Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 05:03

Тадқиқот: 20 млн нафар россиялик тез ёрдам хизматидан вақтида фойдаланиш имконидан маҳрум


Россия соғлиқни сақлаш вазирлиги буйруғига кўра, тез ёрдам 20 дақиқада бемор ёнига етиб бориши керак, бироқ 20 млн россиялик бундай қисқа вақт ичида тиббий ёрдамдан баҳраманд бўлиш имкониятига эга эмас, дейилади “Важние истории” нашри тадқиқотида.

“Росстат” томонидан ўтказилган “Аҳоли турмуш шароитини комплекс кузатиш” натижаларига кўра, 2020 йилда тез ёрдам чақирган сўров иштирокчиларининг ярмидан кўпроғи (54 фоизи) уни 20 дақиқадан кўпроқ кутган. Қиёслаш учун: коронавирус пандемиясига қадар, 2018 йилда бу рақам 39 фоиз эди.

“Росстат” қайдича, тез ёрдамни кутиб қолиш асосан энг аҳолиси кам (200 кишигача одам яшайдиган) қишлоқларда ва аҳоли сони 500 мингдан 1 млн нафаргача бўлган шаҳарларда кузатилмоқда: 2020 йилда тез тиббий ёрдам гуруҳини чақирганларнинг 70 фоизи уни 20 дақиқадан узоқ кутган. Қишлоқларда тез ёрдамнинг етиб бориш вақти ўртача 45 дақиқани, шаҳарларда эса 1 соат 14 дақиқани ташкил қилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги россияликларнинг тез ёрдам хизматига берган бу баҳосидан қониқмаган. Вазирликнинг ўз маълумотига кўра, 2020 йилда 83 фоиз ҳолларда Россия бўйича тез ёрдам чақирилган жойга 20 дақиқага қолмасдан етиб борган. Айни чоғда, бригадаларнинг етиб келиш тезлиги минтақалар бўйича кескин фарқланади.

2020 йилда бу борада энг ёмон вазият Калуга вилоятида кузатилган: у ерда тез ёрдам атиги 45 фоиз ҳолатда 20 дақиқада етиб борган, 22 фоиз бемор эса врачларни бир соатдан ортиқ кутишга мажбур бўлган. Тез ёрдам хизмати энг суст ишлайдиган уч минтақадан бири Рязань вилояти – у ерда фақат 50 фоиз ҳолатда тез ёрдам 20 дақиқада етиб боришга улгурган.

Коронавирус пандемиясига қадар тез ёрдам чақирув жойига тезроқ етиб борарди, дейилади Россия ССВ маълумотномасида. Хусусан, 2019 йилда умуман Россия бўйича 89 фоиз ҳолатда етиб бориш вақти 20 дақиқадан ошмаган, айни чоғда 28 минтақада бу кўрсаткич умумроссия миқёсидаги кўрсаткичдан паст бўлган: мисол учун, Карелияда 69 фоиз ҳолатда бригадалар кечикмай етиб борган. 2020 йилда тез ёрдамнинг 20 дақиқада етиб бориш умумроссия кўрсаткичи 2009–2013 йиллар даражасига қайтган.

Сўнгги йилларда бутун Россия бўйлаб тез тиббий ёрдам ходимлари, айниқса, врачлари сони камайиб бормоқда. ССВ маълумотига кўра, 2020 йилда тез тиббий ёрдам хизматида ўн минг нафар ходим “тез ёрдам шифокори” мутахассислиги бўйича ишлаган. 2000 йил билан қиёслаганда улар сони икки бараварга камайган. Бу аҳолининг тез ёрдам врачлари билан таъминланганлик даражасига ҳам таъсир қилди: бу кўрсаткич 20 йилда 40 фоизга пасайган: 2000 йилда 100 минг аҳолига 12 врач тўғри келган бўлса, 2020 йилда атиги 7 нафар.

2008 йилдан бери Россиянинг 57 минтақасида шифокорлар сони икки баравардан ортиққа қисқариб кетган. Бу борада Ульянов вилояти пешқадам бўлган: минтақада шифокорлар сони 2008 йилга қиёсан олти карра камайган.

Бутун Россия миқёсида 100 минг нафар аҳолига “тез тиббий ёрдам шифокори” мутахассислигига эга етти шифокор тўғри келса, 49 минтақада бу кўрсаткич умумроссия кўрсаткичидан паст. Калуга, Ульянов, Курган, Брянск ва Челябинск вилоятлари, Қорачой-Черкасия ҳамда Яҳудийлар мухтор вилоятида 100 минг кишига атиги икки нафар тез ёрдам шифокори тўғри келади.

XS
SM
MD
LG