Линклар

Шошилинч хабар
17 Avgust 2026, Toshkent vaqti: 16:00

Толибон ҳукмронлигидаги Афғонистон: беш йиллик инқироз, яккаланиш ва кучайиб бораётган қаршилик

Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Файзобод туманида дарсдан уйга қайтаётган ўқувчи қизлар. Толибон ҳукмронлиги остида 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқиши тақиқланган. Архив сурати.
Афғонистоннинг Бадахшон вилояти Файзобод туманида дарсдан уйга қайтаётган ўқувчи қизлар. Толибон ҳукмронлиги остида 12 ёшдан ошган қизларнинг мактабда ўқиши тақиқланган. Архив сурати.

Ҳуқуқсизлик, камайиб бораётган даромад ва оғирлашаётган турмуш шароити — Толибон ҳукмронлигининг беш йили Афғонистонни ўзгартирди. Аммо бу ўзгаришлар кўпчилик афғонлар орзу қилганидек бўлмади.

Йўл четидаги бомбали ҳужумлар ва рақиб гуруҳлар ўртасидаги қуролли тўқнашувлар анча камайди. Бироқ мамлакат ҳамон чуқур иқтисодий инқироз, миллионлаб кишини ёрдамга муҳтож қолдирган оғир гуманитар вазият ва деярли тўлиқ халқаро яккаланиш гирдобида. Бунга Толибоннинг инсон ҳуқуқларини поймол қилиши, айниқса аёллар ва қизларни жамият ҳаётидан тизимли равишда четлатиши сабаб бўлмоқда.

Кўплаб афғонлар учун умид ҳали бутунлай сўнмаган. Аммо сўнгги беш йил уни қаттиқ синовдан ўтказди.

"Кобулда 20 йилдан бери такси ҳайдайман. Аммо сўнгги беш йилда илгари ҳеч қачон кўрмаган қийинчиликларга дуч келдим", — деди такси ҳайдовчиларидан бири Толибон ҳукмронлиги давридаги молиявий аҳволи ҳақида Озодликка.

"Истагим битта: ҳалол меҳнат қилиб, рўзғор тебратиш", — деди 40 ёшлар ўртасидаги ҳайдовчи деярли ўзи билан тенгдош таксиси ёнида.

The Day Kabul Fell: Five Years After The Taliban Takeover In Afghanistan
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:48 0:00

Толибон 2021 йил августда халқаро кучлар Афғонистондан чиқиб кетаётган бир пайтда ҳокимиятни эгаллади. Улар хорижий ёрдамга қаттиқ боғланган, тузилмавий жиҳатдан заиф иқтисодиётни мерос қилиб олди.

Аммо Толибон сиёсати, айниқса аёллар ва қизларнинг уйдан ташқаридаги жамоат ҳаётидан деярли бутунлай четлатилиши ортидан хорижий маблағлар оқими тўхтаб, ёрдам деярли қуриб қолди.

Эндиликда йирик бизнес эгаларидан тортиб чакана савдогарлар, юк ва йўловчи ташувчилар ҳамда мардикорларгача бўлган афғонлар Толибон ҳукмронлиги даврида даромадлар камайиб, иқтисодий имкониятлар қисқариб бораётганидан шикоят қилмоқда.

"Ўрта асрларга хос бошқарув усули"

2025 йил апрелида эълон қилинган Жаҳон банки ҳисоботида Толибон бошқарувидаги Афғонистонда «қашшоқлик, озиқ-овқат етишмовчилиги ва тўйиб овқатланмаслик долзарб муаммолар бўлиб қолаётгани» айтилган. Ишсизликнинг юқорилиги ва аёлларга қўйилган чекловлар аҳолининг тирикчилик қилиш имкониятларини янада оғирлаштирмоқда.

Қизларнинг ўрта мактабларга қамрови атиги 3 фоизни ташкил этаётган бир шароитда, Жаҳон банки «ёш аёлларнинг бир авлодини қашшоқлик ва қарамликка маҳкум келажак кутаётгани»дан огоҳлантирган.

"Толибон XXI асрнинг мураккаб муаммоларига дуч келган мамлакатни ўрта асрларга хос усуллар билан бошқармоқда", — деди Белфастдаги Қиролича университети профессори Майкл Семпл.

Ўнлаб йиллик можаролардан сўнг Толибон мамлакатда нисбий осойишталикни тиклади.

Портлашлар ва хавфсизлик билан боғлиқ таҳдидлар камайди. Бироқ таҳлилчиларнинг айтишича, режим асосий вазифаларни ҳал этиш — иқтисодий барқарорликни таъминлаш, самарали бошқарувни йўлга қўйиш ва аҳоли турмуш даражасини яхшилаш учун деярли ҳеч нарса қилмади.

Толибон барча демократик институтлар ва маслаҳат органларини тугатиб, қарор қабул қилиш ваколатини жамоатчилик кўзига кам кўринадиган раҳбари Мулла Ҳайбатулло атрофида марказлаштирди. У бошқарувни яхшилаш ва иқтисодий фаровонликка эришиш бўйича кенг қамровли дастур ёки аниқ йўл харитасини тақдим этмай, кетма-кет фармонлар чиқармоқда. Уларнинг аксарияти қизлар ва аёлларга тааллуқли.

Қарор қабул қилиш маркази асосан пойтахт Кобулдан мамлакат жанубидаги олис Қандаҳор вилоятига кўчди. Қандаҳор — 1990-йиллар ўрталарида Толибон ҳаракати пайдо бўлган ҳудуд.

Айни пайтда, асосан этник пуштунлардан ташкил топган, илдизлари Афғонистоннинг жануби ва жануби-шарқига бориб тақаладиган Толибон барча даражадаги ҳокимиятни ўзининг юқори мартабали раҳбарлари, қўмондонлари ва аъзолари қўлида жамлади.

"Толибон учун энг катта муаммо — уларда давлатни бошқариш модели йўқлиги", — деди Вашингтонда яшовчи афғон таҳлилчиси Муштоқ Раҳим. У 2021 йил августгача Кобулда самарали бошқарувга оид турли давлат ва нодавлат лойиҳаларида иштирок этган.

"Улар Афғонистонни фақат анъанавий тартиблар асосида бошқармоқда. Бу эса халқаро меъёрларга мос келмайди", — деди Раҳим Озодликка.

Унинг қўшимча қилишича, Толибоннинг анъанавий бошқарув тизимига ёпишиб олишининг асосий сабаби — "бу ишни мустақил амалга ошириш учун уларда на салоҳият, на малака бор, айни пайтда улар ташқи ёрдамни ҳам қабул қилмайди".

Самарали бошқарувнинг йўқлиги ва иқтисодий беқарорликнинг кучайиши Афғонистон яна хавфсизликсизлик ўчоғига айланиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирларни оширмоқда.

Лондонда яшовчи афғон таҳлилчиси Сами Юсуфзайнинг фикрича, сўнгги беш йил ичида Толибон оддий афғонларни ўзидан узоқлаштирди ва улар энди «ўз юртида ўзини бегонадек ҳис қилмоқда».

"Толибон асосан қишлоқ муҳитида шакллангани боис, миллий бирликдан кўра гуруҳга садоқатни устун қўяди", — деди Юсуфзай Озодликка.

Семпл ҳам "аҳоли Толибондан бегоналашган", деб ҳисоблайди. Унинг айтишича, Толибон «янада кенг вакилликка асосланган тизимга йўл очиши мумкин бўлган сиёсий жараённи бошлашга қаратилган ҳар қандай уринишни тўсмоқда".

Семпл хавотирли бир ҳолатга ҳам эътибор қаратди: яқинда камида учта гуруҳ Толибонга қарши қуролли кураш бошлаганини эълон қилди. Бу гуруҳлар Тожикистон, Покистон ва Хитой билан чегарадош, табиий ресурсларга бой Бадахшон вилоятида фаолият юритмоқда.

"Қуролли қаршилик кучаймоқда", — деди у.

Семплнинг таъкидлашича, кўплаб вилоятларда жиноятчилик тўлқини кузатилмоқда. Толибоннинг ўзи эса "судсиз қатллар ва одамларни мажбуран ғойиб қилиш"да айбланмоқда.

"Толибон ҳукмронлигининг узоқ давом этишига хизмат қилаётган асосий омил — аҳолини жойларда сафарбар эта оладиган самарали қаршилик кучининг йўқлигидир", — деди Семпл.

Халқаро муносабатлар

Толибон мамлакат ичидаги муаммолар билан курашар экан, халқаро ҳамжамият билан алоқаларни кенгайтиришга ҳам ҳаракат қилмоқда. Таҳлилчилар бу уринишлар, ҳеч бўлмаганда қисман, хорижий ёрдам ва сармоя жалб қилиш ҳамда иқтисодиётни барқарорлаштириш мақсади билан боғлиқ деб ҳисоблайди.

Халқаро кучлар ҳали Афғонистонда турган ва ҳукумат хориждан келаётган маблағлар ҳисобига қўллаб-қувватланган 2020 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти қарийб 20 миллиард долларни ташкил этган.

Жаҳон банки маълумотига кўра, бу кўрсаткич 2021 йилда кескин пасайиб, 14 миллиард доллардан сал кўпроқни ташкил этган. Хориждан юборилаётган пул ўтказмалари ҳисобига иқтисодиёт бироз тикланган бўлса-да, оддий афғонларнинг турмуш даражаси ёмонлашишда давом этмоқда.

Россия Толибон ҳукуматини расман тан олган ягона мамлакатдир. Шу билан бирга, Толибон Хитой, Ҳиндистон, Бирлашган Араб Амирликлари ва Марказий Осиёнинг айрим давлатлари билан яқинроқ алоқалар ўрнатишга муваффақ бўлди.

Халқаро майдонга чиқишга қаратилган ҳаракатлар кучайганининг бир белгиси сифатида, Толибон делегацияси июнь ойида Брюсселга борди. У ерда Европа комиссияси ва Евроиттифоққа аъзо 15 давлат вакиллари билан илк бор ёпиқ эшиклар ортида техник музокаралар ўтказилди. Учрашувларда миграция, бошпана сўрови рад этилган афғонларни депортация қилиш ва консуллик соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди.

Европа сиёсати маркази баҳсларга сабаб бўлган бу ташрифни "аста-секин одатий муносабатларга ўтиш" деб атади. Толибон эса уни ишончни мустаҳкамлаш ва халқаро дипломатик иштирокини кенгайтириш сари ташланган "тарихий" қадам сифатида баҳолади.

Бироқ музокаралар кун тартибида ёрдам масаласи бўлмаган. Евроиттифоққа аъзо бирор давлат ҳам Толибоннинг амалдаги ҳокимиятини расман тан олишга тайёр кўринмайди.

Айни пайтда, таҳлилчиларнинг фикрича, Толибон ҳокимиятни сақлаб қолиш учун янада кенг вакилликка асосланган бошқарув тизимига йўл очиши мумкин бўлган сиёсий жараённи бошлашга қаратилган ҳар қандай уринишни тўсишда давом этади.

"Менимча, Толибон амирлигининг ағдарилиши учун барча эҳтимоллар мавжуд. Аммо уни ағдариши мумкин бўлган куч ҳали майдонга чиққан эмас", — деди Семпл.

XS
SM
MD
LG