Линклар

Шошилинч хабар
17 май 2024, Тошкент вақти: 06:11

Сурхондарё вилояти ҳокими билан тортишган мактаб директори калтаклаб кетилди


Сурхондарё вилояти ҳокими билан тортишган ўқитувчи Умида Турсунова (видеодан скриншот)
Сурхондарё вилояти ҳокими билан тортишган ўқитувчи Умида Турсунова (видеодан скриншот)

Шу ой бошида Сурхондарё вилояти ҳокими Улуғбек Қосимов билан тортишуви акс этган видео ортидан тармоқларда танилган сариосиёлик мактаб директори Умида Турсунова 30 август куни ўзи ишлайдиган тумандаги 28-мактабда дўппослаб кетилган.

Укаси Фахриддин Турсуновнинг Озодликка айтишича, у ҳозирда Сариосиё туман шифохонасининг жонлантириш бўлимида қолмоқда.

“Бошига стул билан уришган, хушсиз ҳолда касалхонага олиб борилган, боши ёрилган, ҳамма ёқ қон бўлиб ётибди”, деди ҳодисадан икки соат ўтиб хабар топганини айтган Фахриддин Турсунов.

Сурхондарё вилоят прокуратураси тарқатган расмий хабарда айтилишича, Турсунова ўқитувчилардан бирининг "дарс соатларини асоссиз равишда камайтирганлиги сабабли унинг турмуш ўртоғи томонидан урилган" ва "енгил тан жароҳати етказилган".

"Терговга қадар текширув ҳаракатлари натижасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 109-моддаси (қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 277-моддаси (безорилик) 3-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Гумон қилинувчи шахс процессуал тартибда ушланган", дейилади расмий хабарда.

Аммо яқинлари Турсунованинг калтакланишини унинг вилоят ҳокими билан тортишувига боғлашмоқда. Уларга кўра, Умида Турсунова “ёлланган одамлар” томонидан дўппосланган.

Умида Турсунова ўтган ой вилоят ҳокими Улуғбек Қосимов билан зиддиятдан сўнг “майда безорилик”да айбланиб 10 суткалик маъмурий қамоққа ҳукм қилинганди.

26 июль куни юз берган ҳодиса тафсилотлари 3 август куни мажлис акс этган видео тармоқларда тарқалганидан сўнг маълум бўлган.

Умида Турсунова ҳоким ўтказган мажлисда ўзининг ишдан олинишига эътироз билдирган.

Вилоят ҳокими унинг “ўз вазифасини уддалай олмагани”ни айтган. Турсунованинг кескин эътирозидан сўнг ҳоким уни олиб чиқиб кетишга буйруқ берган.

Видеода Турсунованинг ҳокимга қарата айтган “милтиғингиз бўлса отиб ташланг, сиздай вилоят ҳокимига ҳайф” деган сўзларини эшитиш мумкин.

Ижтимоий тармоқларда фойдаланувчилар прокуратурадан чиққан вилоят ҳокимини мансаб ваколатларидан четга чиқишда айблашган.

3 август куни вазиятга аралашган Мактабгача ва мактаб таълими вазири Ҳилола Умарова Турсунова маъмурий қамоқдан озод қилингани ва директор лавозимини бажаришда давом этишини маълум қилган эди.

Охирги ҳодиса президент Шавкат Мирзиёевнинг мактаб директорлари, уларнинг ўринбосарлари ва ўқитувчиларга мурожаатидан 3 кун ўтиб содир бўлмоқда.

28 август куни мактаб таълимига бағишланган ҳукумат йиғилишида президент Мирзиёев ўқитувчилар меҳнатини эъзозлаш ҳақида гапирган.

"Мен сизларнинг тимсолингизда ўз ҳаётини дунёдаги энг улуғ ва олижаноб ишга – янги авлод тарбиясига бағишлаган, ўз касбига содиқ ва фидойи инсонларни кўраман.

Бугун сизлар таълим-тарбия бераётган, қалбини, онгини эзгулик билан тўлдираётган миллионлаб фарзандларимиз эртага Янги Ўзбекистон бунёдкорлари бўлиб бизнинг сафимизга киради.

Ватанимиз, халқимиз сизларнинг бундай олижаноб хизматларингизни ҳеч қачон унутмайди.

Ўқитувчилик касбини эъзозлаш, унинг меҳнатини қадрлаш бундан буён ҳам эътиборимиз марказида бўлади”, деб айтган президент.

Аввалроқ унинг биринчи ёрдамчиси этиб тайинланган тўнғич қизи Саида Мирзиёева отаси ҳокимиятга келганидан сўнг ўқитувчилар “пахта қуллигидан озод этилгани”, таълим сифати яхшилангани ва ўқитувчилар маоши оширилганини даъво қилган.

Форум

XS
SM
MD
LG