Линклар

Тожикистонда чет элда таълим олган имом-хатиблар вазифаларидан бўшатилади


Душанбедаги жоме масжид

Тожикистон Дин қўмитаси хорижий давлатлардаги исломий ўқув юртларда таълим олган диний ходимлар мансабларидан озод этилишини эълон қилди. Дин қўмитасига кўра, бундай қарор қабул қилинишига “айнан шундай шахсларнинг жиноятларга қўл ургани” сабаб бўлган.

Покистон пойтахти Исломобод Исломий университетини битирган Тожикистон муфтийси Сайидмукаррам Абдулқодирзода Дин қўмитаси қарорини олқишлаб чиқди.

У Озодлик радиоси билан суҳбатда, агар зарур бўлса, ўзи ҳам истеъфо беришга тайёрлигини айтди.

- Агар менинг мансабдан воз кечишим мамлакатдаги муаммоларни ечишга ёрдам берса, мен истеъфо беришга тайёрман. Мен учун мамлакатдаги тинчлик ва барқарорлик ҳар бир мансабдан юқори туради, - деди Тожикистон муфтийси.

Тожикистон Дин қўмитасининг матбуот котиби Афшин Муқимнинг Озодликка айтишича, келгуси 15 кун давомида хорижий диний ўқув юртларда таълим олганларнинг диний ташкилотларда фаолият кўрсатиши масаласи ҳал бўлиши кутилмоқда.

-Ушбу тақиқ, асосан, ноқонуний йӯллар билан хориждаги исломий мадрасаларни битирган шахсларга тааллуқли бӯлиб, Тожикистон Дин қўмитаси ижозати билан таълим олганларнинг фаолиятига таъсири йӯқ, - деди Афшин Муқим.

2 ноябрда Тожикистон Дин қўмитаси раисининг биринчи муовини Амирбег Бекназаров имзолаган расмий мактубда хорижий давлатлардаги диний мадрасаларда таълим олган дин ходимларига “ўзларига муносиб иш жой топиш” тавсия қилинган.

Агар менинг мансабдан воз кечишим мамлакатдаги муаммоларни ечишга ёрдам берса, мен истеъфо беришга тайёрман.
Тожикистон Дин қўмитасининг бошлиғи

Мактубда таъкидланишича, охирги йилларда мамлакатда содир этилган экстремистик амалларда “бундай шахсларнинг қўллари борлиги маълум бўлган”.

Расмий маълумотларга кӯра,Тожикистонда охирги икки йил ичида хорижда таълим олган ўнлаб масжид имомлари, ноқонуний гуруҳлар билан ҳамкорлик қилишда айбланиб, қӯлга олинган.

Жумладан, шу йил ёзида Тожикистон шимолидаги Бобожон Ғафуров туманида 7 масжид имоми ва диний ходимлари “Иҳвон-ул-муслимин” экстремистик гуруҳига аъзолик айблови билан қамоқга олинди.

Хорижий давлатларда диний таълим олаётган тожикистонликларни ватанига қайтариш жараёни 2010 йилда бошланиб, ўшандан буён Миср, Эрон, Покистон ва Туркиядаги диний мадрасаларда таълим олаётган 1500 талаба Тожикистонга қайтарилди.

Тожикистон президенти Имомали Раҳмон ӯшанда исломий мамлакатлардаги мадрасаларда ноқонуний диний таълим олаётган ёшларнинг аксари экстремистик ва террористик гуруҳларга қӯшилиб кетиши мумкинлигидан хавотир билдирган эди.

Сизнинг фикрингиз

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG