик билан гаплашган прокурор Гуннар Стетлер "бу саволга ҳозир жавоб бермайман" деб айтди.

2012 йилнинг 19 сентябрь куни SVT - Швеция жамоатчилик телевидениеси "TeliaSonera - ўзбек иши" деб номланган ҳужжатли фильмни намойиш этган ва TeliaSonera ширкати 2007 йилда ўзбек мобиль алоқа бозорига кириб¸ UCell корхонасини очиш учун Гулнора Каримовага 2 миллиард 200 миллион швед кронаси (ўша пайтдаги ҳисоб-китоб бўйича 337 миллион АҚШ доллари) миқдорида “откат” берганликда айбланганди.

Фильмда Гибралтарда Гаяне Авакян номига рўйхатдан ўтган Takilant ширкатининг асл эгаси Каримова экани¸ швед ширкатидан олинган пора ва откатнинг ҳар хил ўртакашлар орқали Каримованики айтилган банк ҳисобларига бориб ўрнашиш схемаси кўрсатилди.

2012 йилнинг 3 октябрь куни Озодлик билан суҳбатда Стетлер¸ ўзи очган жиноят ишининг асосий фигурантлари Гаяне Авакян ва Алишер Собиров ва Беҳзод Аҳмедовлар эканини билдирди.

Стетлер¸ 2014 йилга келиб Гулнора Каримованинг ўзи ҳам бевосита жиноят иши фигурантига айланганини билдирди.

Швецияда бошланган бу жанжал Тошкентда ҳам акс-садо берди.

2012 йилнинг 20 сентябрь куни Узметроном интернет нашри ҳукуматдаги ўз манбаларига таяниб¸ Ўзбекистон бош вазирининг собиқ ўринбосари, Алоқа ва ахборотлаштириш агентлиги собиқ раҳбари Абдулла Арипов (жорий Бош вазир -таҳр.) га нисбатан жиноий иш очилгани ҳақида хабар тарқатди.

Узметроном ўшанда Абдулла Ариповга, жумладан, “Ўздунробита” ширкатига қўшимча ретрансляторлар ўрнатиш учун ноқонуний рухсатномалар берганлик айби қўйилгани ва иш доирасида “Ўздунробита” ширкати мол-мулкинининг давлат фойдасига ўзлаштирилганини ëзган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG